Жаҳон | 15:22 / 26.09.2025
5237
7 дақиқада ўқилади

Трамп Исроилнинг Ғарбий соҳилни эгаллашига қарши. Бу нимани англатади?

“Исроилга Ғарбий соҳилни аннексия қилишига рухсат бермайман”, деди АҚШ президенти Доналд Трамп Яқин Шарқ етакчилари билан Ню Йоркдаги учрашувдан кейин. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Шуҳрат Расул бу баёнотнинг амалий аҳамияти катта эмаслигини қайд этди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Исроил Ғарбий соҳилни тўлиқ аннексия қилишга қарор қилиб, операция бошласа, Трампнинг баёнотидан кейин АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида бунга қарши резолюяцияга вето қўймаслиги мумкинми?

Фарҳод Каримов: Ҳозирча йўқ. АҚШ Исроилни фақат оғзаки танқид қилиши мумкин. Олдинги президент Нетаняҳуни ҳатто ҳақорат қилишгача борган, олдинги давлат котиби Ғазодаги уруш бошлангач Яқин Шарққа 5 марта бориб, “вазият ўзгаради” деган баёнотлар берган. Яқинда ҳам Исроилнинг Қатарга зарбасидан кейин АҚШ “бу биз билан келишилмаган эди, буни қоралаймиз” дегани билан, БМТдаги якуний қарорлар бошқача бўлди: резолюцияга АҚШ вето қўйди.

Исроил ва АҚШ ўртасида шахслар ўртасидаги келишмовчилик ёки танқидлар бўлиши мумкин, лекин давлатлараро стратегик муносабатлар сақланиб қолади.

Иккинчи масала – Трампнинг тактикаси. У араб давлатларини чалғитиш ёки уларнинг эътиборини ўзгартириш учун сиёсий ўйин олиб бормоқда. Араб давлатлари Трампга жиддий босим ўтказяпти: “Биз АҚШ иқтисодиётига миллиардлаб сармоя киритдик, бизнинг манфаатимизни ҳам ҳисобга олинг” дейишяпти. Бу босимлар ҳукуматларга ёқмаётган ички муҳит ва радикал гуруҳларнинг кўпайиши билан боғлиқ.

Мисол учун, Саудия ҳозир радикал гуруҳларга дуч келмоқда, бошқа араб мамлакатларида ҳам жамият билан ҳукумат орасидаги қарама-қаршиликлар кучаймоқда. Шу сабабли ҳукуматлар ички барқарорликни таъминлаш учун чора кўриши лозим. Араб давлатлари раҳбарлари Трампга шундай муҳитни ҳисобга олиб: “Агар АҚШдан ҳеч қандай аниқ натижа бўлмаса, биз бошқа вариантларни, масалан, Хитойга мурожаат қилишни кўриб чиқамиз”, деб огоҳлантирмоқда.

Трамп вазиятдан чиқиш учун тактик чорани қўллади: яқинда тарқалган маълумотларга кўра, у “Ғазони араб ва мусулмон мамлакатларининг ҳарбийларига топширамиз”, деб чиқиш қилди. Яъни Кўрфаз араб давлатларининг армиясига маълум вазифаларни юклаш ҳақида гапирди. Бунинг оммавий таъсири шундайки, Американинг Ғазо ва Исроил масаласидаги қатъий позицияси ўзгаргандек кўринади: энди араб давлатлари армия юборади, улар ўзлари назорат қилади, деган таассурот пайдо бўлади. Аммо бу ташаббуснинг амалий томони мураккаб: араб давлатларининг армиясини ким ташкил қилади, ким қўриқлайди, деган саволлар мавжуд.

Форс кўрфази ва бошқа араб давлатларининг хавфсизлиги амалда Америка ва НАТО элементларига боғлиқ. Қатар мисоли буни яққол кўрсатди. Масалан, Мисрнинг Исроил ва Америка билан муносабатлари бошқача, улар муносабатларида Ғазони устувор масала сифатида қўймайди. Минтақа тарихида эса Иордания, Миср, Ливан, Сурия ва ҳатто Саудия ҳам Фаластин ҳудудларига, хусусан Қуддусга даъвогар бўлган. Агар бир нечта араб давлатлари қўшилиб армия жўнатишга қарор қилса, “қайси давлатнинг армияси қайси ҳудудни назорат қилади?” деган янги мураккаблик пайдо бўлади. Чунки биринчи келган томон Фаластин назоратини ўз қўлига олади.

Шу сабабли Трампнинг баёнотлари усталик билан қўйилган дипломатик юриш сифатида кўрилмоқда: бу баёнотлар кўпчиликни чўчитади ва вақтинчалик сиёсий манёвр вазифасини ўташи мумкин, лекин муаммони тубдан ҳал қилмайди. Яъни бунга кўпроқ риторика ёки вазиятни чўзиш усули деб қараш керак. Амалда Исроилга қарши жиддий санкциялар жорий этилмайди, Америка Исроилни қўллаб-қувватлашни давом эттиради ва БМТда қабул қилинадиган резолюциялар ҳам охир-оқибат вето орқали блокланиши эҳтимоли юқори.

Шуҳрат Расул: Бу жуда мураккаб масала. АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида Исроилга қарши овоз бериши тасаввурга сиғмас даражада ноёб ҳодиса бўларди.

Бугунги кунда Ғарбий соҳилнинг бор-йўғи 17 фоизи Фаластин маъмурияти назоратида. У ерларда 3 млн атрофида одам яшайди. 1967 йилдан бери Исроил Ғарбий соҳил бўйлаб ноқонуний тураргоҳлар қурилишини давом эттиряпти: бундай пунктларга жойлаштирилган яҳудий оилаларни ҳимоя қилиш учун аҳоли пункти атрофида ҳарбий назорат ташкил қилинган. Исроил ўз фуқароларига молиявий компенсациялар таклиф қилиб, уларни бу ҳудудда яшашга ундайди.

Мен ўзим 25 йил аввал Исроилда ўтказилган хавфсизлик конференциясида шундай пунктларни кўрганман: у ерда бир взвод бир неча оилани 24 соат давомида ҳимоя қилишга масъул бўлади. Бу катта харажат талаб қилса-да, Исроил 1967 йилдан бери бу сиёсатни давом эттириб келади.

Иккинчи муҳим жиҳат – Исроил бугунги шароитда Ғарбий соҳилга тўлиқ ҳарбий интервенция қила оладими? Ички сиёсий муҳит ва демократик институтлар, парламент, коалиция, жамиятнинг намойишлари муҳим рол ўйнайди. Ҳозирги вақтда Исроилда ички норозилик кучайган: Тел-Авив ва бошқа йирик шаҳарларда юз минглаб одам қатнашган митинглар бўлиб турибди. Уларни бевосита ҳукмрон коалицияга мухолиф парламентдаги партиялар уюштиряпти. Август ойидаги митингларда собиқ бош вазирлар ва етакчилар қатнашгани кузатилди. Масалан, Эҳуд Барак ва Олмерт каби сиёсатчилар ҳам намойишларда кўриниш берди. Бу эса коалиция ичида ҳам норозилик борлигини кўрсатади.

Ғарбий соҳилда Ғазога қараганда аҳоли кўпроқ. Агар Исроил бу ерда ҳам кенг қамровли ҳарбий амалиёт бошламоқчи бўлса, бу ҳозирги сиёсий ва иқтисодий шароитларда мураккаб ва хавфли бўлади. Нетаняҳу эса бу омилларни камдан кам ҳисобга олади, у ҳокимиятда қолиш учун кескин чоралар ва чуқур урушларни талаб қилувчи сиёсатни афзал кўряпти. Ҳокимиятдан кетиш унинг учун хавфли бўлиши, дахлсизликдан маҳрум бўлиши билан прокуратура унга турли айбловлар орқали қамоқ билан таҳдид солиши мумкин.

Исроилда парламент демократияси туфайли бош вазирнинг мақоми сайловлар ва парламент коалициясига боғлиқ; Нетаняҳу эса шундоқ ҳам мамлакат тарихида энг узоқ вақт бош вазирлик қилган сиёсатчига айланиб бўлган.

***

Маълумот учун, 2016 йил декабрда, демократ Барак Обама АҚШ президенти лавозимидан кетишидан бир ой олдин, БМТ Хавфсизлик кенгаши Фаластиннинг 1967 йилги чегараларида, хусусан Шарқий Қуддусда Исроил томонидан яҳудий манзилгоҳларининг қурилишини ноқонуний деб эътироф этувчи резолюцияни қабул қилган. Обама маъмурияти шов-шувли тарзда бу резолюяцияга вето қўймай, бетараф қолганди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид