Жаҳон | 11:57 / 07.12.2022
23712
5 дақиқада ўқилади

Фарзандини койимайдиган миллат. Япон болалари қандай тарбияланади?

Фарроши йўқ мактаблар, шахсий манфаатлардан жамоа манфаатларининг устун туриши, футбол ўйинидан сўнг қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар майдонларни йиғиштириб кетадиган япониялик мухлислар... Дунё маданиятлари орасида ўзига хослиги, бошқалардан яққол ажралиб турувчи япон маданияти қандай шаклланганлиги кўпчилик учун қизиқ. Аслида япон маданиятининг “илдизлари” Икудзи номи билан машҳур бўлган, асрлар синовидан ўтган таълим ва тарбия усулидан “сув ичади”.

Фото: Getty Images

“Икудзи” – ушбу атама японларнинг бола тарбиясидаги энг муҳим унсурларни ифодаловчи тушунча бўлиб, ана шу хусусият уни бошқа миллат вакилларидан ажратиб туради. Бу нафақат педагогик усулларнинг комбинацияси, балки янги авлодларни ўқитиш ва тарбиялашга қаратилган бутун бир механизмдир.

Она ва бола – бир бутун

Японияда ота-онага ҳурмат жуда юқори бўлиб, бу ҳам бола ҳаётининг дастлабки даврида шакллантириладиган тушунчалардан биридир. Қадим замонлардан бери япон оилаларида фарзанд тарбияси аёлнинг бурчи деб қаралган. Агар аёл оналик мақомига эга бўлса, ўзини бунга тўлиқ бағишлаши керак. Бола уч ёшга тўлгунга қадар ишга бориш, болани бувиси ва бувисининг қарамоғида қолдириш улар учун ёт тушунчалардир. Аёлнинг асосий вазифаси она бўлишдир ва Японияда ўз мажбуриятларини бошқаларга ўтказиш мутлоқ мумкин бўлмаган ҳолатдир.

Бундан ташқари, бир йилгача она ва бола деярли бир бутундир. Японлар қаерга борса, нима қилса ҳам бола доимо аёлнинг кўкрагида ёки орқасида бўлади. Шунинг учун Японияда болалар учун «чўнтаклар» Ғарбда тарқатилишидан анча олдин пайдо бўлган. Мана шу доимий яқинлик натижаси ўлароқ боланинг онгида онага нисбатан ҳурмат эрта ёшдаёқ шаклланиб бўлади. Японлар учун онасини хафа қилиш ёки ҳақорат қилишдан-да ёмон нарса йўқ.

Фото: Getty Images

“Бола худодир”

Икудзи тамойилларига кўра, беш йилгача болага худо сифатида қарашади. Ота-оналар фарзандларига ҳеч қандай тақиқ қўйишмайди, унга бақирмайдилар, жазоламайдилар. Бола учун «мумкин эмас», «ёмон», «хавфли» каби сўзлар йўқ. Европада бунга бемаънилик, инжиқлик, тўлиқ назоратнинг етишмаслиги сифатида қарашади. Аслида эса Японияда ота-оналарнинг обрўси Ғарбга қараганда анча юқори.

“Бола қулдир”

Бола беш ёшга етганда кутилмаган воқеликка дуч келади. У қатъий қоидалар ва чекловлар билан таниша бошлайди. Унга амал қилмаслик эса асло мумкин эмас. Гап шундаки, қадимги даврлардан бери япон жамияти жамоа бўлиб яшаб келган. Табиий иқлим ва иқтисодий шароитлар одамларни жамоа бўлиб яшашга ва ишлашга мажбур қилган. Фақат ўзаро ёрдам ва умумий бирлик билангина етиштириладиган гуручнинг ҳосилдорлиги тўкин ҳаётни кафолатлаган.

Жамоат манфаатлари шундай тузилганки, у ерда инсоннинг ҳар бири механизмнинг бир бўлаги. Агар сиз бу механизмдан ўз ўрнингизни топмасангиз, унда жамоат фаолиятида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмассиз. Шунинг учун, беш ёшдан бошлаб болаларга гуруҳнинг бир қисми бўлиш ўргатилади. Японлар учун ижтимоий ажратишдан ёмонроқ нарса йўқ ва болалар тезда шахсий худбинлик ва манфаатларини қурбон қилишга одатланишади.

Фото: Getty Images

“Бола тенгдир”

15 ёшга келиб, бола деярли шаклланган шахс ҳисобланади. Бундан ташқари, ўз-ўзини кашф этишнинг қисқа босқичи давом этади, аммо бу камдан-кам ҳолларда олдинги икки даврдаги натижалар пойдеворига путур етказади.

Болани тарбиялашнинг асосий принциплари:

Индивидуаллик йўқ, ҳамкорлик бор. Бу ота-оналар ва тенгдошлар билан муносабатларда ҳам акс этади. Болалигида ота-оналар фарзандининг барча талабларига рози бўлишади, 5 ёшдан бошлаб эса улар ота-оналарига тўлиқ бўйсунади.

Эмоцияларни жаҳл ва бақириш орқали эмас, балки нигоҳ ва тушунтиришлар билан ифодалаш. Ота-оналар ўз танбеҳларини кўз қараш ва тушунтириш орқали ифодалашади.

Ўзаро ҳурматни ифодалаш. Болалигиданоқ оилада дўстона ва ўзаро ҳурмат ҳукм суради. Ота-оналар шахсий намуна сифатида катта оила аъзоларига ҳурмат ва муҳаббатни намойиш этишади.

Фото: Getty Images

Ҳиссиётни тарбиялаш. Жамиятда яшаш ва бошқалар билан умумий тил топиш учун сиз уларнинг ҳис-туйғуларини қадрлашингиз ва ҳурмат қилишингиз керак. Япон оналари болаларни эрта ёшдан бошлаб ўзларини бошқа одамларнинг ўрнига қўйишга ва уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишга ўргатадилар.

Ўз-ўзини бошқаришни ўрганиш. Бунинг учун уйда ва болалар боғчаларида махсус техникалар қўлланади. Масалан, ўқитувчи жамоаларга вазифаларни топширар экан, ўқувчига нафақат ўз вазифасини яхши бажариш, балки ўртоқларига ҳам эргашиш кераклигини тушунтиради. Шундай қилиб, у қаттиққўл мураббий эмас, балки мувофиқлаштирувчи сифатида ишлайди ва болалар ўзларини назорат қилишни ўрганадилар.

Икудзи – бизнинг тушунчамизда парадоксал ва ҳатто ғалати таълим тизими. Бироқ у асрлар давомида синовдан ўтказилиб, ўз мамлакатининг интизомли, қонунга бўйсунадиган фуқароларини ўстиришга ёрдам бериб келмоқда.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид