Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронда жазирама туфайли давлат идоралари ва банклар ёпилади
Эрон расмийлари 6 август куни мамлакатнинг аксарият қисмида давлат идоралари ва банклар ёпилишини эълон қилди. Бундай қарор сув ва электр энергияси истеъмолини кескин оширган ноодатий жазирама туфайли қабул қилинди.
Фото: Majid Saeedi / Getty Images
Эрон расмийлари 5 август, сешанба куни давлат телевидениеси орқали Теҳрондаги, шунингдек, мамлакатнинг 31 вилоятидан 15 тасида давлат идоралари ва банклари чоршанба куни сув таъминоти ҳолатининг ёмонлашиши ва электр тармоғидаги юкланишнинг ошишига олиб келган жазирама туфайли ёпилишини маълум қилди. Шу билан бирга, тиббиёт муассасалари, хусусий компаниялар ва айрим банк филиаллари фаолиятини давом эттиради.
Эронда июл ойи ўрталаридан бери жазирама давом этмоқда ва камида яна беш кун давом этади. Вазият мамлакат жанубида энг оғир, масалан, Ободон шаҳрида 3 август куни ҳаво ҳарорати +50°C дан юқори бўлган. Эрон вилоятларида жазирама туфайли дам олиш кунлари 2025 йил июл ойининг охири ва 2024 йил, шунингдек, 2023 йилнинг августида ҳам эълон қилинган. Расмийлар муассасалар ишидаги пауза сув ва электр энергияси истеъмолини қисқартиришига умид қилмоқда.
Таъкидланишича, айни пайтда мамлакатда соатига 62 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилаётган бўлса, энг юқори юкламалар вақтида унга 80 минг мегаватт керак бўлади. Бу соҳадаги инқироз туфайли Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари ҳам ҳар куни 2-4 соатга электр энергиясини ўчиришни бошлади. Бу аллақачон Tavanir давлат энергетика компанияси биноси олдида норозилик намойишларига сабаб бўлди.
Айни пайтда мамлакатдаги кўплаб корхоналарда жазирама туфайли ҳафтасига тўрт кун электр энергияси бўлмаяпти, деб ёзади Shargh маҳаллий газетаси. Натижада, ишлаб чиқариш даражаси 2020 йилда, коронавирус пандемияси фаолиятни тўхтатганида кузатилган даражага тушди. Эрон оммавий ахборот воситалари мамлакат сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон қурғоқчиликни бошдан кечираётгани ҳақида хабар бермоқда.
Мавзуга оид
13:25 / 29.12.2025
Россия ракетаcи Эрон сунъий йўлдошларини космосга чиқарди
23:40 / 20.12.2025
Нетаняҳу Трамп билан Эронга яна ҳужум қилиш масаласини муҳокама қилмоқчи
23:44 / 28.11.2025
Эрон футбол бўйича жаҳон чемпионати қуръасини бойкот қилмоқчи
11:12 / 28.11.2025