Жамият | 15:12 / 23.11.2025
7757
2 дақиқада ўқилади

 “50 тоннагача ҳосил оламиз” — Қувадаги сабзи пайкалига саёҳат

Қува туманининг Акбаробод қишлоғида қизил сабзининг энг олий нави етиштирилади, чунки ери унумдор, суви яхши. Айни пайтда қиров еган сабзилар йиғиштириб олиниб музлаткичларга жойланяпти.

Далага борганимизда сабзи теримига жалб қилинган бир гуруҳ аёллар тушлик қилаётган экан.

“Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан 20-30 нафар аёл келиб Қува туманида сабзи йиғиштирамиз. Трактор култивация қилиб кетади. Биз сабзини бандидан олиб тозалаб берамиз, эркаклар қопга солиб беради.

Тўлқиной Тўхтасинова

Сабзиларни бозорларга, музлаткичларга олиб кетишяпти. Фермерларимиз кунлик ишларни ташкил қилиб беришяпти. Ҳар куни иш бор. Кунига 120, 130 минг пул ишлаймиз. Пахта мавсумида пахта терамиз”, дейди Тўлқиной Тўхтасинова.

Деҳқонлар гектаридан ўртача 50 тоннагача ҳосил олишади. Ҳар йили сабзи сотиб олиб махсус музлаткичда сақлаб баҳордан сотувга чиқарадиган табдиркорнинг айтишича, даланинг ўзида айни пайтда 1 кг қизил сабзи ўртача 2 000 сўмдан сотилаётган экан.

“Музлаткичлар ўртача 100 тоннадан 120 тоннагача сабзи қабул қилади. Музлаткич эгаси ҳар бир кг сабзи учун 100 сўмдан ойлик ижара ҳақи олади. 100 тонна сабзи учун то баҳоргача ҳар ой 10 миллион сўмдан ижара пули бераман. Баҳордан бошлаб секин-аста бозорларда сабзи танқис бўлиб, нархлар силжишни бошлайди.

Ўша пайтдан бошлаб сабзиларни сотишни бошлаймиз. Қўшни республикаларга вилоятимиздан сабзи экспорт ёки импорт бўлиши ҳисобига нарх исталган пайтда ўзгариши мумкин. Бундай ташқари сабзи нархининг ўзгариши ва истеъмол миқдори бевосита шоли ҳосилдорлигига ҳам боғлиқ. Гуруч нархи пасайса сабзи истеъмоли ортади. Истеъмол ортиши нархларга таъсир қилади”, дейди тадбиркор.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид