Биз сайт ишлашини яхшилаш ва сизга қулайлик яратиш учун cookies-файллардан фойдаланамиз. Давом этиш орқали сиз cookies-дан фойдаланишга розилик билдирасиз Махфийлик сиёсати Kun.uz
12 октябрь куни пойтахтнинг Яккасарой туманидаги хонадонга чақирув асосида етиб борган тез тиббий ёрдам шифокорлари беморнинг ўғли томонидан калтакланганди.Низога шифокор ва фелдшер аёлнинг бемор эркакни замбилда олиб тушмагани сабаб бўлган.
Ҳодиса 12 октябрь куни Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг ҳовлисида рўй берган. Чақирув асосида айтилган манзилга етиб борган тез тиббий ёрдам хизмати шифокори Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И. беморга тиббий ёрдам кўрсатган.
Бироқ аҳволи ўта оғир бўлгани сабабли беморни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. Беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, уларнинг бирига қўл кўтарган.
Kun.uz мухбири ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанаётган фельдшердан воқеа тафсилотлари сўраб-суриштирди.
Унинг айтишича, беморни пастга, тез ёрдам машинасига олиб тушишда уйнинг лифти кичиклиги боис уни оиласининг розилиги билан қўлда опичлаб кўтариб олиб тушишларига тўғри келган. Бемор пастга олиб тушилгач, унинг ўғли шифокорларга қўпол муносабатда бўлган.
“Ўзаро суҳбатда дадасини кўтариб олиб чиққанини “сенларнинг вазифангни ҳам мен қиляпман” деган гап асосида тўполон-жанжал бошланди. Агар биз беморни замбилга солиб, зинадан олиб тушганимизда кўп вақт ютқазардик, беморни йўқотишимиз мумкин эди”, дейди жабрланувчи.
Жабрланувчи. Фото: Kun.uz
Жанжал пайтида фельдшер аёлнинг кўкрак қафаси қисмига беморнинг ўғли тарафидан қаттиқ зарб берилган. Кучли оғриқ таъсирида бўлса-да, аёл беморни шифохонага олиб келгунча ёнида бўлиб, хизмат мажбуриятини якунлагани, кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотганини айтмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Травматология бўлими бошлиғи Файзулла Миржалиловнинг айтишича, беморга бирламчи кўкрак қафаси лат ейиши ва бош миянинг чайқалиши ташхиси қўйилган. Унинг бугунги аҳволи кечагидан кўра бироз яхши.
Файзулла Миржалилов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Травматология бўлими бошлиғи. Фото: Kun.uz
Тиббиёт ходимларининг калтакланиши билан боғлиқ бундай ҳолат биринчи марта содир этилаётгани йўқ. Ҳатто бир шифокор ўз хизмат даври мобайнида бир неча бор фуқароларнинг кескин ҳаракатларидан азият чекиши ҳам мумкин. Жумладан, бемор Ж.Х.нинг ўзи ҳам уч йиллик фаолияти давомида иккинчи бор бундай вазиятнинг гувоҳи бўлаётганини айтади.
“Биринчи марта уриш даражасида бўлмаган. Унда ўзимиз муроса қилиб, келишувга эришганмиз”, дейди у.
Шифокор Файзулла Миржалилов илгарилари ҳар ҳафта шундай ҳолатлар бўлиб турганини, шифокорларга қўл кўтарувчиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилиши эълон қилингани ортидан тиббиёт ходимларига тажовузлар анча камайиб қолганини айтади.
“Халқ ҳам шифокор ва ҳамшираларнинг улар учун хизмат қилаётганини тушуниб қолишган эди. Уларнинг обрў-эътибори, мавқейи кўтариляпти, деб ўйлагандик. Яна шу аҳвол: Биринчи шифокорни, кейин фельдшерни калтаклашлари... Билмадим, тезроқ бу қонунни чиқариш керак”, дейди шифокор.
Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани, жараён Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олингани, суриштирув натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини маълум қилган.