Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Айтганлари амалларига тўғри эди». Профессор Баҳодир Карим — жадид зиёлилари ҳақида
Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим Kun.uz мухбири билан суҳбатда жадид зиёлилари ҳаёти ва ижодини ўрганишнинг бугунги кундаги аҳамияти, жадидчилик ҳаракатини тадқиқ қилиш бўйича академия тузиш борасида билдирилган таклиф ҳақида гапирди. Олим жадидлар илгари сурган ғоялар орадан бир аср вақт ўтса-да ҳамон долзарб эканига эътибор қаратди.
— Устоз, жадид зиёлилари ҳаёти ва ижодини ўрганишимизнинг бугунги кундаги аҳамияти нимада деб ҳисоблайсиз?
— Аввало, ўша замондаги инсонларнинг ҳаёти, уларнинг миллат ва ватан учун жон фидо қилганликлари, фидойиликлари бугун биз учун ибрат.
Улар ўз чўнтагидан маблағ сарфлаб шахсий кутубхоналар очишган, хусусий мактаблар ташкил этишган.
Мақсад битта — миллатнинг кўзини очиш, дунё аҳли қандай тараққий қилиб яшаётган бўлса, Туркистон аҳли ҳам шундай тараққий қилиб яшаши учун интилиш. Ҳар турли тўй-маросимлар ва зиёфатларга қилинадиган исрофларнинг олдини олиш керак деган бир фикрда бўлишган.
Улар ўз вақтида, ХХ аср 20-йилларига келиб турли хайрия жамиятларини тузган. Дейлик, «Кўмак» номли жамият бўлган. Бу жамият аъзолари жадидлар ташаббуси билан хорижга талабалар юборган. Энг муҳими, хорижга кетаётган бу талабалар Бокуга борадими, Москвагами, Берлингами — уларни Фитрат бошчилигидаги жадидлар Самарқандга олиб бориб Амир Темурнинг мақбарасида қасам ичирган. Қасамнинг мазмуни қуйидагича бўлган: «Мен дунёга чиқаман, Европага бориб таълим оламан ва олган таълимимни юртимга қайтиб ўзимнинг ватанимга сарф этаман».

Бу ҳолатни баъзан мустақилликнинг бошланиш йилларида «Умид» жамғармаси орқали дунёнинг турли мамлакатларига таълим олиш, энг нуфузли университетларда ўқиш учун кетган ёшларнинг ҳаётига қиёслайман. Таассуфки, уларнинг кўпчилиги - мамлакатнинг интеллекти, ақлий қуввати дунёга сочилиб кетди. Улар кетди. Қайтиб келганлари жуда ҳам кам бўлди. Лекин инсоннинг табиатида ҳамма вақт ўша ўз ҳаётини, ўз турмуш тарзини яхшилаш деган нарса бўлган. Менинг тасаввурим бўйича уларнинг қарашларида ватан, тупроқ, бу миллатнинг тараққиёти дегандан кўра ўзининг шахсий манфаатлари устунга ўхшаб кўринади.
Бунга биз фақат афсусланишимиз керак. Ва айнан мана шу талабалар жадидлар ҳаётини чуқурроқ ўрганган бўлганида ҳаётга бошқача кўз билан қарашарди. Ўзи туғилиб ўсган тупроққа бошқачароқ назар билан қараган бўлишар эди.
Жадидларнинг саноғи жуда ҳам кўп. Биз одатда жадидлар ҳақида фикр юритганда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудийни эсга оламиз. Ваҳоланки, уларнинг теграсида (атрофида) Ашурали Зоҳирий деган бир инсон бўлган, Ҳожи Муин ёки Самарқандда улкан мактабдор Абдуқодир Шакурий деган инсон бўлган.
Ҳали уларни ўрганиш, улардан ўзлаштиришимиз лозим бўлган жойлари кўп.
Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудийни «Икки эмас тўрт тил лозим» деган мақоласи бор. Қаранг, бу гапни айтилганига 100 йилдан ошди. Бугун кўряпмиз, 4 тилни билиш лозим экан бизга.
Биз ўз тилимизни биринчи навбатда билишимиз керак. Хориж тилларини, дейлик рус, инглиз, немис, форс, араб тилларини билишимиз керак. Дунё бизга қандай муносабатда бўляпти, биз ҳақимизда дунё қандай фикр юритяпти, буни билиш учун биз, албатта, Беҳбудий айтмоқчи, бир неча тилларни ўрганишимиз зарур.
— Жадидлар илгари сурган ғоялар қай жиҳатлари билан ёрқинроқ кўринади?
— Беҳбудий ўз замонида миллатнинг забун аҳволини, Чор Россияси юритаётган босқинчилик сиёсатини кўриб ўзи ва халқининг ҳақини талаб қилган инсонлардан эди. Мақолаларидан бирининг сарлавҳасига ҳам «Ҳақ олинур, берилмас» деб қўйган.
Бу халқнинг ҳақини биз «аждаҳо»нинг оғзидан тортиб олишимиз керак, деган бир фикрни айтган. Таассуфки, унинг фикрлари кейинги жадидларда давом этган бўлса-да, унинг ўзи қатл этилди.
Гарчанд аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтмоқ керак, деган.
Ҳақгўйлик, адолат, тўғрилик деган тушунчалар жадидларнинг ҳаёт ва ижод концепцияси бўлган. Мен шундай тасаввур қиламан.
Бу типдаги фикрлар, бундай қарашлар барибир ўрганилиши, тарихнинг ёрқин бир саҳифаси сифатида халқи учун жонини фидо қилган инсонларнинг ҳаёт ва ижод тарзи қандай, меҳнат-у машаққати қандай эканини аниқ ва теран тасаввур қиладиган бўлсак, ҳозирги яшаб турган ҳаётимиз бу эркин, обод замон қанчалар бизга хушкайфият бахш этишини биз шукроналик билан эслашга мажбур бўламиз.
Ҳар қандай инсон тасаввури ва тафаккурида қиёслар муҳим саналади. Биз жадидларнинг ҳаёт тарзи билан бугунги ҳаётимизни қиёслаймиз.
Биз эрксизлик замонлари бўлган шўро замони билан бугун мустақил замонни қиёслаймиз. Бу гапларни шўро замонида айтишнинг мутлақо иложи бўлмаган.
Жадидлар буржуа, феодалча фикрга ёки сотқин бир инсонлар сифатида талқин қилинган замонлар бўлди. Ваҳоланки, улар бизнинг оталаримиз, боболаримиз.
Улар бизга маърифатни тарғиб қилган. Улар ўзбек адабиётига «Ўткан кунлар» деган муҳташам ва биринчи романни тақдим этган. Ва бугунги кунга қадар ўлмасдан ўқилмоқда. Чўлпондек шоир ўзининг «Булоқлар», «Уйғониш», «Тонг сирлари» каби гўзал тўпламларини тақдим этган. Биз, албатта, уларни қадрлашимиз керак.
— Бугунги замонавий адабиётнинг асосий мавзулари қайсилар бўлиши керак деб ўйлайсиз?

— Бугунги замонавий адабиётнинг асосий мавзуларидан бири нафс жилови бўлиши керак деб ўйлайман.
Агар биз ҳақиқатда комил инсон бўлишимиз керак бўлса, бу дунёда азиз бўлишимиз лозим бўладиган бўлса, биринчи навбатда ҳар қандай инсон ўзининг нафсини жиловлай олиши керак.
Жадидлардан нафс жиловини, йўқчилиг-у тўқчилик устида фикрлашни, ватан ва тупроқ нима эканлигини ўрганиш мумкин. Юрт учун қайғурган улар. Адабиётнинг иккинчи мавзуси бу — юртнинг қайғуси бўлиши керак.
Ўзидан ортмаган, ўзининг шахсий манфаатлари гирдобида ўралашган одам қанчалик бўғзидан дўриллаб гапирмасин, у ёлғон гапираётган бўлади.
Бўғиз ва қорин адабиёти бу жуда фожиали адабиёт. У ижодкорни жарликка олиб борадиган адабиёт. Масалан, мен мукофот учун асар ёзиш зарур эмас деб ўйлайман. Асарни жадидларга ўхшаб зарурият бўлгани учун ёзиш керак. Шундагина адабиёт ҳақиқий ва умрбоқий адабиёт бўлади.
Инсонни табиати ғалати. Унда балойи нафс деган тушунча бор. Балойи нафсини жиловлаган одам саодатли бўлади. Жадидлар ўзларининг балойи нафсларини жиловлаб олган одамлар бўлган. Шунинг учун мана бугунга келиб улар азиз бўлиб турибди.
Мунавварқори ўзининг бир хотирасида айтади: «Мен бу халқ ва миллат учун ўз уйимда мактаб очдим. Одамларнинг мол-мулкини еб қўйган жойим йўқ». Жадидларнинг деярли ҳаммаси шундай бўлишган.
Инсон табиатан шундай: унга бир водий қўй-қўзи берадиган бўлсангиз, шу икки водий бўлса дейди. Мана бугунги кунда тасаввур қилинг, битта машина олган одам иккита бўлса дейди.
— Жадидлар ҳаёти ва ижодини фундаментал тадқиқ этиш даври келмадими? Ўзингиз айтганингиздек, жадидчилик ҳаракатининг ҳали кўп қирралари очилмай қолган.
Ўтган асрнинг 20-йиллари матбуотини, жадидлар ёзган мақолаларни ўқиб-ўрганиб баъзан ўша давр газеталари чангларидан аллергия бўлиб юрган бир муаллим сифатида жадидларнинг ҳаётида жуда ибратли нарсалар борлигини айтмоқчиман. Уларнинг айтган гаплари қилаётган амалларига тўғри келган. Агар бундай бўлмаганида биз уларни ҳозирга қадар эсламаётган бўлар эдик. Биз уларни азиз тутмаган бўлар эдик.
Менинг назаримда, буларнинг тадқиқи қайта бошланиши керак.
Жадидчилик даври билан шуғулланиб юрган муаллимларимиз томонидан яхши бир фикр илгари суриляпти, бугун жадидчилик бўйича бизга улкан бир муассаса лозим. Эҳтимол, академия керак, институт лозим.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Мавзуга оид
22:37 / 19.07.2024
Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги ўтказилади
12:37 / 20.06.2024
“Жадидларимизнинг мағрур ва ғолиб қиёфаларини чизишимиз керак” – кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов
17:49 / 05.01.2024
«Унга ҳеч ким Тошкентда “сен” деб гапирган эмас» – Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ҳаёти ва фаолиятига назар
13:32 / 22.12.2023