Жаҳон | 10:17
1524
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди

АҚШ дам олиш кунлари Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди. Эрондаги Мухофизлар корпуси бунга жавобан душанба куни Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базасини нишонга олди.

Фото: CENTCOM

АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича якшанба куни Эроннинг Кўрфаз соҳилидаги объектларига зарба берган. Бу ҳужумлар «халқаро сув ҳудудларида парвоз қилаётган АҚШнинг MQ-1 дронини уриб туширишни ўз ичига олган Эроннинг ҳаракатларига» жавобан амалга оширилган.

«АҚШ қирувчи самолётлари минтақавий сувлардан ўтаётган кемаларга аниқ хавф туғдирган Эрон ҳаво мудофааси тизимлари, ердаги бошқарув станцияси ва иккита камикадзе дронларни йўқ қилиш орқали тезкорлик билан жавоб қайтарди», дейилади CENTCOM баёнотида. Шунингдек, қўмондонлик амалдаги оташкесим даврида ҳам АҚШ активлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни давом эттиришини қўшимча қилган.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эрон жанубига ҳужум қилиш учун фойдаланилган АҚШ авиабазасини нишонга олганини маълум қилди. Бироқ айнан қайси база эканлигига аниқлик киритмади.

Reutersʼнинг ёзишича, Қувайт расмийлари душанба куни ҳаво мудофааси тизимлари ракета ва дрон ҳужумларини қайтаргани ҳамда бутун мамлакат бўйлаб хавф сиреналари янграганини хабар қилган. Бу мамлакатда АҚШнинг йирик ҳарбий базаси жойлашган.

АҚШ ва Эрон ўртасида апрель ойи бошида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганди. Шундан бери янада мустаҳкамроқ битимга эришишга қаратилган музокаралар чўзилмоқда. Шу билан бирга АҚШ ва Эрон вақти-вақти билан ўзаро зарбалар алмашиб келмоқда. Шунга ўхшаш ҳолат ўтган пайшанба куни ҳам содир бўлган ва ҳар икки томон бир-бирини айблаганди.

АҚШ ва Исроил томонидан 28 февралда бошланган уруш оқибатида асосан Эрон ва Ливанда минглаб одамлар ҳалок бўлди. Шунингдек, Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпиб қўйилиши энергия ресурслари нархини ошириб, глобал иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлди.

2026-06-01 10.03.58
Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу урушдан кўзланган асосий мақсад — Эроннинг юқори даражада бойитилган уран ёрдамида ядро қуролини ишлаб чиқишига йўл қўймаслик эканини айтди. Теҳрон эса бундай режалари борлигини муттасил равишда инкор этиб келади.

Икки томон бошқа бир қанча масалаларда ҳам келиша олмаяпти. Жумладан, Теҳроннинг санкцияларни бекор қилиш ва хорижий банкларда музлатиб қўйилган ўн миллиардлаб долларлик Эрон нефть даромадларини қайтариш ҳақидаги талаблари шулар жумласидандир.

Исроилнинг Ливанда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан олиб бораётган уруши яна бир йирик тўсиқ ҳисобланади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 31 май куни «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳига қарши курашда қўшинларга Ливан ичкарисига янада чуқурроқ кириб боришни буюрганини маълум қилди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид