Ўзбекистон | 10:18 / 17.09.2021
49457
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонлик солиқчи ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши тергови якунланди. 2 нафар ЙҲХБ ходими қамоққа олинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азизбек Аҳмедов ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши тергови якунланган. Икки нафар ИИБ ЙҲХБ ходимига айблов эълон қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz’га хабар берди

Фото: Видеодан кадр

Маълум қилинишича, Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азизбек Аҳмедов ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши тергови якунланган. Мазкур жиноят ишида Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ икки нафар ходимига айблов эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Қайд этилишича, тергов хулосаси 2021 йилнинг 14 сентябрь куни кўриб чиқиш учун судга юборилган.

«Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ ходимларининг фаолияти жараёнида туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи биринчи ўринбосарининг ўлими юз берганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди. 14 сентябрь куни жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. Жиноят иши доирасида икки нафар шахсга айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланган», – дейди Ҳаёт Шамсутдинов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 июнь куни Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этган. Мазкур ҳодиса ОАВда тарқалгач ИИВ матбуот котиби муносабат билдириб, солиқчи бошқарувидаги «Cobalt» светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганини, сўнг ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринганини маълум қилганди. Аммо Kun.uz суриштирувида воқеалар тафсилоти бошқачароқ бўлгани аниқланганди.

Шундан сўнг мазкур ҳодиса Бош прокуратура ва Сенат назоратига олинганди.

Маълумот учун, 2018 йил 29 август куни тунда Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, 1982 йилда туғилган Нодир Хушвақтов ўзига бириктирилган, давлат рақами 30 425 SAA бўлган «Chevrolet Nexia» русумли автомашинада автоҳалокатга учраб, шифохонада ҳаётдан кўз юмганди. Ўшанда Н. Хушвақтовнинг отаси Ҳамидулла Хушвақтов ўғлининг ўлимида ЙПХ ходимларини айблаб чиққанди. Унинг айтишича, ЙПХ ходимлари ўғлини қувишган ва у қочаман деб йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этган. 

Мавзуга оид