Ўзбекистон | 13:50 / 05.02.2024
5674
3 дақиқада ўқилади

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Президент Администрацияси ҳузурига ўтказилади

Энди жамғарма ҳисобидан ёшларни чет элга ўқишга юборишда малакали ва сифатли инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 116 та олийгоҳни ўрганиб, уларни йириклаштириш дастурини ишлаб чиқиш, уларга “миллий”, “давлат” университети, академия ёки институт мақомини беришнинг аниқ мезонларини белгилаш топширилди.

Қайд этилишича, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Президент Администрацияси ҳузурига ўтказилади ҳамда хорижда ўқитиш бўйича янги тизим жорий этилади. Энди жамғарма ҳисобидан ёшларни чет элга ўқишга юборишда малакали ва сифатли инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб техникумларда ўқитиш “Академик” ва “Ишчи касб” таълим компонентларининг узвийлигини таъминлайдиган янги тизим асосида йўлга қўйилади.

Бунда коллеж-техникумнинг 1-2 курсидаги таълим дастурлари, дарсликлари, билимни баҳолаш мезонлари ва муаллимларга талаблар олийгоҳлар билан бир хил бўлади. Техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган “кредитлар” олийгоҳларда тан олинадиган тизим бўлади.

Яъни, коллеж-техникумда икки йил давомида етарли “кредит” тўплаган ўқувчилар “2+2” ёки “2+3” дастурлари асосида олийгоҳларнинг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлишади.

Бундан ташқари, коллеж-техникумда ўқиб, фаолиятини ишлаб чиқаришда давом эттирмоқчи бўлганларни соҳадаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилади. Эндиликда коллеж-техникумда “ишчи касб” йўналишида ўқиганлар икки ёки уч йил ишлаб, тажриба орттирганидан кейин, имтиҳон топшириб, “бакалавр”га тенг малака даражасини олиши мумкин.

Йиғилишда 50 минг коллеж-техникум ўқувчисини дуал таълим билан қамраб олишни ташкил қилиш ҳам топширилди.

Бу ишлар, аввало, тўқимачилик, қурилиш ва қурилиш материаллари, элтехсаноат, машинасозлик йўналишларида бошланади.

Бундан буён билим ва малакани баҳолаш жараёнлари босқичма-босқич нодавлат ташкилотларга ўтказилади.

Олий таълим вазирлигига бакалавр йўналишларини йириклаштириш ҳисобига уларнинг сонини 40 фоизга қисқартириш, ушбу йўналишлардаги таълим дастурларини ТОП-300 га кирган олийгоҳлар дастури асосида янгилаш топширилди.

Мавзуга оид