Ўзбекистон | 15:50 / 24.11.2025
4772
3 дақиқада ўқилади

Давлат компаниялари президент рухсатисиз ҳомийлик билан шуғулланишни тўхтатади

Президент фармойиши билан, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори корхоналарга давлат раҳбарининг қарорлари ва топшириқларидан ташқари бошқа ҳолларда ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишни тўхтатиш буюрилди.

Фото: Kun.uz

Давлат корхоналарида самарадорликни ошириш бўйича президент фармойиши қабул қилинди. Унда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори компанияларга фаолиятига янги талаблар белгиланган.

“Давлат корхоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларидан ташқари бошқа ҳолларда ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишни тўхтатсин”, – дейилади фармойишнинг 9-бандида.

Ҳужжат билан, “UzAssets” АЖ бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналарининг 2026 йилги бизнес-режалари 2 ой муддатда танқидий кўриб чиқилиши белгиланди.

2026 йил 1 мартдан бошлаб, “UzAssets” АЖ бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналарида:

  • бухгалтерия ҳисобини юритиш ахборот тизимида молиявий режалаштириш, харидлар, шартномалар ижроси, ғазначилик тўловлари, савдо операциялари ва комплаенс назорат қилиш имкониятини берадиган “Ягона ғазначилик” ахборот тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали корхона ва унинг тизимидаги корхоналарнинг барча даромад ва харажатлари марказлашган ҳолда амалга оширилади;
  • ишлаб чиқариш ва молиявий оқимлар, таннарх, инвестиция ва кредитлар тўғрисидаги маълумотларни онлайн таҳлил қилиш ҳамда бизнес-режа ижросини назорат қилиш имконини берувчи “Молиявий модел” электрон дастури ишга туширилади;
  • умумий хизмат кўрсатиш марказлари (Shared Service Centers) фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали ёрдамчи хизматлар ва функциялар (харидлар, кадрлар, бухгалтерия, ахборот технологиялари, юридик хизматлар) марказлаштирилади;
  • бизнес жараёнларини автоматлаштириш мақсадида Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, харид операторлари, давлат харидлари электрон тизимининг операторлари, электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирувчи операторлар, хизмат кўрсатувчи тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилишга рухсат берилади.

Маълумот учун, UzAssets сайтида компания портфели қуйидагича экани кўрсатилган: НКМК, ОКМК, “Навоийуран”, “Ўзметкомбинат”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбеккўмир”, UzAuto Motors, “Ўзкимёсаноат”, “Навоийазот”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз”, UzGasTrade, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзбекистон почтаси”, “Ўзбекистон темир йўллари”, Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, “Тошшаҳартрансхизмат”, “Ўзбектелеком” ҳамда давлат банклари.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид