Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент 2021 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қашқадарё вилоятида ҳамда республика сув таъминоти, электр энергияси етказиб бериш соҳаларида жорий йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Жорий йилда Қашқадарё вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган жами 1 минг 125та лойиҳада асосий эътибор иқтисодий самарадорлик ва аҳоли бандлигига қаратилган.
Жумладан, вилоят ҳудудида 261 млн тонна цемент хомашёси захираси борлиги Геология қўмитаси томонидан тасдиқланган бўлиб, шундан 84 фоизини ўзлаштириш учун лойиҳа ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа асосида 2021 йил якунига қадар йилига 1 млн 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилади.
Вилоятда чорва кўплиги сабабли йилига 300 минг дона тери чиқади. Бугунги кунда терини қайта ишлаб чиқиш заводида 1 млн дона вет-блю тайёр тери маҳсулоти Хитойга 15 доллардан экспорт қилинмоқда. Таҳлиллар натижасида 1 метр вет-блю тери хомашёсидан 5 жуфт пойабзал тайёрлаш мумкинлиги аниқланди. Ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ишчи ўринлар яратиш мақсадида ушбу тери маҳсулотидан пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Чироқчи туманида гипсокартон, пардозбоп тошлар, газбетон, темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 210 млрд сўмлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш уй-жойлар қурилишида 1 квадрат метр таннархини 25 фоизгача қисқартириш имконини беради.
Аввал ўтказилган тақдимотларда Қашқадарё вилоятининг ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 52 фоиз эканлиги ҳақида маълумот берилган эди ва жорий йил якунига қадар бу кўрсаткични 79 фоизга ошириш мақсад қилинганди. Сув билан таъминланганлик ҳақидаги ушбу кўрсаткич давлат раҳбарида шубҳа уйғотганлиги сабабли мазкур масала қайта ўрганиб чиқилди.
Маҳаллабай ўрганиш натижасида вилоятдаги жами 771та маҳалладан 342таси бугунги кунда умуман ичимлик суви билан таъминланмагани, 292та маҳаллада қисман ичимлик сув борлиги, 137таси ичимлик сув билан таъминлангани аниқланди. Бундан кўриш мумкинки, вилоятда ичимлик сув билан таъминланиш даражаси реал ҳолатда 37 фоизни ташкил қилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда айни пайтда ичимлик сув етиб бормаган маҳаллаларга сув етказиб бериш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Эндиликда бутун республика бўйлаб шу тарзда ўрганиш ишлари бошланган. Яқин 15 кун ичида бу жараён якунига етиб, республика миқёсида ичимлик сув билан таъминланиш даражаси қай аҳволда эканлиги маълум бўлади.
Шунингдек, электр энергетикаси соҳасида 2021 йилда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Республика бўйлаб 84та подстанция мавжуд бўлиб, шундан 27таси эскирган ва уларни янгилаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар белгиланган. Хусусан, 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформаторни янгилаш режалаштирилган. Бу ишлар натижасида Ўзбекистондаги 5 минг 377та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади.
Бундан ташқари, юзага келаётган электр энергиясидаги етишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика тизимида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Яъни аҳолининг электр энергияси истеъмоли ортган вақтда юзага келадиган талаб шу орқали қондирилади. Энергетика тизимида бажариладиган бу лойиҳа учун жами 14,7 млн доллар маблағ йўналтирилади.
Мавзуга оид
09:13 / 06.12.2025
Хизматдаги ЙПХ ходимини видеога олиб, тармоққа жойлаш – маъмурий қамоқ билан тугади
11:06 / 30.10.2025
Пeтер Пеллегрини Самарқандга амалий ташриф билан етиб келди
08:48 / 30.10.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО 43-сессиясининг очилишида қатнашади
20:04 / 29.10.2025