Жаҳон | 13:34 / 21.01.2020
76152
6 дақиқада ўқилади

Янги коронавирус Хитойнинг бошқа шаҳарларида ҳам аниқланди. У қандай тарқалмоқда?

Нафас олиш йўлларини шикастлайдиган янги вирус одамдан одамга юқиши мумкин, дея тасдиқлади Хитой расмийлари. 

Фото: EPA

Сўнгги икки кун ичида Хитойда яна 139 кишида касаллик юқтириш ҳолати аниқланган. Уларнинг аксарияти дастлаб Ухань шаҳрида (Хубей вилояти) бўлган, бу ерда илк ёйилиш аниқланганди, аммо энди бу ҳолатлар бошқа шаҳарларда ҳам кутилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 22 январь, чоршанба куни, Хитойда янги коронавирус тарқалиши сабабли фавқулодда қўмитанинг шошилинч йиғилишини чақирди. Касаллик Хитойда тарқалган, аммо ундан зарарланиш ҳолатлари Жанубий Корея, Япония ва Таиландда ҳам қайд этилган.

Пекинда 2та юқтириш ҳолати қайд этилган, Ҳонгконг билан чегарадош Шэньчжэнь шаҳрида — битта.

Декабрь ойидан бери коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 200 кишидан ошди, улардан 4 нафари вафот этди.

Касаллик даражаси кескин кўтарилгани сабабли, ҳукумат эпидемия янада кенгроқ тарқалиши мумкинлигидан хавотирда. Жорий ҳафтада миллионлаб хитойликлар ой тақвимига биноан янги йилни нишонлайдилар (25 январь), байрамда қариндошларини зиёрат қилиш одат тусига киради — кўпчилик мамлакатнинг бошқа ҳудудларига йўл олади. 

Хитойлик тадқиқотчилар Уханда вирусли пневмонияга олиб келадиган илгари номаълум бўлган коронавирус тарқалишини аниқлашган. Вирус ҳали яхши ўрганилмаган.

Янги вирус ҳақида нималар маълум?

  • 2019-nCoV вируси ҳали одамларга юқмаган коронавируснинг бир вариантидир. 
  • Коронавируслар — 38 турдаги вирусларни ўз ичига оладиган вируслар оиласи, уларнинг олтитаси (ва янги вирус билан - еттитаси) одамга юқади.
  • Тадқиқотчиларнинг фикрича, вирус одамларга ҳайвонлардан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. 
  • Инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд. 
  • Одамларга ҳайвонларга тегинмаслик, етарли даражада қайнатилмаган ёки қовурилмаган гўшт ва тухумлардан сақланиш ва шунингдек шамоллаш ёки грипп белгилари бўлган одамлар билан алоқа қилмаслик тавсия этилмоқда.

Янги вирусни ким юқтирди?

11 миллион аҳолига эга Ухань шаҳри маъмуриятининг хабар беришича, сўнгги дам олиш кунлари вирус 136 кишига юққан. Бир киши вафот этган. 

Бунга қадар Ухань шаҳрида ушбу вирус билан зарарланишнинг 62та тасдиқланган ҳолати қайд этилган эди. 

Токиодаги Нарита аэропортига келган йўловчилар махсус текширувдан ўтказилмоқда / AFP

20 январь ҳолатига кўра, Ухань шаҳрида 170 киши вирус билан зарарланган эди. Уларнинг тўққиз нафари оғир ёки жуда оғир аҳволда эди.

Пекин санитар назорат идораларининг хабар беришича, Ухандан икки киши янги вирус келтириб чиқарган пневмония билан касалхонага ётқизилган. 

Хитой жанубидаги Шэньжэн шаҳрида яшовчи 66 ёшли эркакда Ухандаги қариндошлариникига ташриф буюрганидан сўнг вирус аломатлари аниқланган. Яна саккиз киши ташхис қилиниб карантинга олинган. 

Хитой ташқарисида 2019-nCoV вирусини юқтирган инсонлар 4 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг барчаси ё Ухандан келган ёки бу шаҳарга ташриф буюришган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳозирда ҳаво қатновига чекловлар жорий этишни тавсия этмаслигини, аммо эпидемия тарқалишидан хавотирда бўлган мамлакатлардаги ҳокимият идораларига маслаҳат бераётгани ҳақида маълумот берган. 

Вирусдан зарарланганлар карантинга жойлаштирилмоқда / EPA

Сингапур, Ҳонгконг ва Токио аэропортларида Ухандан келган йўловчилар орасида иситмаси бор одамларни аниқлаш учун сканерлар ўрнатилди. Шунга ўхшаш чоралар АҚШда Сан-Франциско, Лос-Анжелес ва Ню-Йорк аеропортларида ҳам амалга оширилди.

Хитой расмийлари нима демоқда?

Якшанба куни Хитойнинг соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси вируснинг тарқалишини назорат қилиш мумкинлигини маълум қилди, шу билан биргаликда, вазиятни янада назорат қилиш зарурлиги қўшимча қилинди, чунки вируснинг келиб чиқиши ва тарқалиши номаълумлигича қолмоқда. 

Душанба куни янги вирусга қарши кураш бўйича идоравий мутахассислар гуруҳи раҳбари Чжун Наньшань унинг ҳақиқатан ҳам одамга юқишини тасдиқлади, дея хабар беради Хитойдаги расмий Синьхуа агентлиги. Унинг сўзларига кўра, бир неча нафар тиббиёт ходимлари беморлар билан мулоқотга киришгандан сўнг вирусни юқтириб олишган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти зарарланиш ҳолатлари сонининг кескин кўпайиши аҳоли орасида фаол қидирув ва синовлар натижасидир, деб ҳисоблайди.

Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозори ёпилган ва у ерда дезинфекция ишлари амалга оширилган / AFP

Хитой Янги йили инфекция тарқалишига қандай таъсир қилади?

Жума куни Хитойда бир ҳафта давом этадиган янги йил тантаналари бошланади. 

Бу вақтда юз миллионлаб хитойликлар қариндошлари олдига боради ва кўпчилик йўловчилар ташиш кўламини ҳисобга олган ҳолда, расмийлар инфекция тарқалишини тўхтата олмайди, деб хавотирда. 

Ухань — Хитойнинг асосий транспорт марказларидан бири. Бир ҳафтадан кўпроқ вақт олдин маҳаллий маъмурлар йўловчилар ҳароратини ўлчаш учун аэропортларда, шунингдек темирйўл ва автовокзалларда сканерларни ўрнатишди. Иситма билан оғриган одамларга ҳимоя ниқоблари берилиб, шифохона ва клиникалар юборилмоқда. 

Расмийларнинг таъкидлашича, шаҳардан чиқувчи ҳар бир шахс сканердан ўтади.

Хитойдаги янги йил муносабати билан миллионлаб кишилар қариндошлариникига боришади / AFP

Мавзуга оид