Жамият | 15:39 / 03.03.2021
12606
6 дақиқада ўқилади

Интеллектуалларни бирлаштирган клуб – «Заковат» аъзолари билан суҳбат

«Заковат» интеллектуал ўйини кўпчиликда болалик хотираларини уйғотади. Бу ўйин илк марта эфирга кетган 2001 йилдан бери кўплаб ўзбек хонадонлари учун қадрли кўрсатув бўлиб келмоқда. Интеллектуаллар клуби 2021 йилдан бошлаб янги босқичга қадам қўйди.

Бир неча ой олдин «Заковат» эфирдан олингани маълум бўлгач, Масс-медиа фонди раҳбарлари Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева клубни ҳомийликка олди. Кўп ўтмай «Заковат» ННТ сифатида давлат рўйхатидан ўтди ва янги мавсум ўзгача тарзда бошлаб юборилди.

Клубга аъзо бўлиш учун ариза топширганлар сони 13 мингдан ортиқ. Kun.uz тажрибали заковатчилар ва интеллектуал клубнинг янги аъзолари билан суҳбатлашди.

«Илк ўйинимга 20 йил, жамоамни ташкил этганимга 10 йил бўлди»

Жобир Аҳмедов, Тошкент тиббиёт академияси декан ўринбосари, «Заковат» магистри:

— «Заковат» илк ташкил топган пайтда мен тиббиёт институтининг 2-босқич талабаси эдим. Орадан 20 йил ўтди. Шу муддат орасида ўйинни бирор марта ташлаб қўйган вақтим бўлмади. Доимий машқларда, суратга олиш жараёнларида қатнашиб келяпмиз.

Ўйинда иштирок этишим қизиқиш туфайли бўлган. 20 йил олдин кўрсатувнинг илк сони эфирга кетганда, «Нима учун мен ҳам боришим керак эмас, мен ҳам шу саволларга жавоб топа оламан-ку», деган фикр пайдо бўлган ва кастингларда қатнашганман.

Дастлаб Ғанишер Раҳматуллаев жамоасида ўйнаганман, ўз жамоамни ташкил қилганимга эса 10 йилдан ошди. Ҳозиргача шу жамоамиз билан машғулотларда, мусобақаларда қатнашиб келамиз.

20 йилдан бери «Заковат» клубида қатнашиб келаётган бўлсак, фақатгина экран ўйинлари учун у ерга бормаймиз. Тўғри, экран ўйинлари фаолиятимизни кўрсатиб берувчи асосий манба. Лекин эфирсиз ҳам фаолиятимиз тўхтаб қолмасди.

Ўйин эфирдан олинган маълум муддат хавотирга тушдик. Саҳнадан тушишимиз ёки эътибордан четда қолишимизни ўйлаб эмас. Енгил-елпи ёки фақат кўнгилочар эмас, одамларни фикрлашга, муаммоларга ечим топишга ўргатадиган ўйин олиб ташланса, томошабин нимани кўради, деб хавотирга тушгандик.

«Илк эфирга чиқишим тасодифий бўлган»

Бобур Ёқубов, Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали давлат суд-эксперти, «Заковат» клуби магистри:

— «Заковат» клуби илк ташкил этилган йиллари билимли, ақлли ёшларни таклиф этишяпти, деб мени ҳам чақиришганди. Ўшанда ўйинни биринчи марта телевизор орқали кўрганман ва Миллий университетнинг маданият саройидаги клуб йиғилишига қатнашганман. Биринчи марта имтиҳондан ўтиб, ҳар ҳафта 2 марта бориб турадиган бўлдик.

Илк эфирга чиқишим тасодифий бўлган: режиссёрлар жамоасининг ўйини суратга олиниши керак эди. Улардан бир киши кела олмай қолган: Ғанишер Раҳматуллаев, Нуриддин Қосимов ва Зулфиқор Мусоқовлар жамоасида ўйнаганман.

Кейинроқ ўз жамоамизни туздик, 4-5та жамоалар ўйнай бошлагач, мавсум ўйинларини ўтказа бошладик. Шу тахлит ўйинлар доимий давом этиб кетди.

«Заковат» энг яхши лойиҳалар бошланиши учун туртки бўлиши керак»

Никита Макаренко, янги ташкил этилаётган «Заковат» рус лигаси пиар директори:

— «Заковат» клуби энг истеъдодли, интеллекти баланд ёшлар учрашадиган ва фикр алмашадиган масканга айланади. Ва бу клуб турли соҳаларда энг яхши лойиҳаларнинг бошланиши учун туртки бўлади.

Масалан, биз нимага Силикон водийсини жуда кўп тилга оламиз. Бу водийда ҳам аввалига фақат Стенфорд университетининг кампуси жойлашган. У ерда дастурчилар, дизайнерлар, рассомлар, тадбиркорлар ўзаро учрашган ва турли соҳа вакилларининг мулоқотлари охир-оқибатда катта лойиҳалар бошланишига сабабчи бўлган.

Ишонаманки, «Заковат» клуби ҳам худди шундай вазифани бажаради.

Яхши «заковатчи» бўлиш учун

Жобир Аҳмедов тавсиялари:

1. Интеллектуал ўйинлар учун саволлар тузиш керак. Инсон қанча кўп савол тузса, шунча кўп нарса ўрганади. Битта саволни тузишга ойлаб вақт кетиши мумкин. Бу пайт инсон ўша саволга алоқадор турли йўналишдаги билимларни ўрганади, уни мантиққа боғлайди. Тўғри, бошида тузилган саволлар ўхшамаслиги мумкин, лекин кейинги уринишларда саволлар мазмуни ҳам яхшиланиб бораверади.

2. Интеллектуал ўйинлар билан доимий шуғулланиш. Ҳозир интернетда ҳам очиқ платформалар кўп. Уларда қатнашиш ва натижаларни доимий назорат қилиб бориш керак.

3. Ёшларнинг ўзи ҳам интеллектуал ўйинларни ўтказишга қизиқиши керак. Бунинг билан ҳам бошқаларнинг қизиқишини ошириш, ҳам ўзлари кўпроқ мотивация олишлари мумкин.

Бобур Ёқубов тавсиялари:

— Билим олишнинг эрта-кечи йўқ. Киши бирор нотаниш нарсани кўрганда, нотаниш нарсани эшитганда, унинг нима экани, қандай маъно англатишини билишга қизиқиши лозим. Шундай йўл билан инсон қайси ёшда бўлса ҳам, кўп нарса ўрганиши мумкин. Кўп нарса билиш эса фақат фойда беради.

Клуб 2021 йилдан фаолиятини кенгайтиргач, турли соҳаларда фаолият юритувчи кўплаб жамоатчилик фаоллари унга аъзо бўлди. Кўрсатув учун интервью берган ФИДЕ мастер Ҳулкар Тоҳиржонова, тадбиркорлар – Asaxiy.uz асосчиси Фируз Аллаев, Paynet ва LeBazar асосчиси Ботир Орифжонов ҳам шулар жумласидан.

Кўрсатувни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид