Жаҳон | 13:34 / 02.02.2026
10656
5 дақиқада ўқилади

Россия дронлари автобусга ҳужум қилди. Камида 15 киши ҳалок бўлган

Кончиларни ташиётган автобусга устма-уст зарба берилган.

Фото: State Emergency Service of Ukraine

Днипропетровск области Павлодар районидаги корхоналардан бирининг хизмат автобуси Россия дронлари ҳужумига учради, деб хабар берди ҳудуд раҳбари Олександр Ганжа. Ушбу автобус эгаси бўлган ДТЭК энергетика компанияси маълумотига кўра, камида 15 киши ҳалок бўлиб, яна 17 киши жароҳатланган. Шу куни Россиянинг бошқа бир дрони Запорижжядаги туғуруқхонага зарба берган.

«Россия Днипропетровск областидаги ДТЭК конларига кенг кўламли террорчилик ҳужумини амалга оширди. Ишдан кейин кончиларни корхонадан олиб кетаётган автобус шундай ҳужумлардан бирининг марказида қолган. Ҳозирда 15 нафар кончи ҳалок бўлгани маълум», – дейилган ДТЭК компанияси баёнотида.

Ундан олдинроқ област прокуратураси 17 киши яралангани, шундан тўққиз нафари оғир аҳволда эканини хабар қилганди. Прокуратура маълумотига кўра, зарба маҳаллий вақт билан соат 15:45 атрофида берилган.

Украина кончилари касаба-уюшмалари раҳбари, Олий рада депутати Михайло Волинецнинг сўзларига кўра, ҳужумда Россиянинг Shaheed русумли тўртта дрони қатнашган.

Украина миллий полицияси фожиа Днипропетровск области Павлоград райони ҳудудида жойлашган Терновка шаҳрида рўй берганини маълум қилган. Бу ерда 60 йилдан буён «ДТЭК Павлоградугол» ишлаб чиқариш-тузилмавий бўлинмасига кирувчи кўмир кони ишлаб келади.

Автобусда айнан шу корхонанинг сменадан қайтаётган ишчилари бўлган. Дронлардан бири автобус ёнида портлаган.

Такрорий зарба

Дронларга қарши кураш соҳасидаги етакчи эксперт ва Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов (чақирув белгиси «Флэш») автобусга зарба берган дронлар реал вақт режимида бошқарилганини айтади.

Ёниб кетган автобус сурати Павлоград райони Терновка шаҳри мэри Вадим Доброволский томонидан эълон қилинган.

«Mesh радио-модемлари [ретрансляция ҳисобига радиоалоқа масофасини ошириш имконини берувчи тизим – таҳр.] орқали онлайн бошқарилган „шаҳидлар“ гуруҳи йўл четида учишган, – дея ёзади у. – Биринчи „шаҳид“ пилоти пастда автобусни кўрган ва унга ҳужум қилишга қарор қилган. „Шаҳид“ автобус ёнига тушган, ҳайдовчи зарба тўлқини туфайли бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги тўсиққа бориб урилган, жароҳатланган одамлар автобусни тарк этиб, бир-бирига ёрдам бера бошлаган».

Унинг сўзларига кўра, энг қўрқинчлиси, буни кузатиб турган иккинчи «шаҳид» оператори дронни одамлар устига йўналтирган.

«Россия ҳудудида ўтирган операторлар нишондагилар ҳарбийлар эмас, оддий фуқаролар эканини 100 фоиз кўриб, билиб туришганди  ва онгли равишда ҳужум қилишга қарор қилишди. Бу терроризмнинг навбатдаги факти», – дейди Флэш.

Россия ҳукумати бу борада изоҳ бермади.

«ДТЭК Павлоградугол» қурбонларнинг оила аъзоларига, шунингдек, барча жабрланувчиларга зарур ёрдамлар кўрсатилишини ваъда қилган.

State Emergency Service of Ukraine

Бундан олдинроқ Бескрестнов дронлар операторлари Харкив областидаги йўловчи поездга ҳам онгли равишда ҳужум қилгани ҳақида хабар берганди.

ДТЭК гуруҳи – Украинадаги энг йирик энергетика компанияларидан бири бўлиб, миллиардер Ринат Ахметовга тегишли ҳисобланади.

Октябр ойида ДТЭК Россия Павлодар районидаги ушбу конга ҳужум қилгани ҳақида хабар берганди.

Ўшанда ҳужум вақтида ер остида коннинг 192 ходими бўлган. Кончилар соғ-саломат ҳолда юқорига чиқариб олинганди.

2025 йил 23 апрелида россиялик ҳарбийлар FPV-дрони орқали Днипропетровск области Марганец шаҳридаги корхоналардан бирининг ишчилари олиб кетилаётган автобусга зарба берганди.

Ўшанда 9 киши ҳалок бўлиб, камида 42 киши яраланганди.

Запорижжядаги туғуруқхонага зарба

Якшанба куни Россия дрони зарбаси оқибатида Запорижжядаги туғруқхонага ҳам зарар етди, дея хабар берди маҳаллий расмийлар.

Фото: EPA

Област маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг маълум қилишича, тиббиёт муассасасида олти киши, жумладан, тиббий кўрикда бўлган икки аёл жароҳатланган.

Украина ҳукумати шикастланган шифохона бинолари ва аёллар акс этган кадрларни эълон қилди. BBC Verify ахборотларни текшириш бўлими ушбу кадрлар ҳақиқатан ҳам Запорижжя шарқидаги Бочаров кўчасида жойлашган 3-сонли туғруқхонада олинганини тасдиқлади.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ушбу зарбалардан кейин Россия президенти Владимир Путин «тинчлик саъй-ҳаракатларига қарамай, тинч аҳолига қарши уруш олиб бораётгани»ни айтиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтанинг пайшанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин совуқ кунлар вақтида бир ҳафта давомида Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужумларни тўхтатиб туришга рози бўлганини айтганди. Кейинроқ Кремлдагилар пауза 1 февралгача амал қилишини билдирди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид