Жаҳон | 19:37 / 02.10.2025
9664
2 дақиқада ўқилади

Британияда меъёрдан ортиқ меҳнат қилган фаррош ишдан бўшатилди

Аёл 16 йил давомида кунига 17 соатдан ишлаган. Бу Британиянинг сменалар орасидаги минимал 11 соатлик дам олиш тўғрисидаги қонуни бузилиши ҳисобланади.

Фото: Getty images

Фаррош Муликат Огунмоде 16 йил давомида кунига 17 соатдан икки жойда - кундузи Deutsche Bank’да, кечаси эса парламентда яширинча ишлагани маълум бўлгач, Британия парламентидан ҳайдалди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Қайд қилинишича, 2008 йилдан 2024 йилгача Огунмодеде сменалар орасидаги минимал 11 соатлик дам олиш тўғрисидаги қонунни бузган. У иш кунлари иккита ишда сменаларни бирлаштирган. Парламентда бу факт ошкор бўлган ва аёл иш вақтини чеклаш тўғрисидаги қонунларни бузгани учун ишдан бўшатилган.

Огунмодеде ўзини яхши ҳис қилаётганини ва дам олиш кунлари ҳордиқ чиқараётганини айтди, бироқ унинг шартномаси барибир бекор қилинди. У иш берувчини адолатсиз ишдан бўшатишда ва иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолишда айблаб, судга мурожаат қилди, аммо судя унинг барча даъволарини рад этиб, ишдан бўшатишни асосли деб атади.

Судя унинг хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканини, соғлиғи, хавфсизлиги ва жамият манфаатларига хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, уни иккинчи иши ҳақида тўғри маълумот бермаганликда айблади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид