Жамият | 14:43 / 28.04.2024
34632
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ёнғин содир бўлган уйдан қотиллик аломатлари билан аёл ва икки боланинг жасади топилди

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Getty Images/ Image Source

Сирдарё туманида ёнғин содир бўлган хонадондан қотиллик аломатлари билан уч кишининг жасади топилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

Ҳодиса 2024 йил 27 апрел куни соат 02:55 ларда Сирдарё туманидаги уйларнинг бирида содир бўлган. Ёнғиндан кейин текшириб кўрилганда уйдан аёл киши ва вояга етмаган икки нафар боланинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган.

Жиноятни фош этиш мақсадида прокуратура ҳамда ички ишлар органларининг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тузилган тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўрилган зарур чоралар натижасида гумонланаётган шахс қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а”, “ж” бандлари ( икки ва ундан ошиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, содир этилган ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.

Мавзуга оид