Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саудия Арабистони мегалойиҳалари кўламини қайта кўриб чиқади
Саудия Арабистони суверен инвестиция жамғармаси (PIF) стратегиясини ўзгартиришни режалаштирмоқда: охирги ўн йилликда иқтисодий режаларининг марказида бўлган улкан қурилиш лойиҳаларига эътибор қисқаради. Бу ҳақда янги стратегия билан таниш манба Reuters’га маълум қилди.
Фото: NEOM
Подшоҳ вориси, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Муҳаммад бин Салмон 2016 йилда Vision 2030 дастурини тақдим этган эди — иқтисодиётни ўзгартиришга қаратилган, улкан кўчмас мулк лойиҳаларига урғу берувчи амбициоз режа.
Дастлабки стратегияга горизонтал шаҳар-осмонўпари «Ойнали йўл» (The Line) лойиҳаси ҳам кирган бўлиб, у кенглиги 200 метр, баландлиги 500 метр, узунлиги 170 минг метрга етиши кўзда тутилган эди. Шунингдек, мамлакат шимолида тоғларда халқаро қишки ўйинларни ўтказиш, йўлларини сунъий қор билан таъминлаш режалари ҳам бор эди.
Бироқ 9 миллион аҳолига мўлжалланган «Ойнали йўл» ва бошқа мегалойиҳалар бир қатор кечикишларга дуч келди.
Reuters манбасининг айтишича, янги стратегия PIF учун барқарорроқ ва тезроқ қайтимни таъминлаш истаги билан изоҳланади. Энди асосий эътибор логистика, фойдали қазилмалар (жумладан, расман очиқланмаган бўлса-да, захиралари катта деб баҳоланаётган нодир ер металлари) ва диний туризм ривожига қаратилмоқда. Бундан ташқари, мамлакат сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш марказларига, уларни подшоҳликнинг кенг энергетик ресурслари — шу жумладан углеводородлар — базасида ривожлантиришга тикиляпти.
Янги стратегия Макка ва Мадина шаҳарларида диний туризмни кенгайтиришни ҳам назарда тутади. Шу ойда шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Макканинг Масжидул-Ҳаром атрофида янги лойиҳа эълон қилди — ички ва очиқ майдонларда жами 900 минг киши учун намоз ўқиш жойлари барпо этилмоқда.
NEOM доирасидаги «Ойнали йўл» лойиҳасида ишлар қисқартирилади. Эндиликда эътибор узунлиги 2,4 км бўлган биринчи участка ниҳоясига етказишга қаратилган, у жаҳон чемпионати талабига мос стадионни ҳам ўз ичига олиши керак.
Шу тариқа подшоҳлик стратегияси қимматбаҳо ва улкан девелоперлик ташаббусларидан аста-секин технологиялар, логистика, диний туризм ва рақамли иқтисод каби диверсификация қилинган ва даромадли йўналишларга силжимоқда
Мавзуга оид
10:43 / 17.12.2025
10 ойда Саудияга борган ўзбекистонликлар сони қарийб 70 фоизга ошган
22:11 / 14.12.2025
Саудия шаҳзодаси "Барселона" клубини сотиб олмоқчи
07:26 / 03.12.2025
Саудиядаги улкан «Мукааб» пойдевори сунъий йўлдошдан қайд этилди
14:02 / 02.12.2025