Ўзбекистон | 18:16 / 23.09.2019
12270
3 дақиқада ўқилади

Халқ демократик партияси нимадан воз кечди?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди тадбирларни, аҳоли билан учрашувларни бутунлай янгича шаклда ўтказишга интилмоқда.

Пойтахтимиздаги сўлим “Ашхобод” сайилгоҳида янгича усулда ўтказилган тарғибот тадбири бунинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан холи тарзда очиқ майдонда ўтказилди.

Янгича форматдаги тадбирни Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очиб, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида қисқача маълумот берди.

 Партия, биринчи навбатда, давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли вакилларининг манфаатларини ифода этиши, ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғоялари учун курашишини таъкидлади.

– Бу йилги сайлов халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортган бутунлай янгича муҳитда ўтиши кутиляпти. Таъбир жоиз бўлса, янги Ўзбекистон янги сайловларга кириб боряпти. Шунинг учун сайловчилар сиёсий партиялардан қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси буни чуқур англаган ҳолда сайлов кампаниясига киришди.

Сайловолди дастурини кабинетда ўтириб эмас, оддий одамлар билан бамаслаҳат иш тутиб ёзишга алоҳида эътибор берилди. Яъни, биз аввал қандай масалалар муҳим эканини, қандай муаммоларни ҳал этишни орқага суриб бўлмаслигини халқимиз вакилларидан сўрадик. Шу асосда олдимизда турган вазифаларни белгилаб олдик, – дейди партия етакчиси.

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова одамларни ўйлантириб келаётган, партия Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, коммунал хизматлар тарифларини мувофиқлаштириш бўйича партия илгари сураётган ташаббуслар ҳақида маълумот берди.

Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар учун байрамона дастур намойиш қилинди. Республика Қўғирчоқ театри жамоаси ижросида эртакнамо саҳна кўринишлари тақдим этилди.

Иштирокчиларга сайловлар, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар ҳам совғаларга эга бўлди.

Халқ демократик партияси очиқ майдондаги янгича тарғибот тадбирларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказишни режалаштирган.

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид