Ўзбекистон | 17:22 / 08.04.2024
9648
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғда одамларга номаълум ҳайвон ҳужум қилгани айтилди

Масъулларга кўра, бу оддий дайди мушук бўлиб, жабр кўрган фуқаролар тиббий назоратга олинган.

Kun.uz’га бу ҳақда маълум қилган фуқаро Гулистон маҳалласида силовсинга ўхшаш номаълум ҳайвон бир нечта одамга ҳужум қилиб, жароҳат етказганини билдирди. Ўша ҳайвон қутуриш эҳтимоли билан текширилгани, одамлар эса кўчада ёлғиз юришга қўрқаётгани иддао қилинди.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Kun.uz'га маълум қилишича, ваҳима кўтаришга асос йўқ. Ўша ҳайвон оддий мушук бўлиб, тўрт кишини тирнаган. Уларнинг соғлиғи назоратга олинган. Мушук эса жароҳатланганлар томонидан йўқ қилинган.
Kun.uz ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги маркази бошлиғи Убайдулла Пирназаровдан изоҳ олдик.
 
“Эгасиз мушук бир оиланинг бир нечта вакилига жароҳат етказгани сабабли бизга мурожаат қилишди. Қоидага кўра, ҳужум қилган ҳайвонни тирик ҳолда кўпи билан ўн кун сақлаб туриш орқали қутурган-қутурмаганини биламиз. Бироқ жабр кўрганлар уни уриб ўлдириб қўйишибди. Ҳар эҳтимолга қарши ундан намуна олиб, лабораторияга жўнатдик. Ташхис натижаси 25 кунда маълум бўлади. 

Мушук тирнаган фуқаролар эса тиббий назоратда, керакли дори-дармонларни қабул қилишяпти. Агар мушукни ўлдириб қўйишмаганда, текширув жараёни анча тез ва осон бўларди”, – деди Убайдулла Пирназаров. 

Соҳа мутахассиси ўша ҳайвонни ўз кўзи билан кўргани ва у ҳақиқатан ҳам оддий мушук эканини қўшимча қилди.

Мавзуга оид