Ўзбекистон | 10:33 / 15.02.2022
25053
4 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримова томонидан хорижга ноқонуний олиб кетилган мол-мулклар Ўзбекистонга қайтарилмоқда

Адлия вазирлиги Франциядан яна 10 млн доллар қайтарилгани, Швейцария 131 млн доллар қийматидаги активларни қайтаришга тайёрлиги ҳақида хабар берди. Маблағлар Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланиши маълум қилинган.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Швейцария, АҚШ, Франция, Россия ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан Гулнора Каримова ва унинг шериклари томонидан жиноий фаолиятдан орттирилган ва қонунга хилоф равишда мамлакатдан ташқарига олиб кетилган мол-мулкларни қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.

Хабар қилинишича, ваколатли давлат органларининг Гулнора Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш бўйича амалга ошираётган ишлари натижасида яқинда Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилган.

«Ўзбекистон Республикаси Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан Г.Каримова ва унинг шериклари томонидан жиноий фаолиятдан орттирилган ва қонунга хилоф равишда мамлакатдан ташқарига олиб кетилган мол-мулкларни қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ўзбекистон ваколатли давлат органларининг Г.Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш бўйича амалга ошираётган ишлари натижасида яқинда Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг май ойида ҳам Франциядан 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган эди. Шу билан бирга, жорий йил 11 февралда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Унда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Мазкур Жамғармадан Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш юритуви доирасида тўлиқ мусодара қилинган активларни қайтариш учун фойдаланилади. Шунингдек, Жамғарма Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун хам хизмат қилади. Ҳозирги кунда тахминан 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўптомонлама траст жамғармаси бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади. Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади. Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади.

Ушбу лойиҳалар Жамғарма фаолиятида иштирок этувчи БМТ тизимидаги ташкилотлар томонидан бошқа ижрочи шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Барча лойиҳалар БМТнинг қоида ва низомлари асосида тузилган Жамғарманинг мониторинг ва баҳолаш тизимига мувофиқ назорат қилиб борилади. Фуқаролик жамияти институтлари Жамғарма фаолиятида маслаҳатчилар сифатида иштирок этади.

Қўшимча қилинишича, жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлайди. Ушбу келишув имзоланганидан кейин Жамғарма ва унинг фаолияти ҳақида қўшимча батафсил ахборот берилади.

Бундан ташқари, Москва шаҳар суди томонидан Ўзбекистон судларининг Гулнора Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари тан олинди ва ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистонга қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда. Қайтарилган маблағлар мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланади.

Мавзуга оид