Ўзбекистон | 21:20
950
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон билан ҳукуматлараро комиссия ишини тиклаймиз” – Украина ТИВ ўринбосари

Украина Марказий Осиё билан яқинлашишни бошлади. Ташқи ишлар вазирлигида бу минтақа учун бошқарма ва вазирнинг махсус вакили иш бошлади, дейди Тошкентга келган вазир ўринбосари Олексанр Мишченко. Шунингдек, у Ўзбекистон президенти ва ТИВга Украинанинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қўллагани учун миннатдорлик билдирди.

Мен Ўзбекистонга Украина ТИВнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни сезиларли даражада фаоллаштириш тўғрисидаги қарори ортидан билан келдим. Биз вазирлигимизда Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар бўйича махсус бўлинма, бошқарма ташкил этдик. Шунингдек, вазир Марказий Осиёдаги ишлар бўйича махсус вакилни тайинлади. Бу Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Виктор Майко бўлмоқда. У ҳам мен билан келган. Биз Тошкентда, Ўзбекистон ТИВда бўлдик, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдирдим. Биз учун бу икки томонлама муносабатларни белгилайдиган асосий масала”, дейди Украина ТИВ ўринбосари.

Олександр Мишченконинг қўшимча қилишича, уруш Ўзбекистон ва Украина савдо-иқтисодий ҳамкорлигига жиддий салбий таъсир этган.

Уруш бошлангунига қадар товар айланмамиз 770 млн доллардан ортиқ эди, ҳозир эса 300 миллион долларга тушди. Биз ўн йиллардан бери йиғилмаётган ҳукуматлараро комиссия ишини тиклаш ҳаракатидамиз. Бизнинг Ўзбекистонга таклиф қиладиган нарсаларимиз бор. Маҳсулотларимизни билишади, технологияларимизни билишади”, дея қўшимча қилди Мишченко.

Айтиш жоизки, бу 2022 йилнинг февралида уруш бошланганидан бери биринчи марта Украина ТИВдан Ўзбекистонга делегация келиши. Мишченко ва вазирнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Майко Ўзбекистондан аввал Қозоғистонда ҳам бўлган. Дипломатлар Ўзбекистоннинг гуманитар ёрдами ҳамда болалар учун дастуридан миннатдор.

Биз Ўзбекистондан, шахсан президентдан унинг дунёқараши, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашдаги принципиал позицияси учун миннатдормиз. Бу бизга янада ривожланиш имконини берадиган асосий тамойилдир. Ўзбекистон кўрсатган гуманитар ёрдам биз учун жуда зарур ва ҳукуматнинг болаларни соғломлаштириш бўйича қарори — бу ҳам умумий ғалабамизга қўшилган катта ҳисса. Ҳозир мен бу йил болаларни соғломлаштириш дастури қайта тикланиши ҳақидаги қарорни эшитдим, шунингдек, қандайдир гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинади. Биз Украинани қўллаб-қувватлаган барчадан миннатдормиз. Кўпроқ қўллаб-қувватлайдими, камроқми, фарқи йўқ. Асосийси, қўллаб-қувватлаётгани. Бу энг муҳими. Чунки бугун бутун цивилизациялашган дунё бизни ўрта асрларга қайтармоқчи бўлганларга қарши курашиш учун бирлашмоқда. Биз эса ҳаммамиз олдинга интиламиз. Биз БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ мудофаа ҳуқуқимизни амалга оширмоқдамиз. Шунинг учун мен айтаман, биз Ўзбекистондан миннатдормиз ва бир-биримизни ўзаро қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкинлиги устида ишлашда давом этамиз”, деди Украина ТИВ ўринбосари.

-Сизга маълумки, Россияга қарши уруш пайтида кўплаб санкциялар жорий этилди, аммо Россия олтин, нефт ва энергия ресурсларини учинчи давлатлар орқали сотишни давом эттирди. Бундай мамлакатларга нима дейсиз?

 “Санкциялар сиёсати ишламоқда. Ҳа, шундай мамлакатлар бор, компаниялар бор, Россия бераётган преференциялардан шу лаҳзалик манфаат кўришни истайдиганлар. Бундай бўлиши мумкин. Мен Россия каби нодемократик мамлакат на парламентдан, на одамлардан, на бирор кишидан сўрамаслигини мутлақо тушунаман. Улар хоҳлаган одамга хоҳлаганча пул тўлаши мумкин. Масалан, Соловёвнинг дезинформацион ишига жуда катта пул тўланади. Сиз журналист сифатида бундай маошга эга эмассиз ва эга бўла олмайсиз, чунки Соловёвга тўланаётган пул — бу уруш учун тўловдир.

Санкцияларга қайтсак, агар узоқ муддатли истиқболлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ўз келажаги ва обрўси ҳақида қайғурадиган, ўзини ҳурмат қиладиган компаниялар ҳеч қачон санкцияларни четлаб ўтишга уринмайди. Механизм мавжуд. Ҳа, у, эҳтимол, бугун кимлигини ҳар доим ҳам топа олмайди. Лекин эртага, индинга бу компанияларни топишади. Улар рўйхатга тушади, улар учун барча бозорлар ёпилади. Ва, табиийки, обрўли компания учун бу даҳшатли ҳолат. Лекин шундай бир кунлик компаниялар ташкил этилади, улар орқали нимадир ўтказилади. Хўш, санкциялар режими, шунинг учун ҳам биз Европа Иттифоқи, ғарблик шерикларимиз билан уни кучайтириш, айниқса, соядаги флотни кучайтириш ҳақида гаплашяпмиз, айтганча, ҳозир бу тобора кучайтириб борилмоқда, чунки

Россия шунчаки ўз келажагини энергетика ресурслари, хомашё кўринишида сотмоқда. Улар 20 йилдан кейин Россия билан нима бўлиши ҳақида қайғурмайди. Улар пул олиш ва урушни давом эттириш учун сотишяпти. Улар ўз келажагини еб битирмоқда ва айтиш мумкинки, ўз келажагини ўлдирмоқда. Лекин биз бундай компанияларга ҳар доим айтамизки, агар сиз агрессор билан ишласангиз, келажакдаги истиқболларингиз қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўринг” - Олександр Мишвҳенко, Украина ТИВ ўринбосари.

-Украинада президентлик сайловлари муҳокама қилиняптими? Бу борада нима дея оласиз?

“Президент анчадан бери айтиб келадики, сулҳ тузилиши билан Конституцияга мос шароитлар пайдо бўлиши билан Украина сайловларга тайёр, ўшанда Украинада қонунчиликка мувофиқ президентлик, парламент сайловлари ўтказилади. Уруш даврида, Конституцияга кўра, биз сайлов ўтказа олмаймиз, бунга ҳаққимиз йўқ, чунки фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш бўйича тенг ҳуқуқларини таъминлай олмаймиз. Бу Конституциянинг асосидир. Шунинг учун бу бошиданоқ эълон қилинган ва шунинг учун ҳам президент зудлик билан ўт очишни тўхтатишни ва кейин адолатли тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб боришни талаб қилмоқда, бу эса дарҳол бизнинг ички сиёсий ҳаётимиз масаласини очади ва сайловлар, табиийки, Украина президентининг устувор йўналишларидан биридир”- Олександр Мишченко, Украина ТИВ ўринбосари

Дипломатга кўра, Киев Марказий Осиё + форматларига қўшилишни ҳам муҳокамадан ўтказмоқда. Суҳбатдаги бошқа нутқалар Kun.uz платформаларида алоҳида эълон қилинади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид