Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамоқдаги каттаконлар, антикоррупция вертикали ва туғилишнинг пасайиши — ҳафта дайжести
ИИВ, “Ўзбекнефтгаз”, Давактив ва солиқ мансабдорлари терговда: коррупцион схемалар фош этиляпти. Ички ишлар тизими сервис тузилмасига айланади: президент “илғор полиция” моделини анонс қилди. АЭС қурилиши кечиктириладими: шундай эҳтимол пайдо бўлиши биланоқ “Росатом” раҳбари Тошкентга учиб келди ва “муддатларга риоя қилиш”га чақирди. Ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Баҳодир Сиддиқов ва Акмалхон Ортиқов – терговда
“Миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар”. Президент Шавкат Мирзиёев иккита ташкилотда аниқланган коррупция кўламини ана шундай таърифлади. Бу икки ташкилот – “Ўзбекнефтгаз” компанияси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги. Давлат раҳбарига кўра, ҳозир уларда “катта тафтиш” кетяпти.
Маълум бўлишича, Давактив мансабдорлари бозор нархи камида 250 млрд сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга қўйиб, 120 млрд сўмга сотиб юборган. Шу сабабли агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинган.
Шавкат Мирзиёев сешанба кунги йиғилишда бу ҳақда гапираркан, бир саволни ўртага ташлади: “Ушбу идораларда йиллар давомида коррупция авж олган бўлса, уларга Хавфсизликдан қўйилган вакиллар қаерга қараган?”
Президент ДХХ раисига юзланиб, “Ўзбекнефтгаз” ва Давлат активларини бошқариш агентлиги учун масъул кураторларнинг жавобгарлигини кўриб чиқишни буюрди. Тергов гуруҳи эса “барча коррупциявий схемаларни фош қилиш” топшириғини олди.
“Сотилган давлат мулклари бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан текшириб, барча коррупциявий схемаларни фош қилсин ва жазо муқаррарлигини таъминласин”, – деди давлат раҳбари.
Давактивдаги схемалардан бири ёпиқ аукцион экани очиқланган бўлса, “Ўзбекнефтгаз”даги қинғирликлар ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. Компанияни 2023 йилдан бери бошқариб келган Баҳодир Сиддиқов ўтган йили президентнинг энергетика бўйича вакили Алишер Султонов билан бир вақтда ишдан олинган эди. Kun.uz манбасига кўра, кейинчалик Сиддиқов жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Айни пайтда Акмалхон Ортиқов ҳам қамоққа олингани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар бор. У Давлат активларини бошқариш агентлигини 5 йилдан бери бошқариб келаётган эди. Идора шу йиллар давомида тузилган бир қатор ёпиқ ва шубҳали хусусийлаштириш битимлари ҳақида жамоатчиликка изоҳ бермагани сабаб, доимий равишда танқидлар нишонига айланиб қолганди.
ИИВнинг собиқ мулозимлари ҳам қамоқда
Катта лавозимда ўтирганларнинг қамалиши билан боғлиқ ҳолатлар Ички ишлар вазирлигида ҳам бор. Kun.uz манбасига кўра, вазирнинг собиқ ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Улар ўтган йили ноябр ойида ишдан олинган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан маълум бўлишича, Абдуллаев ва Турсунов – битта жиноят ишининг фигурантлари. Бу жиноят иши доирасида давлат харидлари орқали 186 млрд сўм ўзлаштирилгани аниқланган. “Daryo” нашрининг манбасига кўра, жиноий схема доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларига ўрнатилаётган “ақлли” светофорлар ва бошқа йўл ускуналари гўёки хориждан импорт қилинган деб кўрсатилиб, аслида маҳаллий маҳсулотлар ўтказилган.
Кенг миқёсдаги яна бир коррупцион жиноят Адлия вазирлиги тизимида рўй берган. Бош прокуратура хабарига кўра, давлат хизматлари марказлари ходимлари 8 та вилоятда 1200 дан ортиқ одамга сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган. Бу ишда гумон қилинаётган давлат хизматчилари сони қанчалиги ҳозирча маълум эмас. Шуниси маълумки, улар берган сохта гувоҳнома билан рулга ўтирганлар камида 9 та аварияга сабабчи бўлиб, 3 кишининг умрига зомин бўлган, яна 6 киши жароҳатланган. Аввалроқ бу иш доирасида сохта гувоҳномани сотиб олган фуқароларни ҳам жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди.
Ҳафта давомида, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” директори ўринбосари қурувчи компаниядан 7 минг доллар пора олгани, Тошкент вилоятидаги туманлардан бирининг экология бўлими бошлиғи эса кўп йиллик дарахтларни кесишга рухсат бериш эвазига 3 минг доллар олгани маълум бўлди.
Коррупцияга қарши янги тизим
2026 йилдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш учун янги вертикал назорат тизими жорий этилди. Бу тизим ҳақида давлат раҳбари декабр ойидаги мурожаатномасида эълон қилганди. Унга кўра, барча давлат идораларида раҳбарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосари лавозими киритиляпти. Бу лавозим эгаси Президент администрациясига бўйсунади; оддий қилиб айтганда, Администрациянинг “куратори” вазифасини бажаради.
Шу сабабдан бўлса керак, дастлабки тайинловлар орасида Администрация ходимлари салмоқли ўрин эгаллаяпти: бу даргоҳнинг 4 нафар мулозими бу ҳафта ҳукуматдаги амалдорларга комплаенс бўйича ё маслаҳатчи, ё ўринбосар этиб тайинланди. Уларнинг фаолиятини Администрациянинг комплаенс хизмати бошлиғи Эркин Йўлдошев назорат қилади.
Шу тариқа, энди ҳар қанақа давлат идораси раҳбари – бу вазир бўладими, ҳокимми ёки гигант компания раисими – фарқи йўқ, комплаенсга масъул ўринбосарга эга бўлади ва ўша ўринбосарига ҳам, у бошқарадиган ички назорат бўлинмасига ҳам “тиши ўтмайди”. Декабр ойидаги президент фармонига асосан, бу бўлинма раҳбари ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичлари, яъни KPI қўлланилмайди; уларга KPI'га боғланган устамалар максимал миқдорда тўланади. Ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иштирок этади ва ташкилот раҳбарлари агентлик директоридан розилик олмай туриб, бўлинма ходимларини интизомий жавобгарликка торта олмайди.
Полиция?
Президент ҳузурида ўтган сешанба кунги йиғилиш асосан Ички ишлар вазирлиги фаолиятига оид эди. Йиғилишда Шавкат Мирзиёев соҳада “янги тарихни бошлаб берадиган” қарорлар қабул қилиш вақти келганини айтаркан, илғор хориж тажрибасидаги полиция ҳақида гапирди.
“Ҳозир ички ишлар патрул-пост, йўл-патрул, профилактика, тезкор-қидирув ва қўриқлаш хизматлари алоҳида-алоҳида ишламоқда. Шунинг учун ҳам чорраҳада турган йўл-патрул ходими жанжаллашаётган икки одамни ажратишни ўз хизмат вазифаси деб ҳисобламайди. Қўриқлаш хизмати ходимининг эса бинодан ташқарида тақиқлаш белгиси остида қолдириб кетилган машина билан иши йўқ. Патрул-пост машинасида хизмат ўтаётган ходим светофор ишламаётган чорраҳадан оддий ҳайдовчилар қаторида бефарқ ўтиб кетади.
Илғор тажрибада бу тузилмалар ягона организм сифатида ишлайди, полиция “Бу менинг вазифамга киради, буниси кирмайди” деган гапни айтмайди. Ҳар бир ҳолатга “лаббай” деб жавоб бергани учун ҳам аҳоли уларни ҳимоячиси деб билади”, – деди президент.
Маълум бўлишича, ички ишлар органларининг аҳоли билан бевосита ишлайдиган тарқоқ тузилмаларини янги тизимга ўтказиш бўйича фармон лойиҳаси тайёрланяпти. Бу фармон асосида ички ишлар органида хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, ППХ, ЙПХ, профилактика, тезкор-қидирув ва қўриқлаш хизматлари аҳолига хизмат кўрсатувчи сервис тузилмаларига айлантирилади. Бунда, фуқаронинг кўчада формали ходимга қилган мурожаати “102”га хабар берган билан тенг бўлади.
Шунингдек, профилактика инспекторларининг формасини “замонавий, халққа ёқадиган” қилиб ўзгартириш, уларнинг ишини рақамлаштириб, “овозли тушунтириш хати” олиш амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Янги тизимда инспекторлар фаолиятига баҳо беришда улар нечта протокол тузганига қаралмаслиги айтиляпти. Патрул гуруҳлари эса ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келиши керак. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига БҲМнинг 5 фоизи, яъни 20 600 сўмдан компенсация тўланиши белгиланди. Шу ва бошқа ўзгаришларнинг бир қисми даставвал намуна сифатида Тошкент шаҳрида жорий этилиши кутиляпти.
Йиғилишдан кейин ички ишлар вазирига бирданига 4 та янги ўринбосар тайинланди, охирги пайтларда тизим билан боғлиқ кўплаб салбий ҳолатлар кузатилган Фарғона вилояти ИИББда бошлиқ ўзгарди. Рокировкалардан бирининг занжири қуйидагича: ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Раҳматуллаев Фарғона вилояти ИИББ бошлиғи этиб тайинланди, бу лавозимдаги Азизбек Икромов фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига ўтказилди, вазир сифатида ишлаб келган Ботир Қудратхўжаев эса Раҳматуллаев ўрнига ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлди.
Бундан ташқари, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Баҳодир Тошматов – Миллий гвардия қўмондони, аввалги қўмондон Рустам Жўраев эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилди. Ички ишлар вазирининг янги тайинланган яна икки ўринбосари Диёрбек Сатторов ва Равшан Мирзаев бунгача Президент администрациясида ишлаётган эди.
Солиқ: Мубин Мирзаев ва Юнусжон Насимжонов ишдан олинди

Ўша кунги йиғилишда Тошкент шаҳри солиқчилари ҳам танқидлар нишонига айланди. Президентнинг айтишича, айрим солиқ бошлиқлари тадбиркорларга ҳомийлик қилиб юрибди. Охирги 2 йилда пойтахт солиқ идораларининг 19 та ходими коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан энг охиргиси – ўтган ҳафта ишдан олиниб, устидан жиноят иши қўзғатилган Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Дилшод Усмонов. У инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадда ижарага бериб, 315 миллион сўмни ўзлаштиргани, иш фаолиятида гуруҳбозликка ва маишатбозликка берилгани айтиляпти.
Давлат раҳбари “Малика” бозоридаги солиқдан қочишлар ҳақида гапираркан, у ердаги яширин иқтисодиёт даражасини “аянчли” деб таърифлади. Шавкат Мирзиёевга кўра, “Малика”да 1,5 мингга яқин тадбиркор бор, лекин уларнинг атиги тўртдан бири рўйхатдан ўтган; 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаяпти. Биргина декабр ойида 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.
Атиги 1 ойда нақ 600 миллиард сўмлик тушумнинг яширилишига кўз юмаётган солиқчилар, ғазнани тўлдириш учун интизомли солиқ тўловчиларнинг бўйнига осилиб олган. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси 46,4 мингта корхонадан 876 миллиард сўм ортиқча солиқ ундирган. Йиғилишда шу каби ҳолатларга ким жавобгар экани айтилди: 7 йилдан бери Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Мубин Мирзаев “лоқайд ва масъулиятсиз” деган айбловлар билан ишдан бўшатилди.
Мирзаев билан бирга, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжонов ва Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳожиакбар Муллажонов ҳам ишдан олинди. Президент бу икки солиқчининг фаолиятини текшириб, “қонун устуворлигини таъминлаш”ни буюрди. Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг пойтахт бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ғаниев ҳам курсисини тарк этди – давлат раҳбарига кўра, у қўштирноқ остидаги “тадбиркор”ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юрган.
Мобил алоқа абонентларига қулайликлар
Мобил алоқа хизматида истеъмолчилар учун кутилмаган ва ёқимли янгилик: тариф режасини ўзгартириш энди бепул бўлади. Шу ва бошқа қатор ўзгаришлар рақамлаштириш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган янги таҳрирдаги “Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари”дан жой олган.
Янги қоидаларга кўра, мобил алоқа абонентлари тариф режасини амалдаги бошқа бир тариф режасига бепул алмаштириш ҳуқуқига эга. Фақат муайян гуруҳ ёки чекланган доира учун ишлаб чиқилган алоҳида тарифлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, жисмоний шахслардан тариф режаси бўйича абонент тўлови ва ресурслардан фойдаланганлик учун пул ечиб олишда абонентнинг балансини минусга киритиб қўйиш тақиқланди.
Шунингдек, балансда маблағ етарли бўлмаганда, шартноманинг бекор бўлиш муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилди. Рақамни сақлаб қолган ҳолда бошқа компанияга кўчириб ўтказиш эса аввалгидек 8 соат ичида эмас, 20 дақиқа ичида амалга оширилади.
Янги қоидаларга кўра, абонентнинг розилигини олмай туриб пулли қўшимча хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пулли қилишга йўл қўйилмайди. Санаб ўтилган янгиликлар 3 ойдан кейин, 28 апрелдан кучга киради.
Газ қазиб чиқариш ҳисоботларида улкан тафовут пайдо бўлди
“Ўзбекнефтгаз”да танқидлар билан раҳбар алмаштирилганидан кейин, компания фаолияти 20 кун ичида иккинчи марта президент ҳузурида муҳокама қилинди. 30 январ кунги йиғилишда айтилишича, “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги корхоналар 2025 йилда 25,2 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарган. Бу – прогноздаги кўрсаткичдан 1,3 млрд куб метрга кам. Янги раис Абдуғани Сангинов 2026-2027 йилларда қазиб чиқариш ҳажми “барқарор даражада таъминланиши”ни айтмоқда.
Газ масаласида шу ҳафта Статистика қўмитаси эълон қилган рақамлар алоҳида эътиборга молик. Гап шундаки, қўмита 2024 йил якуни бўйича эълон қилган ҳисоботда 44,6 млрд куб метр газ қазиб чиқарилгани кўрсатилган эди. 2025 йил якуни бўйича ҳисоботда эса, 2024 йилги қазиб чиқариш ҳажми аслида 41,3 млрд куб метр бўлгани қайд этилган. Яъни, дастлабки ҳисоботда кўрсатилган газдан 3,3 млрд куб метри аслида қазиб чиқарилмаган экан. 3,3 млрд куб метр – кичкина рақам эмас, бу – бир ойлик қазиб чиқариш ҳажмига тенг.
Бирламчи статистикадаги бундай катта хато қандай юзага келгани тушунарсиз; расмийлардан бу борада изоҳлар бўлмади. Изоҳларнинг йўқлиги эса “қўшиб ёзиш” ёки бошқа гумонларни ўртага чиқаряпти. Боз устига, рақамларнинг 3 ой ё 6 ойдан кейин эмас, 1 йилдан кейин ўзгариб қолиши, бу ўзгариш – газ соҳасига масъул иккита катта амалдорнинг бир вақтдаги истеъфоси, уларнинг истеъфосига нима сабаб бўлгани айтилмагани, улардан бири кейинроқ номаълум сабаблар билан қамоққа олингани ортидан рўй бериши – саволларни янада кўпайтиради.
Халқаро энергетика агентлиги ҳисоботидан маълум бўлишича, Россия 2025 йилда Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришни 30 фоизга кўпайтириб, 7 млрд куб метрдан оширишга эришган. Бу ҳафта “Росатом” бош директори Тошкентга келиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлди. Расмий релизга кўра, томонлар қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда ядро технологияларини қўллаш, кадрлар тайёрлаш каби масалаларни муҳокама қилган.

Лихачёв рус нашрларига берган интервюсида “бу йилги асосий вазифа – ядровий оролдаги биноларнинг пойдевори учун бетон қуйишни бошлаш” эканини айтди. “Муддатларга риоя қилиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, биз шу йилнинг баҳорида бетон тайёрлаш ишларини бошлашга ҳаракат қилмоқдамиз”, деди Лихачёв.
Қизиғи, “Росатом” раҳбарининг Тошкентда пайдо бўлиши ва “муддатларга амал қилиш муҳим, биринчи бетонни баҳорда қуймоқчимиз” деб баёнот бериши – 2026 йилги давлат дастури лойиҳаси эълон қилинишидан саноқли кунлар ўтиб рўй берди. Дастур лойиҳасида Жиззахдаги АЭС учун бетон қуйишни бошлаш 2026 йил декабр ойига белгиланган. Бу эса матбуотда аввалроқ март ойида дейилган муддатнинг декабргача чўзилиши ҳақидаги сарлавҳаларга сабаб бўлганди. Бунга “Ўзатом” агентлиги тезда муносабат билдириб, аввал эълон қилинган муддатлар ўз кучида қолиши, давлат дастури лойиҳасида эса консерватив сценарий келтириб ўтилганини маълум қилди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ташқи ишлар вазирлигида Россия элчиси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда расмий Тошкент Россиядаги рейдларда ўз фуқароларининг ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилди. Муҳожир ватандошларнинг инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга, дейилади ТИВ баёнотида. Бу ҳолат охирги пайтларда Марказий Осиёни тилидан қўймаётган Москвадаги пропагандачиларга ёқмади. Соловёвнинг дастуридагилар рус элчисининг чақирилганидан нолиб, Марказий Осиё сиёсатчиларини “асаби бузуқлар” деб атади. “Биз уларни эркалатиб юборганмиз, улар ўз ўрнини билиши керак”, деди Сергей Михеев исмли шовинист. Тармоқларда Михеев ва ундан аввалгиларнинг ҳаммасини биттада персона-нон-грата деб эълон қилишга чақириқлар янграмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Туркияда бўлди. Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари қўшма баёнот ва ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарорни имзолади, икки ўртада бошқа ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Ўзбек халқининг зилзиладан жабр кўрган қардош турк халқига ёрдами ўлароқ Ҳатай вилоятида қурилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасини президентлар тантанали тарзда очиб беришди. Арсуз туманидаги бу мажмуа 24 та кўп қаватли уйдан иборат бўлиб, 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадонларни ўз ичига олади. Шавкат Мирзиёев Ҳатай аҳолисини Наврўз байрамида Ўзбекистонга 5 кунга олиб келишни ва Андижон-Самарқанд-Хива йўналишида саёҳат қилдиришни таклиф этди. Шунингдек, Истанбулда илк ўзбек мактаби қурилишига старт берилди.
Ўзбекистонда туғилишлар кетма-кет иккинчи йил қисқарди. Расмий статистикага кўра, 2025 йилда 880 мингта туғилиш қайд этилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 5,1 фоиз ёки 46,8 мингтага кам. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, фертиллик статистикаси ҳали янгиланмаган, шу сабабли туғилишлар камайишига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида хулоса чиқариш ҳозирча қийин. Бошқа бир таниқли иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса туғилишларнинг кетма-кет иккинчи йил қисқарганини катта хавотир билан қарши олди. “Бу – катта муаммо. Ҳақиқий, ечими жуда қийин бўлган ва тўғриси, Ўзбекистондек даромади кам мамлакат учун балки ечиб бўлмас даражада хавотирли хабар”, дея ёзди Ҳошимов.
Самарқандда Зарафшон дарёси ўзанларини ғорат қилиш давом этяпти. Экология қўмитасининг аниқлашича, дарёнинг Тойлоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи ўзанида мораторийга қарамай тунги вақтларда жуда катта миқдорда шағал қазиб олинган. Шағал Ургут тумани ва Самарқанд шаҳрини боғловчи янги темирйўл линиясидан ошиб ўтган ҳолда ташилган, бунинг учун темирйўл релслари орасига бетонлар ташланган. Хомашё кейинчалик “Zarafshon Propriety Service” МЧЖ ҳудудига жойлаштирилган. Табиатга етказилган зарар қарийб 423 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Бу – салкам 35 млн долларга тенг. Экология органи тўпланган ҳужжатларни прокуратурага тақдим этди.
Мавзуга оид
16:05 / 31.01.2026
“Жиддий маъмурий ислоҳотлар бўлмаса, муаммо такрорланади” – Ҳамид Содиқ
00:00 / 31.01.2026
Ойликка ишламаётган чиновниклар. Нега бундай бўляпти?
18:41 / 30.01.2026
Президент ҳузурида “Ўзбекнефтгаз”нинг келгусидаги устувор вазифалари кўриб чиқилди
16:12 / 30.01.2026