Исломий молиянинг ўтмишдаги тажрибасини ўрганаман деб, бироз архив титкиладим. Ва бехосдан XX аср бошида бўлиб ўтган қизиқ жараёнларга дуч келдим.

Хулосам шуки, жадид боболаримизни фақат маърифатпарварлар деб эмас, миллат тақдирини ўйлаган кенг кўламли стратеглар дейиш керак. Уларнинг камбағаллик билан курашиш тажрибаси бунга мисол.

Улар камбағаллик илмсизлик, касбсизлик ва ижтимоий тарқоқлик билан боғлиқ мураккаб муаммо деб қараган.

Ҳаммаси жамиятлардан бошланган

XX аср бошларида Туркистоннинг деярли барча йирик шаҳарларида бугунги тилда айтганда жамоат фондлари, маърифий жамиятлар ёки нодавлат хайрия тузилмаларига ўхшаш ташкилотлар пайдо бўла бошлади.

Жадидлар тарғибот қилиш билан чекланмади: улар тузган жамиятлар маблағ йиғиш, мактабларни қўллаб-қувватлаш, китоб ва дарсликлар чоп этиш, иқтидорли ёшларга ёрдам бериш, маърифат ишларини ташкил этиш каби аниқ вазифаларни бажаришга киришди.

Жадидлар миллатни уйғотиш учун ғоя етарли эмас, уни амалга оширадиган ташкилий таянч ҳам кераклигини тушунди. Туркистоннинг турли ҳудудларида “Жамияти хайрия”, “Турон”, “Тарбияи атфол”, “Ғайрат” ва бошқа шу каби жамиятлар ташкил этилди. Бу тузилмалар ўз даври учун янгилик эди, чунки шахсий саховатни тизимли ижтимоий фаолиятга айлантирди.

Тошкентда 1909 йилда тузилган “Жамияти хайрия” – мисол. Жамият камбағал оилалар фарзандларини ўқитиш, уларни кийим-кечак, дафтар-қалам, зарур ўқув воситалари билан таъминлар эди. 1913 йилда Тошкент жадидлари ташаббуси билан “Турон” жамияти (ва унинг доирасида театр труппаси) тузилди. Яъни жадидлар ташаббуслари якка-якка ҳаракатлар бўлмаган, балки кўламли шаклга кирган.

Мақсад – жамиятни аввал уйғотиш, кейин унинг ташкилий асосларини яратиш, ундан сўнг маърифий ва ижтимоий ғояларни амалий тизимга айлантириш.

Камбағалликка қарши курашнинг марказида мактаб турарди

Жадидларнинг энг катта ва энг узоқни кўзлаган лойиҳаси янги усул мактаблари эди. Бу мактаблар эски мактабларнинг янги кўриниши эмас эди. Улар таълим мазмунини тубдан ўзгартиришни мақсад қилган. Дарсларда диний билимлар билан бир қаторда математика, география, тарих, табиатшунослик, тил ва бошқа амалий фанлар ҳам ўқитила бошланди. Жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий келажагини ўзгартиришга қаратилган қадам эди бу.