Афғон армияси ҳудудларни бирма-бир топширмоқда. АҚШ кетгач Афғонистонда нималар бўлади?
«Толибон» Америка қўшинлари мамлакатни бутунлай тарк этиши билан Афғонистоннинг йирик шаҳарларини эгаллаб олиш учун тайёргарлик кўрмоқда. АҚШ президенти Жо Байденнинг режасига кўра, америкалик ҳарбийларни олиб чиқиш жараёни 2021 йилнинг 11 сентябрида якунланиши керак.
24 июнь куни CNN телеканали толиблар йирик шаҳарлардан бири Мозори-Шариф (Афғонистоннинг шимолий вилоятларини ва мамлакатни қўшни давлатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Тожикистон билан боғловчи транспорт тугунида жойлашган) атрофига келиб жойлашгани ҳақида хабар берди. Толиблар 2001 йилда ўша вақтда иттифоқчилар бўлган АҚШ ва Россия, шунингдек, замонавий фикрловчи ва Ғарбга мойил бўлган Шимолий альянс дала қўмондонлари иштирокида ўтказилган афғон операцияси бошида ушбу шаҳардан сиқиб чиқарилганди.
Бугунги кунда асосан мамлакат жанубидаги пуштунлардан таркиб топган «Толибон» ҳаракати шимолдаги бошқа халқлар - ўзбеклар, тожиклар, ҳазорийлар ва бошқалар истиқомат қилувчи ҳудудларга дадиллик билан юриш қилмоқда. 22 июнь куни маркази Мозори-Шариф ҳисобланадиган Балх вилояти губернатори тожикларнинг «Афғонистон ислом жамияти» партиясидаги тарафдорларини (1990-йиллар бошидан буён Шимолий альянс таркибида толибларга қарши курашиб келган) яна бир бор қўлга қурол олиб, ерларини ва халқни ҳимоя қилишга чақирди.
Аммо ҳаракат жангарилари, CNN’нинг дипломатик таҳлилчиси Ник Робертсон таърифлаганидек, худди шер ўз ўлжасини иложсиз ҳолатда қолдиргани каби Мозори-Шарифни қуршаб олган. Улар ҳукумат кучларидан ҳудудларни бирин-кетин тортиб олишмоқда: 2021 йил майидан буён, «Толибон»нинг ўзининг баёнотига кўра, уларнинг ихтиёрига 90 туман ўтган, БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайоннинг маълумотига кўра мамлакатдаги 370 тумандан камида 50таси толиблар қўлида. Унинг аниқлик киритишича, эгаллаб олинган ҳудудларнинг катта қисми йирик шаҳарлар атрофида жойлашган. «Бу шуни англатадики, толиблар хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетиши билан мамлакат пойтахтига киришга тайёрланишмоқда», — дейди Лайон CNN учун берган изоҳида. 21 июнь куни жангарилар шимолий чегаралар яқинидаги Шерхон-Бандар шаҳрини эгаллашди — бу 2000 йилдан буён илк бор шаҳар толиблар назоратига ўтишидир, — энди Тожикистондан уларнинг рақибларига қарши халқаро ёрдам келадиган муҳим ўтиш йўлаги уларнинг назоратида. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, уларнинг ҳужуми оқибатида ҳукумат ҳарбийларидан 100дан ортиғи ўлдирилган ёки асирга олинган, 134 нафар ҳарбий қўшни Тожикистонга чекинишга мажбур бўлган.
Америкалик иттифоқчилар кўмагисиз қолаётган афғон ҳарбийлари шу қадар тушкунликка тушишганки, улар кўп ҳолларда толибларга жангсиз таслим бўлишмоқда. CNN ихтиёрига келиб тушган видеоёзувда афғон ҳарбийлари жангариларга бирорта ўқ узмасдан америкаликлар берган ҳарбий техникаларнинг бутун колоннасини топширишгани акс этган - масалан, «Толибон» бирорта қора бозорда олиши иложсиз бўлган Humvee зирҳли техникасини. The Wall Street Journal Афғонистоннинг кўплаб туманлари муқаррар мағлубият тан олинган ҳолда оқсоқолларнинг жангарилар билан музокаралари натижасида таслим бўлаётгани ҳақида ёзган. Рақиб томонга ўтган афғон армияси аскарларига эса толиблар маош ҳам тўламоқда - улар кўп ойлардан буён иш ҳақисиз хизмат қилиб келаётганди.
22 июнь куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд толиблар ҳукуматни ҳарбий йўл билан қўлга олган тақдирларида ҳам халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмасликлари ҳақида огоҳлантирди. «Биз „Толибон“ учун яна бир такрорламоқчимиз, ҳарбий йўл ҳаракат учун қонунийликни тақдим этмайди. Биз Хавфсизлик Кенгашидаги ва Европа мамлакатларидаги, Хитой ва Россиядаги ҳамкасблар билан бир неча марта маълум қилганмизки, афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Жаҳон Афғонистонда ҳокимиятга зўрлик билан келган кучларни ҳам, «Ислом амирлиги» тикланишини ҳам тан олмайди», деган БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Томас-Гринфилд..
Халқаро даражада тан олиниш — «Толибон» ва АҚШ ўртасида, 2020 йил февралида Дональд Трамп президентлиги даврида Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган музокараларнинг муҳим шарти бўлганди. Ўшанда толиблар афғон ҳукумати билан тинч музокараларга киришга, «Ал-Қоида» сингари халқаро террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликни тўхтатишга ваъда берганди — аммо якунда ҳеч бир ваъда бажарилмади. БМТнинг июнь ойи бошида берган ҳисоботида қайд этилишича, ҳукумат кучларига ҳужумлар сони ортган, «Ал-Қоида» билан алоқалар сақлаб қолинган.
Толибларнинг шимолга юриши бошланишидан аввалроқ АҚШдаги ҳарбий таҳлилчилар халқаро кучлар мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин Кобулдаги марказий ҳукумат яна икки йилча умр кўришини тахмин қилишганди — америкалик ҳарбийлар Вьетнамдан кетганидан кейин Сайгондаги ҳукумат коммунистларнинг Вьетнам халқ армияси ҳужумлари остида йиқилишигача тахминан шунча вақт ўтганди. Аммо The Wall Street Journal сўнгги вақтларда уларнинг прогнозлари ёмонлашгани ҳақида ёзган: нашрнинг манбалари энг яхши эҳтимолда Кобулнинг қулашига ярим йилдан 12 ойгача муддат қолган деб ҳисоблашмоқда.
Халқаро коалиция ҳарбийларига асосан таржимонлик қилиб воситачи вазифасини бажарган ўн минглаб афғонларнинг тақдири эса алоҳида ташвиш уйғотади. «Толибон» уларни хоинлар деб баҳолайди, «Ал-Жазира» телеканали репортажида айтилишича, аллақачон нафақат таржимонларнинг ўзини, балки қариндошларини ҳам намойишкорона қатл этишни бошлашган. АҚШ ҳарбий-денгиз қўшинларининг истеъфодаги адмирали Жеймс Ставридис (у Афғонистондан америкалик ҳарбийларни шошилинч олиб чиқишга қарши чиққанди) Bloomberg Opinion сайти учун колонкасида оммавий эвакуация қилиш ишларини ташкил этиб бўлса ҳам, АҚШнинг ҳамкорларини «Толибон»дан қутқариш учун барча чоралар кўрилиши кераклигини таъкидлаган — аксинча уларни америкаликларнинг Вьетнамдаги иттифоқчилари тақдири кутади. Собиқ ҳарбий, Массачусетс штатидан Вакиллар палатаси аъзоси бўлган Сет Мултон 20 минг таржимон ва бошқа афғонларни эвакуация қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаган. «Афғонистон тақдири аён, бу урушда енга олмадик, аммо урушни янада шармандали ютқазиш учун кўплаб вариантлар бор», деган у The Wall Street Journal учун берган изоҳида.
Мавзуга оид
21:23 / 28.12.2024
Покистон-Афғонистон чегарасида жанглар бошланди
19:50 / 28.12.2024
Ўзбекистонлик шифокорлар Афғонистонда 1300 нафардан зиёд инсонларни бепул тиббий кўрикдан ўтказди.
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024