Иқтисодиёт | 16:23 / 30.05.2021
17716
8 дақиқада ўқилади

Давлат иштирокидаги корхоналар сони 4 йилда 75 фоизга қисқартирилади. Хусусийлаштириш нега керак?

Айни пайтда Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 минг 541тани ташкил этади. 2021–2025 йилларда мазкур рақамни 75 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Бу иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига қандай таъсир этади? Давлат активларини хусусийлаштириш нега керак?

Фото: Shutterstock

Давлат улушидаги мулклар, корхоналар нега хусусийлаштирилади, бунинг иқтисодий ўсишга таъсири қандай, деган савол охирги пайтларда йирик давлат корхоналари сотила бошлагани боис кўпроқ янграмоқда.

Мавзу марказидаги мунозарали масала эса – Ўзбекистон бу борада етарли тажрибага эга эмаслиги ва сотувлар шаффофлигига ишонч пастлиги билан боғлиқ.

Қанча давлат активлари хусусийлаштирилади?

Давактив агентлиги айни пайтда Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 минг 541та экани, шулардан ярми (1 минг 210та) унитар корхона шаклида ташкил қилинганини очиқлади. Агентлик маълумотига кўра, 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияда 4 йил ичида давлат иштирокидаги корхоналар сони 75 фоизга қисқартирилиши белгиланган.

Хусусан, шу йил охирига қадар 550дан ортиқ давлат активлари, жумладан, Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес маркази, «Малика» савдо маркази, «Ичан қалъа» меҳмонхонаси ва маъмурий мажмуалар, бир неча банк, йирик мулк комплекслари сотилиши кутилмоқда.

2020 йилдаги президент фармонида давлатга тегишли 479та корхона ва 15та кўчмас мулк савдоларга қўйилиши, 62та корхона хусусийлаштиришга тайёрланиши, 32та корхона ва тармоқ трансформация қилиниши ва 507та бозор фаолияти такомиллаштирилиши белгиланган. Бундан ташқари, илгариги қарорларда кўрсатилган 386та ҳамда сотиш ваколати ҳокимларга берилган 559та объект савдоларга чиқарилади.

Хусусийлаштириш нега керак?

Давлат корхоналарини хусусийлаштириш иқтисодиёт ривожланишига сезиларли ижобий таъсир кўрсатиши жаҳон тажрибасидан маълум. Айни пайтда давлатнинг йирик корхоналарга эгалик қилиш кўрсаткичининг пастлиги бўйича Япония (5 фоиз) дунёда юқори ўринда туради. Бу кўрсаткич бошқа ривожланган мамлакатлар, хусусан, АҚШда 11 фоиз, Германияда 18, Жанубий Кореяда 22 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса катта корхоналарнинг 55 фоизига давлат эгалик қилади.

Мутахассисларга кўра, давлатнинг иқтисодиётда юқори даражада иштирок этиши ўзаро рақобатга халақит беради, монополия, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви каби жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Афсуски, бизда бу муаммолар ҳозир ҳам йўқ эмас. Балки бунга ечим сифатида ҳам хусусийлаштиришга урғу берилаётгандир. Қолаверса, бир қанча йирик давлат активлари борки, улар иқтисодиётга ортиқча юк бўлишда давом этмоқда.  

Ўз навбатида, ҳукумат томонидан кўплаб давлат корхоналари фаолияти самарасизлиги айтиб келинади. Масалан, ўтган йилги йиғилишлардан бирида президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги муаммолар учун масъулларни танқид қилганди.

«Очиқ айтиш керак, олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти», деганди у.

Яқинда молия вазири Тимур Ишметов иккита кичик банк сотувга қўйилгани, камида битта йирик банкни шу йилнинг охиригача хусусийлаштириш режалаштирилганини айтди.

«Бу фақатгина ижобий натижага олиб келади. Биринчидан, Молия вазирлиги сифатида давлат банкларидан, яъни қанақадир боқимандалардан қутуламиз. Чунки улар доим пул ва ресурс сўрайди. Фақат харажат. Иккинчи томондан, бу албатта сифат олиб келади», деди вазир.

Бундан чиқди, бошқарув самарадорлиги юқори бўлмаган, фақат зарарга ишлайдиган давлат корхоналарини хусусийлаштириш биринчи галда бюджет учун муҳим. Харажатларни камайтириш учун керак.

Қолаверса, узоқ йиллар мобайнида ва ҳозир ҳам давлат улушидаги корхоналарнинг катта қисми даромадлар хусусийлаштирилиши, зарарлар эса умумлаштириладиган тизимда ишлаб келади. Гарчи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярми айнан шу корхоналар ҳиссасига тўғри келса ҳам, уларнинг кўпчилиги самарасиз фаолият кўрсатади. Мазкур корхоналар давлат учун қўшимча юк бўлади ҳамда уларга берилган тариф, солиқ ва бошқа имтиёзлар сабабли ушбу соҳадаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатилади.

Хусусийлаштириш эса солиқлар тушуми ортиши ҳамда корхоналарнинг модернизация қилинишида ижобий натижа бериши мумкин. Шу билан бирга, иқтисодиётдаги муҳим бўғин – хусусий сектор ривожланишига кенгроқ йўл очилади.

Ўз навбатида, айни пайтга келиб хусусийлаштириш жараёнлари анча жадаллашганини таъкидлаш керак. Бу давлатнинг мазкур муаммоларга ечим топишга интилаётганидан далолат бўлиши мумкин. 

Хусусийлаштириш жараёнида кўзланган натижаларга эришишдаги бош мақсад эса халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, шаффоф ва рақобат тамойиллари асосида, инвесторлар манфаатларини инобатга олиш бўлиши лозим.

Бир томондан, фаолияти самарасиз кечаётган корхоналарнинг ишбилармон инсонларга сотилиши ва натижада ишлар юришиб кетиши яхши, албатта. Аммо уни оптимал нархларда, ишончли тадбиркорга сотиш муҳим аҳамиятга эга. Шундагина мулк ўзининг чинакам эгасига етади, ўша корхона ривожланиши эвазига давлат ва халқ манфаатдорлиги ортади.

Хусусийлаштиришдаги муаммолар ҳақида

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўтган 30 йил давомида 33 мингдан зиёд давлат корхоналари ва объектлари хусусийлаштирилган экан.

Аммо давлат мулкини бошқариш, хусусийлаштириш ва бу бўйича аукционлар ўтказиш каби масалаларда тўғридан тўғри амал қилувчи, қолаверса, замон талабларига жавоб берадиган қонунлар мавжуд эмас.

Тўғри, хусусийлаштириш бўйича 1991 йилда қабул қилинган қонун бор, лекин унда 30 йил олдинги, эски тартиблар мужассам. Демак, хусусийлаштириш жараёни самарали, тизимли ва аниқ талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш учун биринчи галда қонунчилик базасини мустаҳкамлаш зарур.

Яна бир муаммо шундаки, шу пайтга қадар минглаб давлат корхоналари хусусийлаштирилган бўлса-да, соҳада ҳамон жаҳон стандартларига мос тизим жорий этилмаган. Шу сабабдир, бир қатор халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик қилина бошлангани айтилмоқда. Аммо хусусийлаштириш жараёни аллақачон бошланган экан, тажрибаларни ўзлаштириш тез суръатларда бўлиши зарурлиги ойдинлашади.

Кейинги ўринда хусусийлаштириш жараёнининг холис ва шаффофлиги туради. Бунда албатта жамоатчилик иштироки керак. Лекин бу бўйича ҳам айтарли яхши натижаларга эришилмаган.

Хусусийлаштириш жараёни, унинг натижалари юзасидан парламент ва жамоатчиликка доимий ҳисобот беришни йўлга қўйиш вақти келди. Тўғри, Давактив агентлиги давлат улушидаги корхоналар савдоси бўйича эълонлар бериб бормоқда. Лекин сотиш ёки сотмаслик масаласи жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ҳам муҳим.

Шунингдек, йирик активли корхоналарни хусусийлаштириш натижасида иш ўринлари қисқариши эҳтимоли юқори. Бунинг ортидан бандлик муаммолари келиб чиқиши ҳам мумкин. Бундай шароитда ишсиз қолганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ишлаб чиқиш талаб этилади. Лекин ҳозирча бу ҳақда маълумотлар берилмаган.

Умуман олганда, хусусийлаштириш қанчалик холис, давлат ва халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда кечса, республика учун шунча фойдали натижалар олиб келади. Агар амалдорлар ўз манфаатларини кўзлаб давлат мулкини тендерлар-у аукционларсиз ёки бошқа ноқонуний йўллар билан сотишга уринса (бундай хабарлар тез-тез учраб туради), бу бутун мамлакат, Ўзбекистон халқига хиёнатдир.

Исломбек Умаралиев

Мавзуга оид