Ўзбекистон | 18:16 / 04.12.2021
39355
3 дақиқада ўқилади

Коррупцияга оид жиноятлар рўйхати тузиб чиқилди. Ундан 16 турдаги жиноят ўрин олган

Коррупцион жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасида коррупцияга оид жиноятлар рўйхати келтирилган.

Фото: Kun.uz

Унга кўра, қуйидаги 16 турдаги жиноятлар коррупцияга оид жиноятлар сифатида белгиланмоқда:

  • ЖКнинг 167-моддаси учинчи қисми “д” банди (мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата);
  • 168-моддаси тўртинчи қисми “г” банди (хизмат мавқейидан фойдаланиб фирибгарлик содир этиш);
  • 192-9-моддаси (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш);
  • 192-10-моддаси (ННТ ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш);
  • 192-11-моддаси иккинчи қисмининг “в” банди (ННТ ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини ғаразгўйлик ниятида суиистеъмол қилиш);
  • 205-моддаси иккинчи қисмининг “в” банди (ғаразгўйлик ниятида содир этилган ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
  • 206-моддаси иккинчи қисмининг “в” банди (ғаразгўйлик ниятида содир этилган ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
  • 208-моддасининг иккинчи қисми (ғаразгўйлик ниятида содир этилган ҳокимият ҳаракатсизлиги);
  • 209-моддаси иккинчи қисмининг “в” банди (ғаразгўйлик ниятида содир этилган мансаб сохтакорлиги);
  • 210-моддаси (пора олиш);
  • 211-моддаси (пора бериш);
  • 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш);
  • 213-моддаси (давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш);
  • 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши);
  • 301-моддаси иккинчи қисмининг “б” банди (оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги);
  • 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), агар жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларга нисбатан содир этилган бўлса.

Қонун лойиҳасида мазкур рўйхатдан ўрин олган жиноятларни содир этганларнинг муддатидан илгари озодликка чиқарилмаслиги, уларга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги назарда тутилмоқда.

Аввалроқ, қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиб, депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли фармонида Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш назарда тутилган.

Мавзуга оид