Жаҳон | 19:49 / 05.03.2026
6632
3 дақиқада ўқилади

Алиев Нахичивон аэропортига дрон зарбасини теракт деб атади

Озарбойжон президенти Эрон ҳукуматидан изоҳ бериш ва узр сўрашни талаб қилди.

Фото: Minval Politika

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Нахичивон шаҳридаги аэропорт ва Шакаробод қишлоғидаги мактабга Эрон дронлари ҳужум қилиши муносабати билан Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди.

Алиев рўй берган ҳодисани «жирканч теракт» деб атаган.

«Озарбойжон томонига Эрон расмийлари томонидан тушунтириш берилиши, кечирим сўралиши, ушбу террорчилик ҳаракатини содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши керак», – деган у.

Озарбойжон президенти ўз мамлакати Эронга қарши амалиётда иштирок этмаётгани ва бундан кейин ҳам иштирок этмаслигини қайд этган. «Биз қўшни давлатларга қарши қандайдир операция ўтказишдан манфаатдор эмасмиз ва сиёсатимиз ҳам бунга йўл қўймайди», – Алиев.

Алиев дронлар билан боғлиқ ҳодисани «ношукрликнинг ёрқин намунаси» деб баҳолади ва оятуллоҳ Али Хоминаий ўлдирилганидан кейин ундан бошқа ҳеч бир давлат раҳбари Эрон элчихонасига таъзия билдириш учун шахсан ташриф буюрмаганини, шунингдек, Озарбойжон эронлик дипломатларни Ливандан эвакуация қилишда ёрдам кўрсатганини эслатди.

«Бизга қарши террорчилик ҳаракатини амалга оширган виждонсиз одамлар бунинг учун афсусланади. Улар бизнинг сабримизни синаб кўрмаслиги керак эди», – деган у.

Алиев Эрон элчиси ТИВга чақиртирилиб, норозилик нотаси топширилганини маълум қилди ва бошқа дипломатик қадамлар ҳам бўлишига ваъда берди.

У қуролли кучлар, Давлат чегара хизмати ва бошқа барча махсус кучлар «биринчи даражали сафарбарлик ҳолатига келтирилгани ҳамда ҳар қандай операцияни ўтказишга тайёр бўлиш кераклиги»ни таъкидлаган.

  • Эрон билан чегарадан тахминан 30 километр масофадаги Нахичивон аэропортида 5 март куни дрон зарбаси оқибатида портлаш содир бўлди. Озарбойжон бош прокуратурасига кўра, тўрт киши – аэропортнинг уч нафар ходими ва рейсини кутиб турган йўловчи жароҳатланган, шунингдек, аэропорт инфратузилмаси шикастланган, Нахичивонга келаётган рейслардан бири маршрутни ўзгартиришига тўғри келган.
  • Озарбойжон ҳуқуқ-тартибот органлари содир бўлган воқеа юзасидан Жиноят кодексининг «терроризм» ва «авиация хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.
  • Эрон томони эса Нахичивон аэропорти зарба нишони бўлмаганини маълум қилиб, ҳодисада Исроилни айблаган, аммо бунга далил келтирмаган.
  • Расмий Боку мамлакат жанубида – Эрон билан чегарада ҳаво ҳудудини 12 соатга ёпиб қўйди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид