Жаҳон | 18:49 / 05.01.2026
3823
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ собиқ президентлари орасида энг юқори пенсияни олиши аниқланди

Йилига 417 минг доллар миқдоридаги пенсия Байденнинг узоқ йиллик давлат хизмати билан изоҳланади.

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Жо Байден йилига тахминан 417 минг доллар давлат пенсиясини олади, бу унинг Оқ уйдаги президентлик маошидан ҳам (йилига 400 минг доллар) кўпроқ. Бу ҳақда The New York Post хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, бундай катта миқдордаги тўловлар Байденнинг узоқ йиллик давлат хизмати билан изоҳланади. АҚШ собиқ президентининг одатдаги пенсиясидан ташқари, у собиқ сенатор ва вице-президент сифатида ҳам тўлов олади, бу биргаликда рекорд миқдорни ташкил қилади.

АҚШ собиқ президентлари тўғрисидаги қонунга (Former Presidents Act) кўра, улар федерал вазирларнинг маошига боғлиқ тарзда, йилига ўртача 200-250 минг доллар атрофида бўлган умрбод давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.

Маълумотларга кўра, собиқ президент Барак Обама ойига тахминан 17 минг доллар (йилига тахминан 204 минг доллар) пенсия олади. Кенжа Жорж Буш - ойига тахминан 16 минг доллар (йилига тахминан 192 минг доллар).

Шундай қилиб, Жо Байден пенсияси ҳозир ҳаёт бўлган бошқа собиқ президентларга қараганда сезиларли даражада юқори, бу эса ҳолатни ноёб қилади ва аллақачон Америка оммавий ахборот воситаларида фаол муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид