Ўзбекистон | 14:56 / 04.02.2021
6533
2 дақиқада ўқилади

«Истиқлол» мажмуаси қуриладиган жойдаги барча дарахтлар муҳофазага олинади — пойтахт ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб барпо этиладиган ва шаҳар марказидаги боғ ўрнида жойлашадиган “Истиқлол” мажмуаси бўйича эълон қилинган танлов қизғин баҳс-мунозаралар келтириб чиқади.

Пойтахт ҳокимлиги баёнотида айтилишича, майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолган ҳамда ҳозирги хиёбон фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда мамлакат тарихи, мустақиллик йилларидаги ютуқлар, миллий ўзига хосликни намоён этувчи мажмуани барпо этиш эълон қилинган танлов шартларида алоҳида кўрсатиб ўтилган. 

“Бугундан эътиборан Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Истиқлол” мажмуаси барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилади ва муҳофазага олинади”, - дейилади ҳокимлик баёнотида.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган мажмуа лойиҳасининг фотосурати қурилиш учун асос эмас. Танлов эълон қилинишининг сабаби - кенг жамоатчилик учун лойиҳаларни очиқлик асосида муҳокама қилишга шароит яратиб беришдан иборат.

Танлов ҳайъати томонидан ижодкорларнинг лойиҳаларидаги биринчи навбатда майдондаги барча дарахтларни сақлаган, инсонлар учун обод муҳит ва қулай шароит яратишга қаратилган таклифлари қабул қилинади, дейилади ҳокимлик маълумотида.

Аввалроқ, Тошкент шаҳри ҳокимлиги мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қуриладиган “Истиқлол” мажмуаси лойиҳаси учун танлов эълон қилганди.

Янги мажмуа Тошкент марказидаги хиёбон ўрнида қурилади: Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги ҳудуд танланган.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 январ куни 2021 йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишган эди. "Ўзбекистон 24" эфирида кетган кадрларда Марказий универмаг (ЦУМ) рўпарасига қуриш таклиф этилаётган мажмуа лойиҳасини кўриш мумкин.

Мавзуга оид