Жаҳон | 08:31
649
3 дақиқада ўқилади

БМТ банкротлик хавфига дуч келмоқда — WSJ

АҚШ ва Хитой томонидан мажбурий бадалларнинг ўз вақтида тўланмаётгани сабабли Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жиддий молиявий инқирозга дуч келди. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, ташкилот маблағлари жорий йил август ойининг ўрталаригача тугаши мумкин.

Фото: REUTERS

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, БМТ бюджетига тушумларнинг 42 фоизи АҚШ ва Хитой ҳиссасига тўғри келади. Аммо мазкур давлатлар томонидан тўловларнинг кечикиши ташкилотни банкротлик хавфи билан юзлаштирган.

Нашр маълумотларига кўра, Вашингтоннинг БМТ олдидаги қарзи 4 миллиард доллардан ошган. Хитой эса май ойи охирида ташқи ишлар вазири Ван Ининг Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасига ташрифи чоғида қарийб 850 миллион доллар тўлаганига қарамай, ҳали ҳам 455 миллион доллар қарздор бўлиб қолмоқда.

Пекин ўз мажбуриятларини бажаришини маълум қилган ва ўзини ташкилотнинг “амалдаги асосий молиявий ҳомийларидан бири” деб атаган.

АҚШ эса келгусидаги молиявий ёрдамни БМТ харажатларини қисқартириш билан боғламоқда. Вашингтон талаблари қаторида иш ўринларини қисқартириш, бизнес-классдаги хизмат сафарларини камайтириш ҳамда машинали таржима технологияларидан фойдаланиш каби чоралар бор.

Нашр таъкидлашича, БМТни молиялаштиришни қисқартираётган давлатлар орасида бошқа йирик донорлар ҳам мавжуд. Хусусан, Буюк Британия ва Германия иқтисодий тежамкорлик сиёсати туфайли очлик ва касалликларга қарши гуманитар дастурларга ажратилаётган маблағларни камайтирган.

Шунингдек, Швеция ва Нидерландия томонидан ажратилаётган маблағлар ҳажмининг қисқариши мамлакатлардаги сиёсий ўзгаришлар билан изоҳланган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 2025 йил октябрь ойидаёқ ташкилот “банкротликка пойга” ҳолатида эканини таъкидлаган эди. У БМТ молиявий ҳалокатга учраши эҳтимоли ҳақиқатга айланаётганини огоҳлантирган.

WSJ маълумотига кўра, ҳозирги суръат сақланиб қолса, ташкилот маблағлари август ойининг ўртасига келиб тугаши мумкин. Шу билан бирга, 2026 йил охирига қадар Антониу Гутерришнинг ворисини танлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Молиявий танқислик туфайли БМТ харажатларни кескин қисқартиришга мажбур бўлди. Хусусан, бир қатор офислар ёпилди ва котибиятда рекорд даражада — 3 мингта иш ўрни қисқартирилди.

Бундан ташқари, таржимонлар иш сменалари қисқартирилди, офислардаги эскалаторлар ўчириб қўйилди ва Нью-Йоркдаги штаб-квартира биносини таъмирлаш ишлари ортга сурилди.

Ташкилот Африкадаги можаро ҳудудларидан қўшинларни чиқариш жараёнини тезлаштирган ва тинчликпарварлик операциялари харажатларини ҳам қисқартирган. Шунингдек, “кўк каскалилар” миссияларида иштирок этаётган Непал, Бангладеш ва бошқа нисбатан камбағал давлатларга тўланадиган маблағлар ҳам кечиктирилган.

WSJ қайд этишича, БМТ кредит олиш имкониятига эга эмас, ташкилот раҳбариятининг фаолиятни қайта ташкил этиш ёки ходимларни қисқартириш бўйича ваколатлари ҳам чекланган. БМТ харажатларининг қарийб 70 фоизи ходимлар маошларига тўғри келади.

Нашрнинг ёзишича, ташкилот раҳбарияти Нью-Йоркдаги штаб-квартиранинг қўриқланадиган кириш йўлакларидан бирини ёпиш орқали 700 минг доллар тежашга уринган. Бироқ дипломатлар бу қарорга қарши чиққан ва икки кундан кейин кириш нуқтаси яна қайта ишга туширилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид