Жаҳон | 22:28 / 17.12.2025
5751
3 дақиқада ўқилади

Британия Абрамовичдан «Челси»ни сотишдан олган даромадини Украинани қўллаб-қувватлашга йўналтиришни талаб қилди

Акс ҳолда Британия ҳукумати Абрамовични судга бериш билан таҳдид қилмоқда.

Фото: AP

Буюк Британия ҳукумати россиялик тадбиркор Роман Абрамовичдан «Челси» футбол клубини сотишдан тушган 2,5 миллиард фунт стерлингни (3,35 миллиард доллар) Украинага «ҳар қандай ёрдам» учун йўналтиришни талаб этди, акс ҳолда ишни судга ошириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Британия бош вазири Кир Стармер, ташқи ишлар вазири Иветт Купер, ғазначилик канцлери Рейчел Ривзнинг 17 декабр куни эълон қилинган баёнотида айтилади.

«Вақт ўтди. Роман Абрамович «Челси» футбол клубини сотишда зиммасига олган Украинага гуманитар ёрдам учун 2,5 миллиард фунт стерлинг йўналтириш мажбуриятини бажариши керак. Ҳукумат уни суд орқали ҳаракат қилишга мажбурлашга тайёр, шунинг учун ҳар бир пенни Путиннинг ноқонуний уруши туфайли ҳаёти барбод бўлганларга етиб боради», деди Стармер.

Баёнотда айтилишича, ҳукумат Украинадаги гуманитар мақсадларга маблағ ажратиш бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқади. Келажакдаги даромадлар «бутун дунё бўйлаб можаро қурбонларига» ёрдам беришга йўналтирилиши режалаштирилган. Абрамовичнинг ўзи тушумни «урушнинг барча қурбонларига» ёрдам сифатида топширишга ваъда берди, Британия ҳукумати буни украиналикларни ҳам, россияликларни ҳам қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилди.

Абрамович 2022 йилда Буюк Британия ҳукумати Россия президенти Владимир Путин билан алоқалари туфайли унга қарши санкциялар киритганида «Челси»ни сотган эди. Британия регуляторлари Абрамовичнинг ўзи сотувдан ҳеч қандай фойда олмаслиги шарти билан битимга рухсат берди. Шундан бери пуллар Буюк Британиядаги банк ҳисобида музлатиб қўйилган, чунки бу пуллар айнан нимага сарфланиши ҳақида ҳали ҳам қарор йўқ.

Россиялик тадбиркорга унинг музлатилган активлари билан боғлиқ ҳеч қандай айблов қўйилмаган, бу эса уларни олиб қўйишни ҳуқуқий жиҳатдан мураккаблаштиради. Британия ҳукумати маблағлардан фойдаланиш учун тадбиркорнинг розилигини талаб қилади, чунки улар унинг мулки ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид