Ўзбекистон | 11:36 / 03.03.2023
10063
4 дақиқада ўқилади

Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ўғирлик деб белгиланмоқда 

2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.

Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси бугун ўз ишини давом эттирмоқда. Сенаторлар “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар салмоғи ортиб бормоқда. Хусусан, Бош прокуратура томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври юзасидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 млрд 144 млн сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.

Мазкур қонун ушбу муаммоларни бартараф этиш билан бирга энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. Хусусан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутиляпти.

Шу билан бирга, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад экани белгиланмоқда.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда”, — дейилади Сенат хабарида.

Сенат раиси Танзила Норбоева бугунги кунда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали уларни аҳолига янада ишончли, барқарор ва етарлича етказиб берилишини таъминлаш ҳамда тизимда турли талон-торожликларнинг олдини олишда бундай қонунларга эҳтиёж катта эканини таъкидлади:

Электр, газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида қонунга хилоф равишда фойдаланиш – ўғирлик деб белгиланмоқда. Сабаби оддий: мазкур неъматлар халқимизники, яъни кўпчиликнинг ҳақи. Шундай экан уларни талон-торож қилиш, ўғирлаш кўпнинг ҳақига хиёнат қилиш билан баб-баравар. Демак, жавобгарлик ҳам шунга яраша қатъий бўлади.

Киритилаётган нормаларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочилар ўртасида кенг тушунтиришга жиддий эътибор қилиш талаб этилади. Қонунда бу вазифа асосан Бош прокуратура ва Энергетика вазирлиги зиммасига юклатилган. Бироқ бу масалада парламент ва жамоатчилик таъсирини ҳам ошириш зарур”.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид