Ўзбекистон | 12:50 / 02.07.2022
16980
4 дақиқада ўқилади

“Uzbekistan GTL” – дунёда соҳага ихтисослашган энг йирик бешта заводнинг бири

“Uzbekistan GTL” заводида жорий йилнинг 29 июн куни Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноати тарихида биринчи синтетик GTL дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилди.

Фото: Kun.uz

Мазкур воқеа республиканинг замонавий нефт-кимё ва нефт-газни қайта ишлаш саноати ривожида янги технологик босқич ҳисобланади. Ушбу кун Ўзбекистонда илк бор синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан “Uzbekistan GTL” заводига прес-тур ташкил қилинди.

 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев нафақат Ўзбекистон, балки минтақада нефть-газ саноати соҳасидаги энг йирик корхона ҳисобланган “Uzbekistan GTL” заводида синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошлангани кўплаб тармоқларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини маълум қилди. Бошқарув раиси юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган GTL маҳсулотлари биринчи навбатда, республиканинг нефть маҳсулотларига, хусусан, дизел ёқилғиси ва керосинга, шунингдек, суюлтирилган газга бўлган ички эҳтиёжини қоплаш учун етказиб берилишини, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифатли бўлгани учун экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд эканлигини айтиб ўтди.

“Uzbekistan GTL” заводи аҳамияти жиҳатидан дунёдаги бешта заводнинг бири ҳисобланади. Биз мана, саноат ва қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган дизел ёқилғисини тайёрлашни йўлга қўйдик. Бу соҳага ҳамма мамлакатлар ҳам қўл уравермайди. Сабаби жараён жуда мураккаб ва нозик ҳисобланади. Давлат раҳбарининг шахсий ташаббуси ва ҳукумат қўллаб-қувватлаши билан биз ушбу мураккаб жараённи амалга ошира олдик. Айтишим лозим, дизел маҳсулотига бугунги кунда бутун дунёда талаб юқори. Бироқ биз аввало мамлакат эҳтиёжини қондиришни режалаштирганмиз.

Ушбу заводимиз ишга туширилиши ва маҳсулот олина бошлангани бизга халқаро ҳамжамиятда ҳам бир қатор устунликлар беради. Аллақачон дунёнинг етакчи банклари, йирик корхоналар биз билан ҳамкорлик қилишни истаяпти. Келгуси лойиҳаларимизни ҳам қўллаб-қувватлаш таклифи билдирилди” ­– деди Меҳриддин Абдуллаев. 

 

Аҳамиятли томони, заводнинг асосий ишга тушириш жараёнлари, 11 мингга яқин ускуна ва ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон ишлашини таъминлаш, шунингдек, уларни тўлиқ назорат қилиш ва бошқариш Ўзбекистон фуқаролари – “Uzbekistan GTL” заводининг маҳаллий муҳандислари ва ёш мутахассислари томонидан мустақил равишда, хорижий мутахассисларнинг тўғридан-тўғри иштирокисиз амалга оширилмоқда.

Заводнинг умумий майдони 135 гектар майдонни эгаллаб, заводда тўрт турдаги ёқилғилар ишлаб чиқарилади (авиакеросин, сиқилган газ, дизель, нафта). “Uzbekistan GTL” дунёдаги энг йирик 5 та заводлардан бири ҳисобланади.

 

Заводнинг тантанали очилиш маросимида Президент томонидан берилган топшириқлар ижросини амалда бажариш мақсадида талабалар амалиётини GTL заводида ўташлари тўла таъминланаётгани маълум қилинди.

Ўз навбатида, “Uzbekistan GTL” заводи эҳтиёжлари учун зарур бўладиган маҳсулотлар, бутловчи буюм, материаллар ҳамда саноат хизматларини маҳаллийлаштириш, маҳаллий корхоналар билан саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш ишлари борасида ҳам маълумотлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, заводида йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хом ашёларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид