Ўзбекистон | 00:31 / 04.02.2021
18192
3 дақиқада ўқилади

Транспорт прокуратураси йўл ва кўприклар қурилишидаги жиноятлар ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон транспорт прокуратураси йўл қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар статистикаси бўйича маълумот берди.

«Республика транспорт прокуратураси 2020 йилда йўл ва кўприк қурилиш соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40га яқин жиноят иши очилган. Йўллар қурилишидаги коррупцион ҳолатлар бўйича 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торожи фош этилди.

2020 йил Транспорт прокуратураси ва йўл ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича бир неча қўшма қарорлар имзоланди. Шунга биноан, ҳар битта топшириладиган объект тўғрисидаги маълумот Транспорт прокуратураси назорати учун берилиши келишиб олинди.

Бу – ҳар бир топшириладиган объектни ўз вақтида, сифатли қабул қилиб олиш, коррупцион ҳолатларни бартараф этишга олиб келади.

Алишер Мажидов

Шу билан бирга, 2020 йил давомида Транспорт прокуратураси раҳбарияти томонидан ҳар бир объектга чиқиб йўллар аҳволи ўрганилди. Мавжуд ҳолат қониқарли эмас.

Қонунчиликда ҳам бир неча камчиликлар бор эди, яъни йўлларни қуришда ишлатиладиган давлат стандартлари, йўриқнома ва қоидалари собиқ иттифоқ давридаги стандартлар билан олиб борилмоқда. Мисол учун, ўша пайтларда йўллар 14 тонналик юк машиналарига мослаштирилган бўлса, бугунги кунда 80 тонналик автомобиллар йўлларимизда юрибди. Бу ҳам йўллар сифати тез бузилиши, ишдан чиқишига олиб келади.

Шунинг учун бу борада таклифлар берилган ва давлат стандартлари ўзгартирилади», – деди Транспорт прокуратураси прокурори Алишер Мажидов 3 февраль кунги матбуот анжуманида.

Матбуот анжуманида қатнашган Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисининг 1-ўринбосари Шуҳрат Назаров лойиҳа институтлари монополияси тугатилгани, очиқ тендер савдолари ҳақида гапирди.

«2019 йил охирида қабул қилинган президент фармон ва қарорлари билан йўл хўжалиги тизимидаги манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш бўйича кескин қадамлар қўйилди. Бу ерда лойиҳа институтлари монополияси тўлиқ тугатилди. Очиқ тендер савдолари орқали лойиҳа буюртмаларини олиш, ижрочи сифатида қатнашиш мумкин.

Шуҳрат Назаров

Бундан ташқари, қурилиш ва таъмирлаш ишларига Автомобиль йўллари қўмитасига тегишли ташкилотларнинг тендер савдоларисиз иштирок этиб, объектларни қуриб таъмирлаш ҳуқуқлари бор эди. Бу нарса фармон билан бекор бўлди», – деди Шуҳрат Назаров.

«60 минг километрдан зиёд йўллар таъмирталаб ҳолатда» — Автомобиль йўллари қўмитаси

Таъмирга муҳтож йўлларнинг қайсилари биринчи бўлиб таъмирланиши қандай ҳал этилади?

Мавзуга оид