Ўзбекистон | 12:38 / 25.11.2024
33095
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ёрдамчиси ва унинг ДХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган акаси ишдан олинди

Давлат хавфсизлиги хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ва бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров (улар ака-ука) ишдан олинган. Уларнинг бир вақтда ишдан бўшатилиши Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ.

Сарвар Ашуров / Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан ўтказилаётган текширувлар доирасида яна икки амалдор ишдан олингани ойдинлашди.

Бош вазир матбуот котибининг хабар беришича, Ашуров Сарвар Ғаниевич бош вазирнинг ёрдамчиси – бош вазир қабулхонасининг мудири лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамаси котибияти мудирининг ўринбосари – бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ибрагимов тайинланган.

Kun.uz манбасига кўра, Сарвар Ашуровнинг Давлат хавфсизлик хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган акаси полковник Ашуров Алижон Ғаниевич ҳам ишдан бўшатилган.

Улар Алламжоновга қилинган суиқасд ишини фош этишга тўсқинлик қилгани айтилмоқда.

Аввалроқ ушбу жиноят иши бўйича олиб борилаётган терговга боғлиқ ҳолатда ДХХ раиси Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров ҳам ишдан олинган эди.

Мавзуга оид