Ўзбекистон | 21:09 / 25.05.2020
26109
3 дақиқада ўқилади

«Тошкент – Андижон» пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳаси масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда ҳаво ва темир йўл транспорти соҳалари қаторида автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Президент матбуот хизматидан маълум қилишларича, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда халқаро юк ташувчи транспортлар сони 3 баравар ошган, юкларни ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етган.

«Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланди. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди», – дейилади расмий пресс-релизда.

Хабар қилинишича, Шавкат Мирзиёев ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини айтган.

«80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган «фойдаланувчи тўлайди» тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

«Қамчиқ» довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи «Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди», дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Пуллик йўллар

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 9 декабрдаги президент қарори билан, 2020-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик шартларида пуллик автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳалари юзасидан «Йўл харитаси» тасдиқланган.

Унга асосан, Қамчиқ ва Тахтиқорача довонларида янги пуллик тоннеллар, «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» йўналишларида ҳамда Сирдарё – Бахт шаҳарларини айланиб ўтувчи пуллик автомобиль йўллари қурилиши белгиланган.

Қамчиқ довонида қуриладиган тоннель лойиҳаси бўйича тендер ғолиби билан 2022 йил март ойида, Тахтиқорача тоннели тендери ғолиби билан 2021 йил май ойида келишув имзолаш режалаштирилган.

2021 йилнинг апрель-май ойларида «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» йўналишларидаги ҳамда Сирдарё – Бахт шаҳарларини айланиб ўтувчи пуллик автомобиль йўли қурилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Тошкент ва Чимкент шаҳарларини боғловчи пулли йўл ғояси ҳам ўртага ташланган эди.

Мавзуга оид