ДТМ профессионал таълим муассасаларига бўладиган саралаш имтиҳонлари бўйича маълумот берди
Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов профессионал таълим муассасаларига бўладиган саралаш имтиҳонлари бўйича маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Ражабовга кўра, Давлат комиссияси мажлисининг баёни билан республикадаги 725 та янги профессионал таълим муассасаларига шу йилнинг 20 ноябридан 30 ноябрга (30 ноябр куни ҳам) қадар саралаш имтиҳонлари бўлиб ўтади.
«Бунда тест синовлар катта сиғимли биноларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 14 та коллеж ва техникумларда, Андижон вилоятида 9 та, Бухоро вилоятида 4 та, Навоий вилоятида 4 та, Жиззах вилоятида 8 та, Наманган вилоятида 3 та, Хоразм вилоятида 5 та, Қашқадарё вилоятида 8 та, Фарғона вилоятида 7 та, Самарқанд вилоятида 10 та, Сирдарё вилоятида 5 та, Сурхондарё вилоятида 8 та, Тошкент вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 9 та бинода тест синовлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, йиғилиш баёни билан 128 та коллеж, 50 та техникумга, жами 200 мингдан ортиқ абитуриентларга тест синови ўтказилиши режалаштирилмоқда», – деди у 16 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида.
Маълум бўлишича, тест синовлар икки сменада ўтказилади, биринчи сменада тест синовлари соат 9-00 да ва иккинчи смена тест синовлари 14-00 да бошланади.
«Абитуриентлар тест синови ўтказиладиган ҳудудга биринчи сменада соат 8-00 да, иккинчи сменада эса 13-00 да етиб келиши лозим.
Тест синовларига абитуриентлар паспорт ва рухсатномаси асосида ҳудудга киритилади.
Республикадаги коллеж ва техникумларга ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичидаги мутахассисликларга мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ишлаб чиқилди. Тест синови топшириладиган фанлар мажмуасида иккита блокдан мутахассислик фани, ҳар бир фандан 30 та савол, 30 та савол учун 1 соат вақт ажратилади.
Умумий балл 189 баллни ташкил этади, шундан, 1-блок фани учун 3,2 балл, 2-блок фани учун 3,1 балл», – деди Давлат тест маркази директори ўринбосари.
Таъкидланишича, гуруҳ назоратчиси сифатида бакалавриат таълим йўналишларига ўтказилган тест синовларида иштирок этган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларини жамоатчилик асосида жараёнга жалб қилиш комиссия баёнида белгилаб қўйилган.
Мавзуга оид
14:24 / 06.11.2024
“Нега устимиздан кулишяпти?” – физика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан норози
16:48 / 04.11.2024
Россияда мигрантлар учун имтиҳонларнинг ягона нархлари белгиланади
14:30 / 17.08.2024
Профессионал таълим муассасаларига танлов бошланди
17:32 / 08.08.2024