Жаҳон | 09:18 / 04.04.2026
5406
2 дақиқада ўқилади

Трамп 1,5 трлн долларлик ҳарбий бюджетни талаб қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Конгрессдан 2027 молиявий йил учун мудофаа соҳасига 1,5 триллион доллар ажратишни сўради — бу мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг йирик сумма, деб хабар берди жума куни, 3 апрелда The New York Times (NYT) газетаси.

Фото: REUTERS

Трамп харажатларнинг кескин оширилишини Эрон билан давом этаётган уруш ва сарфлаб юборилган қурол-яроғ захираларини тўлдириш зарурати билан изоҳлади. Президент сўзларига кўра, мамлакат хавфсизлиги ижтимоий дастурлардан устун. Шу боис у соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим харажатларини штатлар зиммасига юклашни таклиф қилди.

Умумий маблағнинг асосий қисми — 1,1 триллион доллардан ортиғи стандарт бюджет жараёни орқали, яна 350 миллиард доллар эса бюджетни мувофиқлаштириш механизми орқали ажратилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Оқ уй ички харажатларни 73 миллиард долларга қисқартиришни таклиф қилмоқда. Қисқартиришлар иқлим, уй-жой ва таълим соҳаларига таъсир қилади. Аксинча, куч тузилмалари молияси оширилади — Адлия вазирлиги бюджети 13 фоизга ўсиши мумкин, шунингдек чегара хавфсизлиги ва депортация учун қўшимча маблағлар ажратилади.

Бу сўров икки партия вакиллари орасида шубҳа билан қарши олинди. Асосий танқид — маъмурият Эрон билан уруш устидан Конгресс назоратини амалда чеклаб қўйгани. Бу уруш бешинчи ҳафтасига кирган.

Қайд этилишича, бунга ўхшаш ижтимоий харажатларни қисқартириш таклифлари 2026 йил бюджети муҳокамасидаёқ рад этилган эди ва янги режа ҳам худди шундай қаршиликка учраши мумкин.

Таҳлилчилар огоҳлантиришича, ушбу режа амалга оширилса, кейинги ўн йилда давлат қарзи ўнлаб триллион долларга ошиши мумкин. Бюджет сўровининг тўлиқ матни ҳозирча эълон қилинмаган.

Сўнгги уч ҳафта давомида Эронга қарши авиаҳужумлар натижасида АҚШ ва Исроил Эрон флоти ва ҳаво мудофаа тизимини издан чиқаргани, ўнлаб самолёт ва ракеталар йўқ қилингани айтилмоқда. Ҳужумларнинг илк кунидаёқ олий раҳбар Али Хоминаий ва куч тузилмаларининг муҳим вакиллари ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Шунга қарамай, режим сақланиб қолган: Теҳрон қаршиликни давом эттиришга тайёрлигини билдирмоқда ва ўт очишни тўхтатиш учун ҳужум қилинмаслигига кафолат талаб этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид