Жаҳон | 13:25
1053
2 дақиқада ўқилади

Россия ракетаcи Эрон сунъий йўлдошларини космосга чиқарди

Россиянинг “Союз” ракетаcи Эроннинг “Косар”, “Пая” ва “Зафар-2” сунъий йўлдошлари билан тахминан 500 километр баландликдаги Ер паст орбитасига чиқди.

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

Россия учта Эрон сунъий йўлдошларини фазога учирди, деб хабар берди Reuters агентлиги якшанба, 28 декабр куни. Эроннинг “Косар”, “Пая” ва “Зафар-2” сунъий йўлдошлари ўрнатилган Россиянинг “Союз” ракетаcи Узоқ Шарқдаги “Восточный” космодромидан учирилди ва тахминан 500 километр баландликдаги Ер паст орбитасига чиқди.

Теҳрон маълум қилишича, учирилган сунъий йўлдошлар қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган атроф-муҳит ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва табиий офатларни кузатиб боришга мўлжалланган. Dpa агентлиги эслатишича, Эрон аввал ҳам космосга бир нечта сунъий йўлдошларни учирган. Мамлакат бу дастур мутлақо тинч мақсадларга хизмат қилишини ва ҳарбий мақсадларда қўлланмаслигини таъкидлайди.

“Эрон шунчаки ўз технологияларини ривожлантирмоқда, сунъий йўлдошлар учириш эса шу жараённинг бир қисми”, — деди мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи. У ушбу учиришни “соф илмий миссия” деб атади.

Исроил ва Ғарб мамлакатлари, жумладан АҚШ, Эроннинг сунъий йўлдошлар дастурига танқидий руҳда қарайди. Уларда Теҳрон космик технологияларни ҳарбий мақсадларда қўллаши мумкин, деган хавотир бор. Танқидчилар, жумладан, илмий дастурда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси каби ҳарбий тузилманинг иштирокига ҳам ишора қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид