Жамият | 10:17 / 25.03.2026
9871
4 дақиқада ўқилади

Безориликка ўзгартирилган қотиллик иши: Тафтиш Қашқадарёда кўриладиган бўлди

Олий суд Шўрчи деҳқон бозорида содир этилган жиноят ишини тафтиш тартибида кўришни Сурхондарёдан Қашқадарё вилояти судига ўтказди.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судида ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик, деб топган ишни Сурхонддарё вилоят суди апелляция инстанциясида безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишга ўзгартириб, маҳкумларга тайинланган жазони енгиллаштирганди.

Шўрчи деҳқон бозорида содир этилган жиноят иши тафтиш тартибида Қашқадарё вилояти судида кўриладиган бўлди. Бу ҳақда марҳум (жабрланувчи)нинг турмуш ўртоғига Олий суддан юборилган жавоб хатида маълум қилинган.

Унда ёзилишича, Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “л, п” бандлари билан судланган Улуғбек Бўриев ва бошқаларга оид жиноят иши қонуний ҳал этиш учун Қашқадарё вилояти судига юборилган. Унга қадар мазкур иш Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг иш юритувида эди. Марҳумнинг яқинлари тафтиш Сурхондарё судида кўрилиши холисликка путур етказишидан хавотир билдиришганди.

Шўрчи воқеаси

Жиноят 2025 йил 16 июл куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги деҳқон бозорида содир этилган. 1990 йилда туғилган Улуғбек Бўриев ўзига қўшни ошхона эгаси – 1987 йилда туғилган Элбек Эшматов билан жанжаллашган. Ошхона эгалари бир-бири билан муштлашиб, ёқалашаётганда ҳар икки томоннинг яқинлари, ўтиб-қайтувчилар уларни ажратиб қўйишга уринишган. Шунда Улуғбек Бўриевнинг ошхонасида ишловчи 16 ёшли жияни Озодбек Болтаев 30 см.дан узунроқ кабоб сихини олиб чиқиб, тоғаси билан уришаётган Элбек Эшматовнинг орқасидан кўкрак қафасига санчган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, кабоб сихи Элбек Эшматовнинг қовурғалари орасидан кириб, чап ўпкасини тўлиқ тешиб ўтган. У бунинг оқибатида вафот этган.

Дастлабки суд ҳукми билан тоға ва жиян Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л, п” бандлари, яъни безорилик оқибатида бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этишда айбли деб топилган. Улуғбек Бўриевга 15 йил 6 ой, Озодбек Болтаевга 9 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 27 январдаги ажрим билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилган. Унга кўра, Озодбек Болтаевнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди, яъни қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши, Улуғбек Бўриевники эса Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди – жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб безорилик содир этиш билан қайта малакаланган. Жияннинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо муддати 9,5 йилдан 7 йилга, тоғаники эса 15,5 йилдан 5 йилга туширилган.

Марҳумнинг яқинлари буни адолатсиз деб ҳисобламоқда. Ҳолатга муносабат билдирган Сурхондарё вилояти суди суд қарорларининг адолатлилигига тафтиш инстанция суди ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид