Ўзбекистон | 22:33 / 24.05.2021
22369
4 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси Олий судда ютқазди – ноҳақ ҳукм қилинган собиқ божхоначи лавозимига тикланадиган бўлди

Жорий йилнинг 15 апрел куни Kun.uz сайтида «Тергов даврида ишдан бўшатилиб, судда оқланган собиқ божхоначилар ишга тиклана олмаяпти» номли мақола эълон қилиниб, унда уюштирилган далиллар асосида тергов қилиниб, тазйиқ остида ёздириб олинган билдиргиларга асосан ишдан бўшатилган собиқ божхоначилар судда оқланганларидан сўнг ўз лавозимларига қайта олмаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Шунингдек, мақолада божхоначиларнинг ишга тикланиши масаласи кўрилган дастлабки икки судда собиқ божхоначилар фойдасига қарор чиққани, бироқ Божхона қўмитасининг шикоятига асосан иш Олий судда кўрилгач, ажрим чиқарилиб аввалги икки суд қарори бекор қилингани, Бош прокурор ўринбосари Олий суд ажримини нотўғри деб ҳисоблаб, собиқ божхоначилар манфаатида кассация тартибида протест келтиргани, айни дамда иш Олий судда кассация тартибида такроран кўриб чиқилаётгани ҳақида ёзилганди.

Иш Олий судда кассация тартибида такроран кўриб чиқилиб, собиқ божхоначилардан бири – Панжи Ҳайдаров иши бўйича Бош прокурор ўринбосарининг протести қаноатлантирилди. Яъни Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 апрел кунги ажримига кўра, Олий суднинг 2021 йил 5 февралдаги аввалги ажрими бекор қилинди ва ФИБ Термиз туманлараро судининг 2020 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори ҳамда ФИБ Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 2 июндаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилди.

Такрорий кассация инстанцияси бундай қарорга келишига Олий суд томонидан ишни аввалги кўришда муддат нотўғри ҳисоблаганини асос қилиб келтирди. Яъни Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати даъвогарнинг даъво талабларига нисбатан Меҳнат кодексининг 270-моддасида белгиланган бир ойлик муддатда мурожаат қилиши лозимлигини тўғри талқин қилган бўлса-да, даъвогар суд ҳукмига асосан 2016 йил 3 май куни суд залидан қамоқдан озод қилинганидан даъво муддатини ҳисоблаб, нотўғри хулосага келган, деб топилди.

Чунки П.Ҳайдаров жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 2016 йил 3 майдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «а, б, в, г» бандлари билан айбдор деб топилиб, 2 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва бундай ҳолатда даъвогар ишга тиклаш бўйича судга мурожаат этиш ҳуқуқидан маҳрум ҳисобланган.

Шунингдек, ажримда П.Ҳайдаров ўзи реабилитация қилинганидан сўнг, яъни суднинг 2019 йил 25 декабрдаги ажримига асосан ишга тиклаш ҳақидаги талаб билан судга 2020 йил 24 январда (ўз вақтида) мурожаат қилгани кассация инстанциясининг эътиборидан четда қолгани ва бундай ҳолатда даъво муддати ўтган деб ҳисоблаб бўлмаслиги қайд этилди.

Олий суднинг 2021 йил 5 февралдаги ажрими бекор қилиниши ва дастлабки иккита суд қарорининг ўзгаришсиз қолдирилиши шуни англатадики, эндиликда Божхона қўмитаси гап-сўзсиз П.Ҳайдаровни олдин ишлаган ишига – Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси «Термиз» ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг Божхона тўловлари ва қийматини аниқлаш ҳамда божхона юк декларацияларини расмийлаштириш гуруҳи бош инспектори лавозимига тиклашга мажбур ва бу масалада ортиқ судлаша олмайди. Собиқ ходимни ушбу лавозимга тиклаш имкони бўлмаган тақдирда эса шунга тенг бошқа лавозимга тиклаш лозим бўлади. Шунингдек, П.Ҳайдаровнинг қонунга хилоф равишда қамоқда сақланган вақти, жазо ўтаган вақти ва лавозимидан четлаштирилгани туфайли ишламай юрган вақти унинг умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилиши такрорий кассация ажрими билан узил-кесил ҳал қилинди.

П.Ҳайдаров билан боғланганимизда ҳозирча ишга тикланмаганини, ишга тикланиш бўйича Божхона қўмитасига 17 май куни ариза ёзганини маълум қилди.

Аслида, Олий суд ажрими дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳужжат бўлса-да, Божхона қўмитаси нега суд ҳужжатини ижро этишга шошилмаётгани ҳозирча бизга қоронғи.

Мавзуга оид