Ўзбекистон | 19:49 / 30.11.2022
14693
5 дақиқада ўқилади

Маҳаллабай агентлигида янги ўйинлар. Тендерларни 1–4 кунлик МЧЖлар ютмоқда

Маҳаллабай ишлаш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси тикув машиналари харид қилиш учун ўтказган 4 та тендерда очилганига бир неча кун бўлган МЧЖлар ғолиб бўлган. Коррупциявий схема эканига шубҳа уйғотадиган 4 та тендердаги давлат харажатининг умумий қиймати 3,4 млрд сўмни ташкил қилади.

Фото: Маҳаллабай ишлаш агентлиги

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси очилганига 1, 2, 3 ва 4 кун бўлган фирмаларни, яъни тендер бўлиб ўтаётган вақтда очилган янги корхоналарни тендерлар ғолиби деб топган.

Бошқарма субсидия асосида ишсиз аҳолига тарқатиш учун мўлжалланган юзлаб тикув машиналарини сотиб олиш учун ўтказган тендерларда бошланғич нархни 6 млн сўм деб белгилаган, энг яхши таклифни танлаб олиш тартибидаги тўртта тендердан учтасида бошланғич нарх якуний нарх бўлиб қолган.

1-ҳолат. 888 млн сўм

16 ноябрдан 25 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 888 млн сўмлик тендерда тендер тугашига 4 кун қолганда очилган «SOLD IT 1111» МЧЖ ғолиб деб топилган. 148 та тикув машинасининг ҳар бири 5,9 млн сўмдан сотиб олинган (бошланғич нарх 6 млн сўм бўлган).

Давлат реестрига кўра, мазкур МЧЖ 21 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унинг 100 фоиз улушига Отажонов Лазиз Абдуазизович эгалик қилади.

2-ҳолат. 726 млн сўм

16 ноябрдан 23 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 726 млн сўмлик тендерда тендер тугашига 1 кун қолганда очилган «INTEND 045» МЧЖ ғолиб деб топилган. 121 та тикув машинасининг ҳар бири роппа-роса 6 млн сўмдан сотиб олинган, бошланғич нарх ҳам худди шунча бўлган.

Давлат реестрига кўра, мазкур МЧЖ 22 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унинг 100 фоиз улушига Азимжонов Абдулло Нозимжон ўғли эгалик қилади.

3-ҳолат. 900 млн сўм

16 ноябрдан 23 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 900 млн сўмлик тендерда тендер тугашига 2 кун қолганда очилган «BRAND MIX 777» МЧЖ ғолиб деб топилган. 150 та тикув машинасининг ҳар бири роппа-роса 6 млн сўмдан сотиб олинган, бошланғич нарх ҳам худди шунча бўлган.

Давлат реестрига кўра, мазкур МЧЖ 21 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унинг 100 фоиз улушига Холматова Хуршида Аҳмедовна эгалик қилади.

4-ҳолат. 908 млн сўм

12 ноябрдан 21 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 908 млн сўмлик тендерда эса тендер тугашига 3 кун қолганда очилган «Business Communication Trade» МЧЖ ғолиб деб топилган. 98 та тикув машинасининг ҳар бири роппа-роса 6 млн сўмдан сотиб олинган, бошланғич нарх ҳам худди шунча бўлган.

Давлат реестрига кўра, мазкур МЧЖ 18 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унинг 100 фоиз улушига Отажонова Шаҳлохон Абдуазиз қизи эгалик қилади.

Маълумотларга эътибор қаратилса, МЧЖларнинг барчаси Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, мазкур МЧЖлар ўзаро яқин қариндошларга тегишли бўлиши ва айнан ушбу тендерларни ютиб олиш учун очилган бўлиши эҳтимоли юқори.

Хусусан, 888 млн сўмлик тендер ғолиби бўлган «SOLD IT 1111» МЧЖ таъсисчиси Отажонов Лазиз Абдуазизович ва 908 млн сўмлик тендер ғолиби бўлган «Business Communication Trade» МЧЖ таъсисчиси Отажонова Шаҳлохон Абдуазиз қизи ўзаро яқин қариндош бўлиши мумкин.

Қолаверса, ушбу МЧЖларнинг тендерлар тугашига бир неча кун, ҳатто 1 кун қолганда очилиб, ғолиб бўлиши шубҳаларни янада кучайтиради.

Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Қашқадарё вилоятида кузатилганди. Унда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан etender.uzex.uz махсус электрон портали орқали Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш тўғрисидаги 3 ноябрда якунланадиган 12 та лотни 1 ноябрда давлат рўйхатидан ўтган «NXS CTROY BAD METALL» ютиб олган.

Шундан сўнг ушбу ҳолат бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил 10 ноябрда иш қўзғатилиб, «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилган деб топилган ва танлов савдоларининг қарорларини бекор қилиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда қайта танлов ўтказиш бўйича кўрсатма берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Онлайн маҳалла” сайтини яратиш учун 8,4 млрд сўмга шартнома тузгани, ҳукуматнинг ёпиқ қарори билан ушбу сайтни яратиш тендерсиз “Realsoft” МЧЖга бериб юборилгани атрофидаги кўплаб саволлар ҳамон очиқ қолмоқда.

Мавзуга оид