Жамият | 15:51 / 07.05.2021
15491
3 дақиқада ўқилади

Пенсия ва нафақа пуллари кечикишига қарши янги чора қўлланади

Пенсия ва нафақаларни тарқатишда Халқ банки монополияси бекор қилинади. Бу ҳуқуқ тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилотга берилади. Тўловлар кечикса, етказиб берувчи жаримага тортилади.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Муҳаммадзоир Ўринбоев АОКАдаги брифингда тизимга киритилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Президент қарори асосида, 2022 йил 1 январдан бошлаб пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда ҳудудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.

Тендер танловида пенсия ва нафақа олувчиларга энг яхши ва қулай шароит ҳамда арзонроқ хизмат ҳақи таклиф этган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот ғолиб деб белгиланади.

Бундан асосий мақсад – тижорат банклари ўртасида соғлом рақобат муҳити яратиш ва пенсия ва нафақаларни етказишда шароитларни яхшилаш, деди Муҳаммадзоир Ўринбоев.

Маълумот учун, бугунги кунда ушбу тўловлар фақат Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилмоқда ва бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи тўланмоқда.

Янги тартибга кўра, тендерда ғолиб чиққан етказиб берувчилар ўз хизмат ҳақлари миқдорини:

  • маблағни яшаш манзилига ёки МФЙ биносига етказиш шартларидан келиб чиқиб,
  • дифференциялашган тартибда,
  • сумманинг 1 фоизигача белгилаши мумкин.

Пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиб бериш бўйича хизмат ҳақи харажатлари Пенсия жамғармаси ва республика бюджетидан тўлаб берилади. Яъни фуқароларнинг пенсия ва нафақа суммасидан хизмат ҳақи ушланмайди.

Бундан ташқари, ушбу тизим жорий этилиши натижасида фуқароларга қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилади:

  • «режали тўлов» хизмати жорий этилиб, фуқаролар хоҳишига кўра, ўзларининг пенсия ва нафақаларидан коммунал тўловлари, кредит ёки бошқа тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади;
  • фуқароларга исталган вақтда тижорат банки ва Пенсия жамғармасига келмаган ҳолда, мобил илова ёрдамида ёки колл-марказга мурожаат қилиш орқали ўзларининг пенсия ва нафақаларини олиш шаклини (нақд пулда ёки банк картаси орқали) ўзгартириш имконияти яратилади;
  • пенсия ва нафақаларни етказиб бериш кечиктирилгани учун етказиб берувчиларни жаримага тортиш тартиби жорий этилади.

Юқоридаги тартиб 2022 йил 1 январдан амал қила бошлайди.

2022 йил 1 июлдан бошлаб, пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган фуқаролардан фақат паспорт ёки ID-карта сўралади.

Мавзуга оид