Жамият | 11:57 / 09.01.2026
10705
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда таксичилардан пул ундирган гуруҳ қўлга олинди

ИИВ ТҚД ва ҳудудий бўлинмалар томонидан “Қонун устувор — жазо муқаррар” тамойили асосида ўтказилаётган тезкор тадбирлар доирасида такси ҳайдовчиларига таҳдид қилиб, ноқонуний “ойлик тўлов” жорий этган жиноий гуруҳ фош этилди.

Фото: Видеодан кадр

Йил бошидан буён ИИВ ТҚД ва унинг ҳудудий бўлинмалари республика миқёсида товламачилик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида кучайтирилган тезкор тадбирлар ўтказмоқда.

Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг аризасига кўра, вилоят ҳудудидан Тошкент шаҳри Яшнобод тумани йўналишида такси хизмати кўрсатувчи ҳайдовчиларга босим ўтказиб, таҳдид қилиш орқали ноқонуний даромад орттириш мақсадида ўзбошимчалик билан “ойлик тўлов” жорий этган гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

Маълум қилинишича, гуруҳ етакчиси сифатида Алимқулов Шерзод Умаралиевич (лақаби “Бичок”), 1989 йилда туғилган, муқаддам 3 маротаба ЖКнинг 277-моддаси билан судланган шахс кўрсатилган. У жиноий шериклари билан биргаликда “Дамас” автомашинаси ҳайдовчисига зўрлик ишлатиб тан жароҳати етказгани ҳамда унинг тирикчилик манбаи бўлган автомашина калитини мажбурий тарзда олиб қўйгани айтилмоқда.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари ҳайдовчиларнинг белгиланган йўналишда ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб келган. Ариза муаллифини ҳаёти ва соғлиғига зиён етказиш билан қўрқитиб, Яшнобод тумани ҳудудида қатновни давом эттириши эвазига олдиндан 2 ойлик тўлов сифатида 810 АҚШ доллари олган. Кейинги тўловларни тўлиқ беролмагани сабаб ҳайдовчининг йўналишга чиқиши ўзбошимчалик билан тақиқлангани билдирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ етакчиси ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ахборотида таъкидланишича, давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномасида қайд этганидек, сўнгги пайтларда ўзини қонундан устун қўяётган товламачи тўдаларга қарши бутун жамият билан биргаликда кураш олиб борилади.

ИИВ жиноий гуруҳ ҳаракатларидан жабр кўрган фуқароларни ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилишга чақириб, мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид