Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Пулни оладиган одам йўқ» — Самарқандда ёппасига электр таъминотидан узиб қўйилган тадбиркорлар сарсон бўлишмоқда
8 февраль куни таҳририятимизга Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат қилишди. Улар электр таъминоти узиб қўйилгани сабаб ишлари тўхтаб қолганини айтишди. Қизиғи, тадбиркорлар келганда Kun.uz’нинг Самарқанддаги мухбирлик бўлинмасида ҳам чироқ ўчганди. Вазият нимада эканини билиш учун Самарқанд шаҳар «Энергосотиш» корхонасига бориб, тумонат одамни кўргач вазият жиддий эканини сездик.
У ерда битта касса ишлар ва одамлар пул тўлаш учун ўша касса олдида навбат кутарди. Биз билан суҳбатда тадбиркорлар шундай дейишди: «Янги АСКУЭ тизимига ўтилгач, доим тўловларни олдиндан қилиб турдик, лекин барибир электрни узиб қўйишяпти. Ахир бугун шанба, банк ишламайди, қандай қилиб тўлов қилайлик? Пулни оладиган одам йўқ».
Баъзи тадбиркорларнинг айтишича, олдиндан тўлов қилганига қарамай, электр таъминотидан узиб қўйилган. Уларнинг даъвосига кўра, депозитда (яъни захирада) турган киловатт камайгани учун ҳам чироқ ўчирилган, ваҳоланки тадбиркор захирада киловатти бўлиши билан бирга олдиндан тўлов ҳам қилиб қўйган. Бизга маълумот беришларича, бир кунда 2400 нафар юридик ташкилот қарздорлик сабаб, МИБ томонидан электр таъминотидан узилган (жумладан, бизнинг офисда ҳам чироқ қарздорлик сабаб ўчгани маълум бўлди).
Тадбиркорларнинг муаммо бўйича фикрларини эшитгач, кассада одам камроқ бўлади, деган тусмол билан МИБга бордик, аммо у ерда фақат жисмоний шахслар учун тўлов қабул қилинаркан. Яъни, МИБ кассасидаги дастур 7 рақамли ҳисоблагичларга мослашган, юридик ташкилотларнинг ҳисоб рақамлари эса 6 рақамли.
Юридик ташкилотга рўйхатдан ўтган ҳисоблагичга на Click, на Paynet ва на банк орқали пул ташлаб бўлмайди (ҳар ҳолда биз борганда бирорта банкдан пул тўлаб бўлмади). Фақат «электросеть» кассасида навбатда туриб пул тўлашингиз керак. Масалан, жисмоний шахсга рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамига Click, Paynet, банк, банкомат орқали, хуллас ҳар қанақасига пул тўлай оласиз. Дарвоқе, охирги вақтларда жисмоний шахсларга рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамини Click орқали текшириб бўлмаяпти. Хуллас бу борада техник муаммолар одамларнинг жуда кўп вақтини олмоқда.
Туриб-туриб ўйлаб қоласан киши, наҳотки ўтган йиллар мобайнида газ ва электр учун тузук тўлов системаси ишлаб чиқолмаган бўлсак. Ахир худди мобил алоқадаги каби тизим яратиш шунчалик қийинми? Пул тўлайсан — газ бор, электр бор, пўл тўламайсан — ҳеч нарса йўқ, оддий арифметика. Телефоннинг пули тугаса, пул ташлайсиз ва ўша заҳотиёқ яна алоқадасиз, аммо электр учун ҳисоб рақамингизда пул тугаса, бу катта бошоғриқ: «электросет»га бор, навбатда тур, пул тўла, тўловни активлаштир, ундан ҳам кейин чироқ ёнишини бир кун кут!
Самарқанд шаҳар «Эенергосотиш» ходимлари тўлов тизимини соддалаштириш уларнинг ҳам ишини камайтиришини айтди. Кассадаги узундан-узун навбат ишчиларга ҳам ёқмаслиги аниқ. Биз борган куни битта кассирнинг тоби қочиб касалхонага тушиб қолганини айтишди. Ахир у ерга ҳамма алам билан боради, 10 кишидан бири аниқ кассирга қўполлик қилади, бу эса қўшимча асаббузарликни келтириб чиқаради.
15-20 йил аввал Ҳолливуд киноларидаги қаҳрамонлар ётган жойидан телефон орқали коммунал хизматлар учун пул тўлаётганини кўрардик, афсуски, техника асрининг 20-йилида ҳам биз ўшандай тизимга етиб кела олмаяпмиз...
Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:53 / 09.01.2026
Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилмоқда
15:41 / 07.01.2026
Диверсия туфайли Берлинда 25 500 квартира электрсиз қолмоқда
11:33 / 06.01.2026
Берлин блэкаути: ҳокимият кабел ёқиб юборилишини “сўл терроризм” деб атади
00:25 / 29.12.2025