Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашда янги модел жорий этилади
Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш доирасида маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли билан манзилли ишлашга қаратилган янги модел жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур йўналишда ишлаб чиқилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Таъкидланганидек, бугунги таҳликали замонда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги тизимида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилган бўлиб, у ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматларини бирлаштирган. Мазкур тузилма ҳозирда вазирлик шахсий таркибининг қарийб 30 фоизини ташкил этади.
Тақдимотда тизимни самарали бошқариш учун замонавий ёндашувлар, жумладан рақамли назорат механизмларини жорий этиш ва фаолият самарадорлигини “жазоловчи тизимдан – аҳолига хизмат кўрсатувчи тизимга” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.
Маҳаллаларда профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб қарийб 9 минг маҳаллада 10 мингдан зиёд профилактика инспектори фаолият юритмоқда. Бироқ уларнинг фаолиятида ортиқча бошқарув бўғинлари мавжудлиги маҳалла хавфсизлигига етарли эътибор қаратишга тўсқинлик қилаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиб, уларни бевосита маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммолари билан ишлашга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Янги модел доирасида “Менинг инспекторим” электрон тизимини жорий этиш, кунлик онлайн йўриқномалар ўтказиш, суд-тиббий муассасалар билан электрон маълумот алмашиш, инспекторларни ишдан ажратмаган ҳолда онлайн ўқитиш ва малакасини ошириш, шунингдек маҳаллаларда “жамоат ёрдамчиси” гуруҳларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича қарор қабул қилиш ваколатини профилактика инспекторларига бериш ҳамда кам аҳамиятли ҳолатларда маъмурий огоҳлантириш тизимини жорий этиш таклиф этилди.
Шунингдек, профилактика инспекторлари, мактаблардаги инспектор-психологлар ва маҳаллалардаги хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларни ягона ахборот тизими орқали боғлаш орқали ёшлар, аёллар ва оилавий муаммоларнинг барвақт олдини олишга қаратилган яхлит тизим яратиш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли мурожаатларига тезкор жавоб бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мавзуга оид
09:10 / 19.05.2026
Лифт хавфсизлигини баҳолаш тизими учун янги тартиб жорий этилмоқда
20:24 / 08.05.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади
17:37 / 08.05.2026
Президент Хотира кунига бағишланган тадбирларда иштирок этди, фахрийлар ҳолидан хабар олди
18:21 / 07.05.2026