Жаҳон | 18:59 / 29.05.2026
7402
9 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон келишувга яқин. Воситачилар муҳокама қилаётган 5 муҳим масала тафсилотлари

Меморандум - Эроннинг ядро дастури келажаги, Теҳрон учун тикланиш жамғармаси ва унинг музлатилган пуллари, АҚШ санкциялари ва Ҳўрмуз бўйича янада жиддийроқ музокараларга йўл очадиган асос бўлади. Шунга қарамай, бир қанча келишмовчилик нуқталари ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Фото: Getty Images / SBS News

Бир неча ҳафтадан бери Эрон ва АҚШ ўртасидаги воситачилар урушга чек қўйиши мумкин бўлган дастлабки келишувни пухта ишлаб чиқишга уринмоқда. Томонлар бир-бирини вақтни чўзиш ёки шартларни нотўғри талқин қилишда айблаши оқибатида бу уринишлар бир неча маротаба барбод бўлди.

Музокараларда иштирок этаётган дипломатларнинг айтишича, тортишувлар қанчалик узоқ давом этса, ҳар икки томон шунчалик асабийлашиши ва ўт очишлар кўпайиши мумкин. Бу эса кенгроқ дипломатик саъй-ҳаракатларни янада хавф остига қўяди.

Ҳозирги кунда ҳар икки томон розилигини олишга яқинроқ бўлган янги меморандум лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Аммо уларнинг айрим шартлар бўйича баёнотлари турлича ва президент Доналд Трамп уни ҳали тасдиқламаган.

Бу меморандум – Эрон ядро дастурининг келажаги, АҚШнинг санкциялари ва урушни расман якунлашни белгилаб берувчи янада жиддийроқ музокаралар учун йўл очадиган дастлабки асос бўлади.

New York Times нашри исмлари сир қолиши шарти билан гапирган Эрон ва АҚШ расмийлари, шунингдек музокараларда қатнашаётган икки дипломатга таяниб, сўнгги таклифда муҳокама қилинаётган айрим тафсилотларни очиқлади.

Ҳарбий ҳаракатлар якунланади, аммо…

Келишув лойиҳаси Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ҳужум қилмаслик тўғрисидаги пакт шартларини белгилаб бериши кутилмоқда.

Лойиҳа минтақавий миқёсга эга бўлиб, Ливандаги жангларни тўхтатишни ҳам ўз ичига олади. У ерда ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганига қарамай, Исроил ва Ҳизбуллоҳ сулҳни доимий равишда бузиб келмоқда.

002
Фото: Getty Images

Сўнгги шартлардан хабардор икки дипломатнинг айтишича, дастлабки келишув дастлаб 60 кунлик муддатга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни кўзда тутади. Бу томонлар ўртасида музокаралар олиб боришга имкон беради ва уни узайтириш имконияти ҳам мавжуд бўлади.

Англашув меморандумидаги юқоридаги шартлар фақат кенгроқ ва асосий битим бўйича музокаралар олиб бориладиган даврга тегишлидир.

Шунга қарамай, ноаниқликлар сақланиб қолмоқда, дейди манбалар. Музокаралар покистонликлар ва қатарликлар воситачилигида олиб борилган. Шу боис томонлар меморандумнинг айнан бир хил версияси устида ишлаётгани ёки Эронда келишувни тасдиқлаш учун ким ваколатга эга эканлиги аниқ эмас.

Ҳўрмуз – ҳамон асосий келишмовчилик нуқтаси

Февраль ойида АҚШ-Исроил ҳужуми бошланганидан кўп ўтмай, Эрон Ҳўрмуз бўғозини амалда ёпиб қўйиб, жаҳон иқтисодиётини ларзага келтирди. Бунга жавобан АҚШ кучлари Эрон портлари ва Кўрфаздаги энергетика объектларига қарши ўзининг денгиз блокадасини жорий этди.

Ҳўрмуз бўғози – тижорат кемалари учун муҳим сув йўли бўлиб, урушдан олдин дунёдаги нефть ва газнинг тахминан бешдан бир қисми у орқали ўтган.

АҚШнинг меморандум бўйича қарашига кўра, бўғоз зудлик билан қайта очилади. Аммо, АҚШ блокадаси сақланиб қолади ва Эрон кема қатновини қанчалик тиклашига қараб босқичма-босқич юмшатиб борилади. Бундан кўзланган мақсад – Эронни бўғозни тезда миналардан тозалашга ундашдир.

Эрон якуний битим бўйича музокаралар олиб борилаётган пайтда, денгиз қатновини 30 кун давомида урушдан олдинги даражага қайтаришга рози бўлган. Шунга қарамай, бўғозни миналардан тозалаш ва очиш жараёни бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Теҳрон бундан кейин нима бўлиши борасида Вашингтон билан ҳали ҳам баҳслашмоқда.

003
Фото: Reuters

Хусусан, Эрон расмийси АҚШнинг денгиз блокадаси «30 кун ичида» олиб ташланиши ва Ҳўрмуз бўғози музокаралар давомида очиқ бўлишини айтган. АҚШ расмийси эса Қўшма Штатлар буни амалга ошириш учун ҳеч қандай муддат белгиламаганини айтмоқда.

Бундан ташқари, эронлик музокарачилар ушбу муддатдан кейин Эрон ва Ўмон – бўғоздан ўтувчи кемалар учун қандайдир хизмат ҳақи жорий этиш ёки этмаслик ҳуқуқига эга, деган фикрида қатъий турибди.

Аммо, 27 май куни президент Трамп халқаро сув йўли якунда ҳеч қандай бож ёки тўловларсиз ҳамма учун очиқ қолиши ҳақидаги даъвосини яна бир бор такрорлади. Шу боис АҚШнинг баъзи музокарачилари бўғознинг узоқ муддатли мақомини музокараларнинг иккинчи раундига қолдиришни таклиф қилган.

Эрон учун урушдан кейинги «инвестиция жамғармаси»

Келишувга киритилган энг ҳайратланарли ва яқинда пайдо бўлган қўшимча, шубҳасиз, Эрон учун инвестиция жамғармасининг тилга олинишидир. Эрон расмийси ва бир дипломат буни 300 миллиард доллар деб баҳолади. Воситачиликка жалб қилинган бошқа манбалар бу миқдорни тасдиқламади.

Эрон расмийси буни якуний келишув имзоланган тақдирда Эронга ваъда қилинадиган «қайта тиклаш дастури» деб таърифлади. Музокараларнинг аввалги босқичларида Теҳрон бомбардимонлар натижасида кўрилган зарарларни қоплашни талаб қилган эди. Эроннинг баъзи расмийлари зарар миқдорини 300 миллиарддан 1 триллион долларгача баҳоламоқда.

Лойиҳадан хабардор дипломатлар буни халқаро «инвестиция жамғармаси» деб атади. Якуний битим имзоланган тақдирда Қўшма Штатлар унинг фаолиятига кўмаклашади. Жамғарма режалари музокаралар даврида батафсил муҳокама қилинади.

004
Фото: New York Times

Ушбу таклиф Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоф ва президентнинг куёви Жаред Кушнер томонидан илгари сурилган аввалги ғоянинг такрорланиши бўлиб кўринмоқда. Уларнинг иккиси ҳам кўчмас мулк инвесторлари бўлиб, келишувга эришилган тақдирда улар Теҳронда кўчмас мулк лойиҳалари ва ушбу жамғармани таклиф қилган.

Шунингдек, эронлик расмийлар ҳам АҚШнинг йирик нефть ва энергетика корпорациялари Эронга инвестициялар киритиши мумкинлигини таклиф қилган.

Ядровий музокаралар иккинчи босқичга қолдирилади

Келишув лойиҳаси ҳар икки томонга Эроннинг бойитилган урани тақдирини муҳокама қилиш мажбуриятини юклайди. Манбаларга кўра, бу мавзу музокараларнинг иккинчи босқичида бўлиб ўтади ва Эроннинг юқори даражада бойитилган қарийб 450 кг уран захирасини қандай йўқ қилишни ўз ичига олади.

Музокарачилар шунингдек, пастроқ даражада бойитилган яна 10 тонна ядровий материал билан ҳам шуғулланишларига тўғри келади.

Трамп дастлаб бу захиралар Қўшма Штатларга юборилиши кераклигини айтганди. Эрон эса бойитилган ураннинг бир қисмини халқаро инспекторлар назорати остида ўз ҳудудида суюлтиришни ва захиранинг бошқа қисмларини учинчи давлатга жўнатишни хоҳлайди.

Кейинроқ Трамп ҳам бироз мослашувчанлик кўрсатиб, халқаро инспекторлар назорати остида бойитиш даражасини суюлтириш ёки учинчи давлатга юбориш ҳам мақбул бўлишини айтди. Аммо у Эрон уранини Россия ёки Хитой қабул қилишидан мамнун эмас.

Лойиҳага кўра, икки томон якуний битим музокараларини олиб бораётганда, Теҳрон Вашингтоннинг санкцияларни оширмаслик ҳақидаги ваъдаси эвазига ўз ядро дастурини тўхтатиб туради. Агар якуний келишувга эришилса, АҚШнинг Эронга қарши амалдаги санкциялари вақт ўтиши билан олиб ташланади.

Эроннинг музлатилган активлари

Меморандум якуний натижада Эроннинг музлатилган маблағлари бир қисмини озод қилишга имкон бериши кутилмоқда. Бироқ, қоғозда ёзилган нарса икки томон оғзаки равишда келишиб олган нарсага мос келмаслиги ҳам мумкин.

Эрон хорижий банкларда тахминан 24 миллиард доллар пули музлатилгани даъво қилади ва улар озод қилинмасдан туриб жиддий музокаралар бошланиши мумкин эмаслигини таъкидлайди.

005
Фото: New York Times

New York Times'га кўра, бу Трамп учун жуда нозик мавзу. Чунки у собиқ президент Барак Обама маъмурияти 4 нафар америкаликнинг озод қилиниши эвазига Эронга 1,7 миллиард доллар юборганидан сўнг уни кескин танқид қилганди.

Обамага қараганда анча кўпроқ миллиардларни Эронга беришга йўл қўйиш Трампни – ҳам ўз мухолифлари, ҳам Эронга қарши амалдорлар ҳужумларига дучор қилиши мумкин. Шу боис Трамп ўз ёрдамчиларига – АҚШ Эронга тўғридан-тўғри нақд пул бераётганини кўрсатувчи ҳар қандай келишувни имзоламаслигини аниқ тушунтирган.

Ушбу сиёсий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, Трамп жамоаси – бошқа давлатлар, жумладан Қатар орқали Эрон пулларини ечишни кўзда тутадиган ғояларни ишлаб чиқмоқда. Манбаларнинг айтишича, лойиҳанинг ёзма версиясида маблағларни босқичма-босқич озод қилиш ваъда қилиниши кутилмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид