Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Касалланганларнинг ўлим кўрсаткичи 90 фоизгача етиши мумкин: инсониятни хавотирда ушлаб турган 10 та вирус
Бугун одамлар ва бошқа тирик мавжудотлар орасида, танасида кўплаб вируслар яшамоқда. Уларнинг айримлари жуда хавфли бўлиб, агар кенг тарқалса, кўплаб инсонлар нобуд бўлиши мумкин. Бошқалари эса юқумли бўлса-да, унчалик хавфли ҳисобланмайди.
Масалан, Ер юзи бўйлаб грипп, герпес (учуқ) каби бир нечта вируслар кенг тарқалган. Бироқ улар инсон ҳаёти учун хавфли эмас. Шунингдек, 2020 йилда бутун дунёни хавотирга солган Covid-19 вируси ҳам мутацияга учради ва унинг инсон саломатлигига хавфи бирмунча камайди.
Аммо эбола, парранда гриппи, “Қрим-Конго геморрагик иситмаси” кабилар кам учраса-да, инсоният учун анчайин хавфли вируслар саналади. Ҳозир инсониятни хавотирда ушлаб турган 10 та вирус ҳақида гаплашамиз.
Қутуриш
Хавфли вируслар рўйхатининг энг тепа қисмида тирик жонларнинг қутуришига сабаб бўладиган вирус жойлашган. Бу вирус жуда хавфли бўлиб, танада унинг симптомлари пайдо бўлгач, ўлим эҳтимоли 100 фоизга яқинлашади.
Бу вирус одамларга асосан у билан касалланган ҳайвонлардан, асосан итлардан юқади. Танасида қутуриш вируси бўлган итларнинг тишлаши, тирнаши, сўлаги ва у билан бўладиган бошқа мулоқотлар оқибатида вирус одам танасига тез ўтади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 59 минг одам қутуришдан вафот этади. Ўлимларнинг 95 фоизи Африка ва Осиё давлатларида содир бўлади. Афсуски, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Ўзбекистон қутуриш касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудуд ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳар йили бу касаллик саноқли сонларда ўз вақтида тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмаслик оқибатида қайд этилади.
Б вируси
Бу вирусни “Ҳерпес Б” деб ҳам аташади ва унинг ташувчиси асосан макака маймунлари ҳисобланади. Б вируси илк бор 1932 йилда аниқланган.
Канадалик ёш шифокор Уилям Бребнер 29 ёшида вафот этади. Уни полиомиелит бўйича тадқиқот олиб бораётганида макака маймуни тишлаб олади.
Маймун тишлаганидан сўнг шифокор аввалига соғлом юради. Маълум вақт ўтгач Уилмяда иситма бошланади ва кўп ўтмай у асаб тўқималари ишдан чиқиши туфайли вафот этади.
Орадан бир йил ўтгач, бошқа бир шифокор Алберт Сабин Уилям Брабнернинг ўлимига сабаб бўлган янги вирусни кашф этади. Шундан сўнг бу вирус “Б вируси” деб аталади.
1932 йилдан 2020 йилгача Б вируси билан касалланганлар сони 50 нафар бўлган. Вирус юқтирганларнинг қарийб ярми ҳалок бўлган. Бошқалари оғир асоратлар олган.
Лужо
Лужо Африканинг жанубий қисмида учрайдиган, одамларда оғир, геморрагик иситма келтириб чиқарувчи хавфли вирус ҳисобланади.
Каламуш ва сичқонлар бу вируснинг асосий ташувчилари ҳисобланади. Яъни кемирувчиларнинг сийдиги, сўлаги ёки нажаси билан ифлосланган нарсалар Лужо вирусининг юқишига сабаб бўлади.
Шунингдек, касалланган бемор билан яқин мулоқот қилинганда одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.
Ҳозирги пайтда Лужо вирусига қарши махсус вакцина мавжуд эмас. Уни даволаш асосан симптомларни енгиллаштиришга қаратилади.
Лужо вируси илк бор 2008 йилда Жанубий Африка Республикасида қайд этилган. Ўшанда у 5 кишида аниқланган. Беморларнинг 4 нафари вафот этган.
Нипаҳ
Нипаҳ — янги зооноз вирус бўлиб, касалланган ҳайвонларнинг сўлаги, сийдиги, нажаси ёки қони орқали юқади. Шунингдек, у ифлосланган озиқ-овқатлар орқали ва одамлар ўртасида бевосита мулоқот туфайли ҳам юқиши мумкин.
Нипаҳ вируси илк бор 1999 йилда Малайзиядаги Нипаҳ дарёси атрофида яшовчи чўчқабоқар фермерлар орасида касаллик тарқалган пайтда аниқланган. Ўшандан бери Жанубий Осиёда бу вирус яна 12 марта авж олгани кузатилган.
Кейинроқ Нипаҳ вируси Ҳиндистонда тарқала бошлади. Жумладан, 2018 йилда Ҳиндистоннинг Керала штатида бу вирус тарқалиши оқибатида 17 киши вафот этади.
2021 йилда яна 11 кишида Нипаҳ вируси аломатлари аниқланади. Сўнгги марта жорий йил январда яна Ҳиндистонда бу вирус тарқалаётгани хабар қилинди.
Вирус келтириб чиқарадиган инфекция клиник жиҳатдан турлича намоён бўлади: умуман белгисиз ўтиши ҳам, оғир нафас йўллари инфекцияси ёки ўлимга олиб келувчи энцефалит шаклида ҳам кечиши мумкин.
Унинг қўзғатувчиси бош мия ва марказий асаб тизими тўқималарида кенг тарқалган махсус инсон рецепторидан фойдаланади, шу сабабли беморларда неврологик аломатлар кузатилади.
Маълумотларга кўра, аниқланганидан бошлаб ҳозиргача Нипаҳ вируси туфайли 600 дан ошиқ одам вафот этган.
Ҳендра
Ҳендра — бу ҳайвонлардан одамларга юқадиган, кам учрайдиган, лекин жуда хавфли ва ўлим даражаси юқори бўлган вирус. У Henipavirus авлодига мансуб бўлиб, Нипаҳ вируси билан бир турдош ҳисобланади.
Бу вирус биринчи марта 1994 йилда Австралиянинг Брисбен шаҳри чеккасидаги Ҳендра мавзесида жойлашган отхонада аниқланган.
Ўшанда Ҳендра туфайли 13 бош от ва уларнинг мураббийи бўлган шахс вафот этади. Кейинчалик бу вирус Австралиянинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланади.
Ҳендра вирусининг ташувчиси асосан отлар ҳисобланади. У одамларга одатда вирусга чалинган отлар билан яқин мулоқотда бўлганда уларнинг сўлаги, қони ёки пешоби орқали юқади.
Касаллик одамларда гриппга ўхшаш аломатлар тарзида кузатилади. Оғир ҳолатларда мия яллиғланиши ёки пневмония содир бўлади. Вирус билан касалланган отларнинг 75-80 фоизи, одамларнинг 60 фоизи вафот этади.
Эбола
Бу вирусни илк бор 1976 йилда конголик олим, микробиолог Жан-Жак Муембе-Тамфум аниқлаган. Вирусга Конгодаги Эбола дарёси номи берилган.
Асосий ташувчиси кўршапалак ва приимат туридаги маймунлар бўлган. Эбола касалланганлар танасидан ажралаётган суюқликлар орқали тарқалади. Яъни унинг ҳаво орқали тарқалиши қайд этилмаган.
2014-2015 йилларда Ғарбий Африкада эбола кенг тарқалади ва 11 мингдан ошиқ одамнинг вафот этишига сабаб бўлади. 2019 йилда бу вирусга қарши муваққат вакцина рўйхатдан ўтказилган.
Марбург
Марбург вируси Эбола билан битта оилага мансуб ва клиник жиҳатдан ундан катта фарқ қилмайди. У ҳам оғир ва тез-тез ўлимга олиб келадиган геморрагик иситмани келтириб чиқариши мумкин.
Маймунлар ва мевахўр кўршапалаклар ушбу вирус ташувчиси ҳисобланади. Маймунлар вирусни юқтирганидан кейин узоқ яшамайди.
Бу вирус 1967 йилда Германиянинг Марбург шаҳрида аниқланган ва унга шу шаҳар номи берилган. Вирус Угандадан лаборатория тадқиқотлари учун келтирилган Африка яшил маймунларини ёриб кўриш пайтида қон ва тана аъзоларидан юққан.
Кейинроқ Германиянинг Франкфурт, Сербиянинг Белград шаҳарларида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Ўшандан буён бу вирус дунёнинг жуда кўп давлатларига кириб борди. Бир неча марта оммавий тарқалиш ҳодисаси юз берди.
Ҳозиргача рекорд даражадаги энг катта эпидемия 2005 йилда Анголада содир бўлган. Унда 374 киши вирусни юқтириб, уларнинг 329 нафари ўлган.
H5N1 – парранда гриппи
Парранда гриппи билан касалланиш илк бор 1997 йилда Ҳонгконгда юз берган. Ўшанда бу вирус туфайли 6 киши вафот этган.
2003 йилда Хитойда ва Ҳонгконгда яна парранда гриппи билан касалланиш ҳолатлари қайд этилади. Сўнг бу вирус дунё бўйлаб тарқала бошлайди.
Масалан, 2003 йилдан 2014 йил майгача 15 та давлат ўз ҳудудида парранда гриппига чалиниш бўйича 665 та ҳолат қайд этилганини маълум қилган. Шундан 392 та ҳолат ўлим билан тугаган.
Парранда гриппи А(H5N1) вируси келтириб чиқарувчи ўткир юқумли касаллик бўлиб, у қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, мушак, бош ва томоқдаги оғриқлар билан бошланади.
Сўнг беморнинг аҳволи кескин ёмонлашиб, 2-3 кундан кейин қон аралаш ҳўл йўтал, нафас сиқиши бошланади. Касаллик буйрак, жигар ва мияни зарарлаши мумкин. Ушбу турдаги грипп жуда тажовузкорлиги ва ўлимга олиб келиши даражаси юқорилиги билан ажралиб туради.
Парранда гриппи вирус билан касалланган тирик ёки ўлик парранда билан мулоқотга киришганда юқади. Шунингдек, етарлича иссиқлик ишлови берилмаган касал парранда гўшти ёки тухумини истеъмол қилиш ҳам касалликни юқтиришга сабаб бўлиши мумкин.
Қрим-Конго (CCHF) геморрагик иситмаси
Бу вирусга чалинганлар илк бор 1944 йилда Қримда, сўнг 1956 йилда Конгода аниқланган. Шу сабабли унга “Қрим-Конго геморрагик иситмаси” деб ном берилган.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси асосан чорва молларида учрайди ва уларнинг танасидаги каналар орқали инсонга юқади.
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги эндемик касаллик бўлиб, шимолий кенгликнинг 50-параллелидан жанубдаги Африка ва Осиё қитъаларида, Болқон яримороли ва Яқин Шарқ давлатларида учрайди.
Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ваража, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади.
Мазкур касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин. Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қонталашлар кузатилмайди, у асосан иситма ва ҳолсизлик аломатлари билан кечади.
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги бир неча марта Ўзбекистонда ҳам қайд этилган. Жумладан, 2019 йилда Бухоро вилоятида 4 кишида шу касаллик вируслари аниқланганди.
Шунингдек, ўша йили Сурхондарёда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги билан оғриган ҳомиладор аёл вафот этганди.
Бундан ташқари, 2022 йилда Қашқадарёда икки бола Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан вафот этгани маълум қилинади.
SARS-CoV ва MERS-CoV
SARS-CoV ва MERS-CoV вируслари коронавируслар оиласига мансуб бўлиб, бири респиратор синдроми, иккинчиси оғир респиратор синдроми ҳисобланади.
MERS-CoV атамаси Middle East respiratory syndrome (Яқин Шарқ респиратор синдроми) сўзларининг, SARS-CoV эса Severe acute respiratory syndrome (Оғир ўткир респиратор синдроми) сўзларининг қисқартмасидан олинган.
SARS-CoV вируси дастлаб 2002 йилда Хитойнинг Гуандун музофотида қайд этилган. 2003 йилда бошқа давлатларга тарқалиб кетган. Уинг ташувчиси асосан кўршапалаклар бўлган.
Бу вирусни юқтириб касалланганлар кўрсаткичи паст бўлган, атиги 8437 киши. Аммо ўлим ҳолатлари 813 та бўлган ва бу жиддий хавотир уйғотади.
MERS-CoV вируси, уни туя гриппи ҳам деб аташади, илк марта 2012 йилда Саудия Арабистонида кузатилади. 2015 йилда бу вирус Европа ва Осиёнинг бир қатор давлатларига тарқалади.
Ҳозиргача SARS-CoV ва MERS-CoV вирусларини юқтирганларнинг қарийб ярми вафот этган.