Ўзбекистонда мавжуд йўлларга муқобил тарзда пулли йўллар қурилиши ҳақида илк бор гапирилганига анча йиллар бўлди. Жумладан «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» пулли йўлларини қуриш ҳақида илк бор 2018 йилда айтилганди. Орадан 6 йил ўтди. Бироқ ҳанузгача амалий ишлар бошланмади. Қачон бошланиши ҳам номаълум. Буёқда эса давлат назоратида қолаётган мавжуд йўлларнинг сифати ҳам ёмон ҳолатга келиб бўлган.

Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун автомобил йўлларининг аҳамияти жуда катта. Турли товарларнинг ташилиши ёки транзит юкларини ўтказиш, аҳолининг транспорт воситалари билан ҳаракатланиши, хизмат кўрсатиш соҳалари учун сифатли йўллар бўлиши жуда муҳим.

Бироқ бугун Ўзбекистон ўз ҳудудидаги автомобил йўлларининг сифати борасида дунёнинг ривожланаётган давлатлари у ёқда турсин, ҳатто ўз қўшнилари билан ҳам рақобатлаша олмайди.

Ўзбекистонда халқаро аҳамиятга эга 3 626 км, республика аҳамиятига эга 16 909 км йўллар бор. Бу йўлларнинг айрим қисмларини айтмаганда асосий қисми таъмирталаб аҳволда қолмоқда.

Масаланинг барча учун ёқимсиз томони таъмирталаб йўлларнинг тақдири ҳозирча мавҳум ва уларнинг қачон жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражада сифатли қилиб таъмирлаб қўйилиши аниқ эмас. Қолаверса, бу осон ҳам эмас, жуда катта маблағ ва бир неча йилларни талаб этади.

Ўзбекистондаги халқаро йўллар

Бугун Ўзбекистон ҳудудида ўн битта халқаро аҳамиятга эга йўл бор. Уларнинг энг узуни А-380 Ғузор-Нукус-Қўнғирот-Бейнов йўли – 1 204 км. Энг қисқаси А-381 Хўжайли-Тошҳовуз автомобил йўли – 12 км (Ўзбекистон ҳудудидан ўтган қисми)

Ўзбекистон ҳудудидан ўтган халқаро йўллар:

1. М-34 Тошкент – Душанбе

М-34 Тошкент-Душанбе халқаро автомобил йўли

М-34 халқаро автомобил йўли Тошкент шаҳридан бошланиб, Янгийўл, Сирдарё, Гулистон ва Ховос орқали Тожикистон ҳудудига чиқади. Сўнг қўшни давлат пойтахти Душанбе шаҳригача боради.

Мазкур йўлнинг умумий узунлиги 469 километрни ташкил этади. Ўзбекистон ҳудудидаги қисми 160 км.