Ўзбекистон | 13:30 / 29.07.2019
266137
3 дақиқада ўқилади

3 августдан Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун янги жарима тури кучга киради

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 135-моддасига (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзгартиришларга кўра, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳолда транспорт воситаларини бошқарса унда улар энг кам иш ҳақининг бир баравари (223 000 сўм) миқдорида жарима тўлайдилар.

Аввалроқ, 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилиши хабар қилинганди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 223 000 сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 сентябридан энг кам иш ҳақи миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон фармони 1-бандида:

иккинчи хатбошидаги “577 170” рақами “634 880” рақами билан алмаштирилди;

учинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилди;

тўртинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилди.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) лавозим маоши, устама, қўшимча пул, гонорарлар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари, озиқ-овқат, йўл ва рағбатлантирувчи бошқа турдаги тўловлар, иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган чегара миқдор, қонунчилик билан белгиланган чегириб қолиш ҳамда иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлган бошқа тўловлар аниқлаш мақсадида меҳнат муносабатлари соҳасида қўлланилади.

МҲЭКМ эгалик шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъи назар, белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг паст чегараси сифатида барча иш берувчилар учун мажбурий бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2017 йил сентябрдаги қарори билан Адлия вазирлигига 2018 йил 1 июлдан бошлаб Avtotest Report МЧЖ сертификатига эга бўлмаган, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқарган ҳайдовчилар учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.

Мавзуга оид